Янги ўзбeкистон – янги имкониятлар мамлакати

Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқларидан бири – инсон қадрини улуғлаш тамойилининг давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганидир. Бугун ҳар бир фуқаронинг билим олиши, касб эгаллаши, ўз истеъдодини намоён этиши ва меҳнати билан жамият тараққиётига ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, илмий изланишлар олиб бориши ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириши учун қулай шароитлар яратилаётгани келажагимизнинг ёрқин кафолатидир.

Бугунги Янги Ўзбекистон – бу улкан бунёдкорлик, кенг қамровли ислоҳотлар ва ҳар бир фуқаро учун янги имкониятлар эшигини очаётган тараққиёт мамлакатидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим, илм-фан, тадбиркорлик, рақамли технологиялар, ёшлар сиёсати ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача бўлган барча босқичларда сифатни ошириш, замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, халқаро тажрибаларни ўзлаштириш ва илмий салоҳиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилмоқда.

Бу жараёнда олий таълим муассасалари зиммасига алоҳида масъулият юклатилган. Хусусан, Наманган давлат педагогика институти мамлакатимизда педагог кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш борасида фаол иштирок этаётган нуфузли олий таълим муассасаларидан биридир. Институтда бўлажак ўқитувчилар замонавий педагогик технологиялар, инновацион ёндашувлар ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигида таълим олмоқда. Келажак авлодни тарбиялайдиган фидойи педагогларни тайёрлаш орқали институт Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Институтда илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни инновацион лойиҳаларга жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий таълим технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш ва амалий натижаларга йўналтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар институтнинг илмий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Наманган давлат педагогика институтида нафақат малакали мутахассислар, балки юксак маънавиятли, ватанпарвар ва масъулиятли шахсларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар турли маънавий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар, танловлар, инновацион лойиҳалар ва кўнгиллилар ҳаракати орқали ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир

Янги Ўзбекистоннинг яна бир муҳим жиҳати – миллий қадриятлар ва замонавий тараққиётнинг уйғунлигидир. Аждодларимизнинг бой маънавий мероси, халқимизнинг меҳр-оқибат, бағрикенглик, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлари бугунги ислоҳотларнинг маънавий таянчига айланган. Шу билан бирга, дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш орқали мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига дадил қадам ташламоқда.

Бугун ҳар бир юртдошимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорига айланиш имкониятига эга. Илм олаётган талаба, фидокор устоз, шифокор, фермер, тадбиркор, олим ёки оддий меҳнаткаш – барчанинг саъй-ҳаракати мамлакат равнақи учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки тараққиёт фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг ҳамжиҳатлиги ва масъулияти билан таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон – бу улкан орзулар рўёбга чиқаётган, илм-фан ва таълим юксалаётган, меҳнат қадрланаётган ҳамда ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётган қутлуғ заминдир. Мана шундай Ватанда яшаш – энг улуғ бахт!

Муаттархон УСМОНОВА,
Наманган давлат педагогика институти
Креатив педагогика ва психология кафедраси доценти,
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).