Ўзбекистон-Озарбайжон: қардошлик ришталари аниқ ташаббуслар билан янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб, давлатлараро алоқалар ҳудудлараро шериклик учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақовнинг Озарбайжонга сафари ҳам мазкур ҳамкорликнинг амалий йўналишларини кенгайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Вилоят ҳокимининг ушбу сафари доирасида белгиланган вазифалар, истиқболли лойиҳалар ва кутилаётган натижалар ҳақида Шавкат Абдураззақов билан суҳбатлашдик.

Шавкат Шокиржонович, Озарбайжонга ташрифингиз доирасида Мингечевир шаҳар ижроия ҳокимияти билан музокаралар ўтказилди. Мазкур сафарнинг асосий мазмуни, эришилган келишувлар ва уларнинг Наманган тараққиётидаги ўрни ҳақида тўхталсангиз.

– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик бугун амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, ташрифимизнинг асосий мақсади Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳиятини Озарбайжон ҳудудлари ва ишбилармон доиралари имкониятлари билан уйғунлаштириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни шакллантириш ҳамда мавжуд алоқаларни аниқ натижалар билан мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Мингечевир шаҳри билан мулоқот давомида саноат кооперацияси, инвестиция, савдо-иқтисодий алоқалар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги шериклик ва тажриба алмашинуви учун истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди. Айниқса, икки ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини бир-бирини тўлдирадиган лойиҳаларга йўналтириш масаласига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон-Озарбайжон: қардошлик ришталари аниқ ташаббуслар билан янада мустаҳкамланади
Наманган бугун ишлаб чиқариш, экспорт, тадбиркорлик ва инвестиция йўналишларида катта салоҳиятга эга. Эндиги вазифа ушбу имкониятларни халқаро ҳамкорликнинг самарали механизмлари орқали янада кенгайтиришдир. Бунда асосий мезон учрашувлар сони ёки келишувларнинг ўзи эмас, балки уларнинг реал иқтисодий самара беришидир.

Шу боис Озарбайжон ишбилармон доиралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, Наманган маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш, илғор тажриба ва замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Давлатлараро дўстлик ва ишончнинг ҳудудлар даражасидаги амалий ифодаси, аввало, янги лойиҳаларда намоён бўлиши керак. Инвестиция, ишлаб чиқариш, экспорт ва янги иш ўринлари бундай шерикликнинг энг муҳим натижаларидир. Биз Озарбайжон билан тарихий қардошлик ришталарини ана шундай аниқ ташаббуслар билан янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Санжарбек ҲАМИДОВ.