«Озодалик бор уйда барака бўлади.» Бу ҳикмат халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажрибаси ва маънавий қарашларининг ёрқин ифодасидир. Чунки покизалик ўзбек халқи учун шунчаки тартиб ёки тозалик эмас, балки оилавий тарбия, маънавият ва қадрият мезони бўлиб келган.
Ўзбек урф-одатлари азалдан ўзига хос тарбия мактаби вазифасини бажарган. Ана шундай бебаҳо қадриятлардан бири хонадон озодалигига бўлган эътибордир. Қадимдан совчилар қиз кўришга борганида аввало унинг ҳуснига эмас, оиласининг муҳитига назар ташлаган. Ҳовлининг саранжомлиги, ошхонанинг тартиби, идиш-товоқларнинг покизалиги, ҳатто ҳожатхонанинг озодалигигача кузатилган. Чунки улар яхши билишган: уйининг ҳар бир бурчагида тартиб ҳукм сурган хонадонда фарзанд ҳам одоб, масъулият ва фаросат билан улғаяди.
Бу оддий кузатув эмас, балки авлодлар синовидан ўтган ҳаёт фалсафаси эди. Покизаликни қадрлаган оилаларда барака ҳам, файз ҳам, меҳр ҳам бўлган.
Эсимни таниганимдан буён онамнинг бир одатлари қалбимда муҳрланиб қолган. Овқатланиб бўлганимиздан кейин косамизга чой қуйиб ичишни ўргатар, «Идишни тоза қолдиринг, бу ҳам савоб», дер эдилар. Ҳеч қачон идиш-товоқ овқат қолдиғи билан ташлаб қўйилмасди. Таом тугаши билан улар ювиб қўйилар, ошхонадаги челакдаги сувнинг усти очиқ қолдирилмас, ошхона эса доимо озода ва саранжом турарди. Ўша пайтда буни оддий одат деб қабул қилган бўлсам, бугун англайман: бу рўзғор юмуши эмас, балки тарбиянинг энг нозик ва энг таъсирчан сабоғи экан.
Покизалик бу фақат ювилган идиш ёки супурилган ҳовли эмас. У инсоннинг ички маданияти, масъулияти ва ҳаётга бўлган муносабатининг ифодасидир. Озодалик ҳукм сурган хонадонга файз киради, барака киради. Бундай ҳовлига қадам қўйган инсон беихтиёр ҳавас қилади. Чунки озодалик кўзга кўринадиган тартибдан ҳам аввал қалб тарбиясини намоён этади.
Бугун ота-онамиздан мерос бўлиб келаётган ана шу гўзал анъаналар келинларимиз орқали давом этаётганидан қувонамиз. Бу узвийлик хонадоннинг мустаҳкамлиги, оиланинг қадриятларга садоқати ва авлодлар давомийлигининг энг гўзал кўринишидир.
Афсуски, бугунги шиддатли ҳаёт айрим оилаларда бундай фазилатларнинг аста-секин унутилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Замон ўзгариши мумкин, турмуш тарзи янгиланиши мумкин, бироқ покизалик, саранжомлик ва рўзғор маданияти ҳеч қачон эскирмайди. Чунки улар миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмидир.
Бу мулоҳазалар кимларгадир оддий ёки эскича туюлиши мумкин. Аммо ҳақиқат шуки, халқнинг буюклиги фақат улкан бинолари ёки тараққиёти билан эмас, балки ҳар бир хонадонда асраб келинаётган қадриятлари билан ҳам белгиланади. Ўзбек оиласи азалдан меҳмондўстлиги, орасталиги ва покизалиги билан бошқаларга ибрат бўлиб келган. Бу фазилатлар тасодифан шаклланмаган, балки ота-оналар тарбияси, оилавий муҳит ва урф-одатлар орқали авлоддан авлодга ўтиб келган.
Биз қадриятларни тантанали минбарларда эмас, кундалик ҳаётимизда яшатсакгина уларнинг умри боқий бўлади. Фарзандларимиз покизаликни насиҳатдан эмас, ўзимизнинг амалий ибратимиздан ўрганиши керак. Чунки тарбия сўз билан эмас, ҳаёт тарзи билан сингади.
Бугун энг замонавий технологияларни ўзлаштиришимиз мумкин, энг улкан иморатларни бунёд этишимиз мумкин. Аммо агар хонадонимиздаги покизалик, саранжомлик ва оилавий қадриятларга бефарқ бўлсак, энг катта бойлигимизни йўқотамиз.
Шундай экан, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган бу бебаҳо одатни асрайлик. Уни фарзандларимиз қалбига сингдирайлик. Зеро, покизалик фақат озодалик эмас, балки ўзбек оиласининг шаъни, миллат тарбиясининг кўзгуси ва авлодларни бир-бирига боғлаб турувчи энг буюк қадриятлардан биридир.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
