Нишонда аниқлик, мақсадда қатъият: Содиқжон Абдуллаевнинг юксалиш йўлиAsian Rifle-Pistol Championship 2026 New Delhi at Dr Karni Singh Shooting Range, Tughlakabad, New Delhi, India © Adimazes

                                                                                                                          Ифтихор

Бугунги глобаллашув даврида спорт нафақат жисмоний куч синови, балки миллат шаъни ва ғурурини намоён этадиган юксак майдонга айланган. Ана шундай майдонда янги авлод вакиллари орасидан ўзининг қатъияти, интизоми ва машаққатли меҳнати билан ажралиб чиқаётган ёш истеъдодлар кўзга ташланмоқда. Улар сафида «ўқ отиш» спорт тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Содиқжон Абдуллаев алоҳида эътибор қозонмоқда.

2005 йил 11 март куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида дунёга келган Содиқжонда спортга бўлган қизиқиш бежиз уйғонмаган. 2019 йил январь ойида у илк бор машғулотларга киришар экан, бу йўлда энг биринчи устоз сифатида отаси Тоҳиржон Абдуллаев ёнида бўлди. «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши Косонсой тумани ўқув спорт техника клубида ўтказилган машғулотлар ёш спортчининг ҳаётида бурилиш нуқтасига айланди. «Ўқ отиш» ва «ёзги биатлон» бўйича олинган дастлабки сабоқлар унда нафақат техник кўникмаларни, балки сабр, диққат ва ирода каби муҳим фазилатларни шакллантирди.

Нишонда аниқлик, мақсадда қатъият: Содиқжон Абдуллаевнинг юксалиш йўли

Спортчининг кейинги ривожланиш босқичи тажрибали мураббийлар Муҳаббат Кондакова ҳамда Татьяна Тарасова билан боғлиқ. Уларнинг раҳбарлигида Содиқжон ўз устида тинимсиз ишлади, мураккаб машқларни пухта ўзлаштирди ва энг муҳими, мусобақалардаги руҳий босимни енгиб ўтишни ўрганди.

2022 йил ёш спортчи учун муҳим бурилиш даври бўлди. Ўзбекистон чемпионатида 25 метр масофага мўлжалланган майда калибрли пистолет (МП-5) машқида 3-ўринни эгаллаши унинг катта спорт сари дадил қадамини кўрсатди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Кубогида 10 метр масофада пневматик пистолет (ПП-3) машқида ғолиб чиқиб, спорт устаси номзодлигини қўлга киритди. Айнан шу натижалар унинг миллий терма жамоага қабул қилинишига мустаҳкам замин яратди.

Халқаро майдондаги чиқишлар эса қаҳрамонимизнинг салоҳиятини янада яққол намоён этди. 2022 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё чемпионатида жамоавий баҳсда бронза медални қўлга киритган ёш спортчи илк бор йирик аренада ўз номини танитди. 2023 йилги Жаҳон чемпионатида 4-ўринни эгаллаши эса унинг имкониятлари бундан ҳам кенг эканини кўрсатди. Минск шаҳрида ўтказилган МДҲ ўйинларида қўлга киритилган бронза медал Содиқжоннинг барқарор ўсишда эканини тасдиқлади. 2025 йилда Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида 4-ўрин, «В. Почивалов» халқаро турнирида эса кумуш медаль буларнинг барчаси изчил меҳнат маҳсули эди.

Нишонда аниқлик, мақсадда қатъият: Содиқжон Абдуллаевнинг юксалиш йўли

Ички мусобақаларда ҳам у етакчилар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. 2023 йилда Ўзбекистон Кубоги ва очиқ чемпионатларда бир нечта йўналишларда юқори натижаларга эришди. 2024 йилги чемпионатларда совринли ўринлар билан чекланиб қолмади, балки ўз устида ишлашни янада кучайтирди. 2025 йил эса унинг учун алоҳида аҳамият касб этди мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ғалабалар ва юқори натижалар кетма-кетлиги кузатилди.

2026 йил февраль ойида Ҳиндистоннинг Ню-Дели шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати Содиқжон Абдуллаев фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Ҳал қилувчи паллаларда совуққонликни сақлаб қолган ҳолда у якунда 2-ўринни эгаллади. Кумуш медаль бу шунчаки натижа эмас, балки йиллар давомида тўпланган тажриба, ирода ва ишончнинг мужассам ифодаси бўлди.

Содиқжон Абдуллаевннинг ҳаёти фақат спорт билан чегараланмайди. У Алфраганус университетининг жисмоний тарбия ва спорт факультети 4-босқич талабаси. Бу эса унинг келажакда кенг дунёқарашга эга, етук мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилади.

Эътиборлиси, унинг йўли оддий ғалабалар кетма-кетлигидан иборат эмас. Ҳар бир медаль ортида тонг саҳардан бошланган машғулотлар, юзлаб такрорланган зарбалар, ички кураш ва синовлар ётади. Нишонга қарата босилган ҳар бир ўқ бу нафақат спорт ҳаракати, балки аниқ мақсад сари йўналтирилган қатъий қарорнинг ифодасидир.

Нишонда аниқлик, мақсадда қатъият: Содиқжон Абдуллаевнинг юксалиш йўли

Содиқжон Абдуллаев бугун ўзбек спортининг эртанги куни ҳақида ишонч билан гапириш имконини бераётган ёшлардан биридир. Унинг ютуқлари ёшлар учун ибрат мактаби, орзулар сари дадил қадам ташлашга ундовчи кучдир. Энг муҳими, у аллақачон катта саҳнага чиқди, энди эса бу саҳнада ўз сўзини янада баландроқ айтиш фурсати етиб келмоқда.

Санжарбек  ҲАМИДОВ.