Наманганда зира етиштириш тажрибадан ўтказилмоқда

Шу кунларда Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги  “Ихлоса Фотима Ҳусанбой” фермер хўжалигида 40 гектар пахта майдонига зира қўшимча экин сифатида экилмоқда.

Зира нафақат таомларга маза берадиган зиравор, балки саломатлик учун ҳам жуда фойдали маҳсулот ҳисобланиши яхши маълум. У азалдан халқ табобатида қўлланиб келинади. Зира ҳазм тизимини яхшилайди, иммунитетни кучайтириб,
қонни тозалайди. У темир манбаи, озишга ёрдам беради, хотирани яхшилаб, тери ва соч учун фойдали.

Илгари асосан импорт қилинган ёки тоғ ёнбағирларида ўсган ушбу қимматбаҳо зираворни оддий дала шароитида ҳам етиштириш мумкинлигини олимлар  илмий асослаган. Шу асосда ҳукумат қарори билан ҳудудларда тажриба тариқасида экиш тавсия этилди. Жумладан, бу йил Наманган вилоятидаги 112 та фермер хўжалигининг 400 гектар майдонида зира экиш режалаштирилган.