Ҳабиб Саъдулла номи, унинг сўзлари ва товушлари Наманганда фақат шеър эмас, балки инсонлар юрагининг бир бўлагидир. Унинг қаламидан тўкилган сатрлар, манзурнафас ҳофизлар оҳангида қайта сайқалланиб, ўзбек маданиятининг севги ва хотира манбаларидан бирига айланган.
Шоир ижодини кўп йиллар давомида кузатиб ғойибона муҳлисига айлангандим. Аммо юзма-юз учрашгач, соҳир шеър дунёсининг жонли кўзлари борлигини ҳис қилдим. Бу ҳузурли хотираларимни бугун унинг мухлисларига етказмоқчиман.
2002 йилнинг найсонли кунлари эди. Севимли шоиримизнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан Наманганда катта байрам бошланди. Ўша кунларда шаҳарда ижод аҳли, санъаткорлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари бир жойга тўпланди. Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали театридаги тадбир мен учун ҳам ўзгача руҳий бойлик бўлди: тадбир бутунлигича фақат Ҳабиб Саъдулла ижодига мансуб қўшиқлар ижросига бағишланган эди. Залга йиғилганлар орасида элимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари, санъат аҳллари, айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Озод Шарофиддинов, Абдулла Орипов, Саид Аҳмад, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимовлар борлигини кўриш – бу байрамнинг қанчалик катта ва сидқидил ўтказилганидан дарак берарди.
Даставвал Камолиддин Раҳимов ижросида шоир шеърларига басталанган куй-қўшиқ жаранглади. «Кўчамдан жанон ўтганда…» қўшиғи зални сеҳрлаб, норасмий бошланишдан профессионал маромга ўтди. Бу қўшиқларда шоирнинг сўзлари нафақат эшитилди, балки улар қалбларга инди.
Уйчилик манзурнафас хонанда Рустам Мамадалиев ижросидаги «Севиб қолдим билиб билмай» қўшиғи менда ҳам кўп қатори алоҳида таассурот қолдирди.
Тадбирдаги бир сўз – Саид Аҳмаднинг эътирофи мени чуқур ўйга толдирди: «Ҳамма машҳур бўлиш, таниқли бўлиш учун Тошкентга интилади, Тошкентда ижод қилади. Лекин Ҳабиб Саъдулла ўзи туғилган Наманганда қолиб ижод қилди. Бугун эса Тошкент Ҳабиб Саъдулланинг олдига келди».
Бу ибора зални қучоқлаб олгандек бўлди: халқ ижодкорининг ўз юртида қолиб, бевосита халқ билан мулоқотда бўлиб ижод қилгани замирида қандай улуғворлик борлигини англатарди.
Шундай хотиралардан бирини мен ҳаётимга олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйганман. 2002 йилнинг август ойида бизнинг хонадонда тўй бўлди – амакимнинг қизи узатилди. Оила даврасидаги бу хурсандчиликни янада унутилмас қилган жиҳат – севимли шоиримиз Ҳабиб Саъдулланинг келгани бўлди. Ўша лаҳза мен учун оддий бир меҳмон эмас, балки ҳаётимга нур берадиган юлдуз уйимизга кириб келган эди.
Дадам ва амакиларим шоир билан суҳбатлашиб, хотиржам гаплашиб ўтиришди. Суҳбат чоғида дадам мени чақириб, шоир билан таништирдилар. «Бу ўғлимиз адабиётга, айниқса журналистикага қизиқади», – деб айтдилар. Шунда Ҳабиб ака меҳрибонлик билан жилмайиб, мен билан қўл бериб сўрашди. Сўнг ёнида турган шофёрларини чақириб:
– Машинадан икки томли танланган асарларни олиб кел, – дедилар.
Орадан кўп ўтмай, шофёр қўлида икки жилдлик катта китобни олиб келди. Ҳабиб ака китобларни менга узатар экан, «Бу мендан сизга эсдалик, дастхатини кейин ёзиб бераман», – деб айтдилар.
