Тараққиётнинг ҳақиқий қиймати фақат янги бинолар, замонавий технологиялар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан белгиланмайди. Унинг энг муҳим таянчи билимли, салоҳиятли ва мустақил фикрлайдиган инсон. Шу боис таълим ва илм-фанга йўналтирилган ҳар бир маблағ бугунги эҳтиёж учун қилинган харажат эмас, балки эртанги тараққиёт учун яратилаётган имкониятдир.
Инсонга берилган билим унинг ҳаётини ўзгартиради. Сифатли таълим олган ёш ўз касбини пухта эгаллайди, мустақил қарор қабул қилишни, муаммога ечим топишни ва янги ғояларни амалга оширишни ўрганади. Бир инсоннинг ютуғи эса кўп ҳолларда бир оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг манфаатига хизмат қилади.
Бугун дунёда рақобат фақат табиий бойликлар ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан белгиланмаяпти. Интеллектуал салоҳият, замонавий касблар, илмий тадқиқотлар ва инновацион ёндашув мамлакатлар тараққиётида ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Қайси юрт инсон ресурсларини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратса, унинг янги имкониятлар яратиш салоҳияти ҳам шунчалик юқори бўлади.
Шу нуқтаи назардан, мактаб, олий таълим муассасаси, илмий лаборатория ёки замонавий таълим лойиҳасига ажратилган маблағни оддий харажат сифатида баҳолаб бўлмайди. Унинг натижаси бир йилда эмас, йиллар давомида намоён бўлади. Бугун аудиторияда билим олаётган талаба эртага шифокор, муҳандис, ўқитувчи, тадбиркор, олим ёки бошқа соҳанинг етук мутахассиси сифатида жамият тараққиётига ҳисса қўшади.
Айниқса, ёшларни замонавий билим ва касбларга йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки меҳнат бозорида талаб тобора ўзгариб бормоқда. Дипломнинг ўзи эмас, унинг ортидаги билим, амалий кўникма, ташаббус ва масъулият мутахассиснинг рақобатбардошлигини белгилайди.
Илм-фанга эътибор эса тараққиётнинг яна бир муҳим йўналишини белгилайди. Янги технологиялар, илмий ишланмалар ва инновацион ғоялар иқтисодиётнинг янги тармоқларини шакллантириши, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириши ва мураккаб масалаларга замонавий ечимлар бериши мумкин. Тадқиқотчи ва олимнинг изланиши амалиётга татбиқ этилганида эса унинг самараси бутун жамият ҳаётида сезилади.
Бироқ инсон салоҳияти фақат давлат сиёсати билан шаклланмайди. Оиланинг фарзанд таълимига муносабати, устознинг меҳнати, ёшнинг ўз устида ишлаши, иш берувчининг ходим малакасига эътибори буларнинг барчаси ягона жараённинг муҳим қисмларидир.
Энг муҳими, билимга қилинган сармоянинг натижаси фақат рақамларда ўлчанмайди. У ўз касбини сидқидилдан бажараётган мутахассисда, янги ғоя устида ишлаётган ёшда, муаммога ечим излаётган тадқиқотчида, келажак авлодга сабоқ бераётган устозда намоён бўлади.
Шунинг учун бугун инсоннинг билим олиши ва салоҳиятини ривожлантириши учун яратилган ҳар бир имкониятни келажакка қўйилган қадам, деб баҳолаш мумкин. Моддий бойликнинг қиймати вақт ўтиши билан ўзгариши эҳтимол, аммо инсон онгига сингдирилган билим янги ғоялар, янги касблар ва янги имкониятлар учун замин яратади.
Келажак ўз-ўзидан барпо бўлмайди. Уни бугунги қарорлар, устувор вазифалар ва авлод тарбияси белгилайди. Шу маънода илмга йўналтирилган ҳар бир сармоя бир инсоннинг эмас, бутун жамиятнинг эртанги қиёфасига киритилган ҳиссадир.
Зеро, илмга тикланган сармоянинг энг катта даромади билимли авлод, кучли жамият ва барқарор келажакдир.
Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,
Чуст тумани бош имом хатиби.
