Наманганда сунъий интеллект асосида ишлайдиган янги ахборот платформаси иш бошлади

Наманган вилоятида сунъий интеллект имкониятлари асосида ишлайдиган янги технологик ахборот лойиҳаси – Terabit.uz веб сайти ҳамда унинг (terabit_uz) телеграм канали фаолияти йўлга қўйилди. Лойиҳа Хайрулло Мелибоев ташаббуси билан амалга оширилган бўлиб, унинг асосий мақсади технология соҳасидаги янгиликларни ўзбек тилида тезкор ва тушунарли шаклда етказиб беришдан иборат.

Платформа хорижий технологик нашрлар ва IT йўналишидаги ахборот манбаларида эълон қилинаётган мақолаларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади, ўзбек тилига таржима қилади ҳамда қайта ишланган ҳолда фойдаланувчиларга тақдим этади. Мазкур лойиҳа оддий таржима саҳифаси эмас. Ҳар бир материал ўзбек ўқувчиси учун тушунарли шаклда қайта ишлаб берилади, мураккаб технологик атамалар изоҳланади, мақолалар соддалаштирилган ҳолда равшан услубда эълон қилинади.

Сайтда бир нечта аниқ йўналишлар шакллантирилган. Хусусан, дастурлар ва операцион тизимлар, IT соҳасидаги етакчи компаниялар фаолияти, мобил қурилмалар, ноутбуклар, технология, сунъий интеллект ҳамда киберхавфсизликка оид материаллар мунтазам жойлаб борилмоқда. Платформа ҳозирнинг ўзида барқарор ахборот оқимини йўлга қўйган бўлиб, кун давомида ўртача 5–8 та янги мақола эълон қилинмоқда.

Лойиҳа муаллифи Хайрулло Мелибоевнинг таъкидлашича, платформа технология янгиликларини ўзбек тилида кузатиб бораётган ўқувчилар учун мўлжалланган. Айниқса, IT соҳасига қизиқаётган мактаб ўқувчилари ва талаба-ёшлар учун бу манба технологик янгиликларни тезкор ва тушунарли шаклда олиш имконини яратади.

Платформани ривожлантириш доирасида яқин вақт ичида сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш, тўғри промпт ёзиш, IT соҳасига оид амалий видео қўлланмалар тайёрлаш ҳамда технологик контентни ижтимоий тармоқлар орқали кенгайтириш режалаштирилган. Асосий мақсад ўзбек тилида фаолият юритадиган ва сунъий интеллект имкониятлари асосида ишлайдиган мустақил технологик ахборот платформасини шакллантиришдир.

Бундай лойиҳалар ҳудудларда рақамли маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, ўзбек тилида технологик контентга эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда, Terabit.uz сингари ташаббусларнинг пайдо бўлиши ёшлар учун янги имкониятларни очмоқда.

                                                                                                                                                                                                                                                                           Санжарбек ҲАМИДОВ.