Тўрақўрғонлик 76 ёшли онахон томорқасида гидропоника усулида қулупнай етиштирмоқда

 Туманнинг «Соҳилобод» маҳаллада яшовчилар асосан боғдорчилик билан шуғулланади. Ястаниб ётган токзорлар, шафтолизор ва бодомзорлар туфайли аҳоли бандлиги таъминланган, ишсизлар йўқ ҳисоби, камбағал оилалар сони жуда кам.

Оминахон Аюпова 10 сотихли томорқасида беш йил аввал иссиқхона ташкил этганди. Аввалига помидор, бодринг экилди. Уч йилдирки, гидропоника усулида қулупнай кўчатларини парваришлаб келмоқда.

– Октябрь ойида экилган кўчатлар бир йил давомида ҳосил беравераркан. Баҳору ёз, кузу қиш хонадонимиздан харидорлар аримайди,-дейди онахон.

Айни пайтда қулупнай пишган ва ички бозорда 180-200 минг сўмдан сотиляпти. Йиллик даромад 60-70 миллион сўмга боради. Бундан ташқари, сўрилар тагидаги лимон кўчатлари ҳам ҳосилга кирган.

Бундай томорқани хазинага айлантираётган оилалар барча маҳаллаларда кўплаб топилади.