Ана шу сўз, ана шу лаҳза менинг ҳаётимда энг қадрли хотиралардан бирига айланди. Аммо ҳаёт кутилмаган ҳодисалар билан тўла. Анча ўтиб, шоирнинг вафоти бу китобни дастхатсиз қолдирди. Шу китобга кўзим тушганида, ўша байрам, ўша таъсирлар кўз олдимда гавдаланади: залда янграган қўшиқлар, Саид Аҳмаднинг устоз ҳақидаги эътирофлари, Камолиддин Раҳимов ва Рустам Мамадалиевнинг оҳанглари – булар ҳаммаси менинг хотирамдан жой олган. Ўчмас ва ҳамиша ёрқин хотиралар орасида, машҳур шеърлар билан бирга, Ҳабиб Саъдулланинг оддий, инсоний меҳр-шафқати ҳам ёдимда.
Наманган шаҳрида туғилиб, шу юртда муқим яшаб ижод қилган шоирнинг йўли бу – юртга ва ҳамюртларга садоқатнинг ўзига хос мисоли. Кўплаб ижодкорлар катта шаҳарларга кўчиб, эътибор ва танилишни излайди. Ҳабиб Саъдулла эса Ватани, халқининг ҳаёти ва мангулик маданиятига хизмат қилиб, уни асл гўзалликда сақлашга ҳаракат қилди. Шу орқали унинг асарлари нафақат сатрлар тўплами, балки оддий одамларнинг ҳаётий кураши, севгиси, умиди ва қайғулари ҳамда хотираларининг акс-садоси бўлиб қолди.
Шоир ижодининг мусиқий талқини – бу алоҳида олам. Кўплаб машҳур хонандалар Ҳабиб Саъдулла шеърларидан қўшиқлар яратиб, уларни халқ орасига ёйдилар. Ижрочиларнинг маромга етказган талқинларида сўзнинг ўзи янги ҳаёт топди: бу қўшиқлар кўнгилларга сингиб, шоир меросининг оммавий таъсирини оширдики, замондошларимиз ҳайрати оша янги авлод мусиқий дидига ҳам ёғду таратиши шубҳасиз.
Мен учун эса шоир билан бўлган юзма-юз учрашув фақат эсдалик эмас, балки ижодий илҳом манбаидир. Китобнинг дастхатсиз қолиши бир томондан аччиқ, лекин бошқа томондан, у менга шоирнинг кулгуси, сўзлари ва меҳрибонлигини ёдим зарварақларига унутилмас нафаси билан муҳрлади. Ҳар гал дастхатсиз китобга назар ташлаганимда, шууримда ўша августнинг нурли лаҳзалари, тўйнинг шовқини, театрдаги маром ва зални қамраб олган ҳислар жонланади…
Ҳабиб Саъдулла – Наманганнинг эрка ўғлони эди. Унинг асарлари эса аҳли Наманганнинг уйғоқ юрагига абадий мазмундир. Унинг шеърлари ва куйга солинган ҳикматли байтлари ижрочиларимиз яратган талқинлар билан бир-бирини тўлдириб, ўзбек маданиятининг бой хазинасини ташкил этади. Дастхат қўйилмаган китоб эса менинг учун шоир билан бўлган осмоний боғланишнинг эсдалик рамзидир. У менга китобларни, мусиқани ва инсонлар билан алоқаларни қандай қадрлаш кераклигини мудом эслатиб туради.
Ҳабиб Саъдуллани ҳурмат қилганлар, унинг асарларига меҳр қўйганлар ва уни эслаб қолган ҳар бир инсон учун бу хотиралар — яна бир умр давомида жонли қолади. Чунки шоирнинг сўзлари – оддий қоғозда ёзилган ҳарфлардан кўра кўпроқдир: улар одамлар қалбини бирлаштиради, тарихни ёдда тутишга ёрдам беради ва аввало, бизнинг ўзлигимизни мустаҳкамлайди. Ҳабиб Саъдулла бугун орамизда йўқ, лекин унинг ижоди билан боғлиқ лаҳзалар биз билан яшаяпти. Демак, шоир ҳаёт!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
