Сўнгги йилларда Наманган вилоятида йўл қурилиши оддий инфратузилма янгиланишидан кенгроқ мазмун касб этмоқда. 14336 километрлик транспорт тармоғи ҳудуд иқтисодиёти, ички бозор ва аҳоли ҳаракатчанлигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу жараён вилоят миқёсидаги ўзгариш эмас, балки ҳудудий ривожланиш моделига айланаётган тажрибадир.
Ҳудуд тараққиёти кўпинча йирик саноат лойиҳалари ёки инвестиция ҳажми билан ўлчанади. Аслида эса иқтисодий ўсишнинг энг барқарор омили – инфратузилма. Йўл мавжуд бўлган жойда бозор кенгаяди, логистика арзонлашади, хизмат кўрсатиш сектори жонланади. Наманган вилоятида айнан шу тамойил асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда жами 14336 километр йўл мавжуд. Шундан 3377 километри умумий фойдаланишдаги, 10959 километри ички хўжалик йўллари ҳисобланади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ички йўллар улуши асосий магистраллардан уч баравар кўп. Бу эса эътибор фақат транзит йўналишларга эмас, аҳоли яшаш ҳудудларига ҳам қаратилганини англатади.
Йўл қопламаси таркиби ҳам жараённинг кўламини кўрсатади: 8536 километр асфальт, 120,3 километр цемент-бетон, 4453,3 километр шағал, 1226,4 километр тупроқ йўллар… Демак, модернизация босқичма-босқич амалга оширилмоқда, мавжуд тармоқни сақлаш билан бирга сифат жиҳатидан янгилаш жараёни ҳам кетмоқда.
Умумий фойдаланишдаги йўлларнинг 3229 километри вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси, 148 километри «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ДМ тасарруфида. Аҳамияти бўйича 77 километр халқаро, 1062 километр давлат, 2238 километр маҳаллий аҳамиятдаги йўллар мавжуд. Бу кўрсаткичлар Наманганнинг республика транспорт тизимидаги стратегик ўрнини белгилайди.

Ички хўжалик йўллари таркибида эса 3281,2 километр шаҳар кўчалари, 546,9 километр туман марказлари кўчалари, 1293,6 километр шаҳар ва овул аҳоли пунктлари кўчалари, 1135,6 километр бошқа ички йўллар мавжуд. Айнан шу қатлам иқтисодий фаолликнинг энг қуйи бўғини маҳалла ва қишлоқ даражасида ҳаракатни таъминлайди.
Вилоятда жами 879 та кўприк фойдаланувда. Шундан 459 таси вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси, 19 таси «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, 43 таси сув хўжалиги, 358 таси маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида. Кўприклар сони ва бошқарув тизимининг аниқ тақсимлангани инфратузилманинг институционал асослари шаклланганини кўрсатади.
2025 йил инфратузилма янгиланишида муҳим босқич бўлди. Йил давомида 1488 километр йўлда ҳамда 8 та кўприкда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу тармоқнинг сезиларли қисми сифат жиҳатидан янгиланди дегани.
«Ташаббусли буджет» механизми орқали ички ҳудудлардаги жараён янада жадаллашди. 2025 йил биринчи мавсумида 85 та обектда 288,2 километр ички йўл 108,1 миллиард сўм эвазига таъмирланди. Иккинчи мавсумда эса 128 та объектда 444 километр йўлни 171,5 миллиард сўм ҳисобидан янгилаш белгиланди. Бу нафақат молиявий кўрсаткич, балки инфратузилма масаласида жамоатчилик ташаббуси кучайиб бораётганини англатади.
Олдинга қўйилган режалар ҳам аниқ. 2026 йилда 103 та обектда 550 километр автомобил йўлларини таъмирлаш кўзда тутилган. Бу давомийлик инфратузилма сиёсати эпизодик эмас, тизимли характер касб этганини тасдиқлайди.
Наманган тажрибаси нимани кўрсатмоқда? Аввало, инфратузилма бу харажат эмас, инвестиция. Йўл қурилган ҳудудда иқтисодий айланиш тезлашади, маҳсулот етказиб бериш муддати қисқаради, транспорт таннархи камаяди. Ички йўлларнинг яхшиланиши эса кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасига бевосита туртки беради.
Энг муҳими, янгиланиш марказ билан чекланмаяпти. 14336 километрлик тармоқнинг катта қисми ички ҳудудларга тўғри келаётгани ривожланиш фалсафаси марказдан чекка ҳудудга эмас, ҳудуддан марказга тамойили асосида қурилаётганини англатади.
Йўл бу оддий асфальт эмас. У ҳудуд иқтисодиётининг қон томири. Намангандаги бугунги жараён эса инфратузилма орқали ўсиш мумкинлигини амалий мисолда намоён этувчи мезон!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
