Янги ўқув йили арафасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактаб сумкасини тўғри танлаш ва тақиш бўйича тавсияларни эълон қилди. Унга кўра, нотўғри танланган ёки оғир рюкзак боланинг умуртқа поғонасига салбий таъсир кўрсатади; сумка оғирлиги бола вазнининг 10−15 фоизидан ошмаслиги лозим.
Бир неча кундан сўнг Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили бошланади. Шу кунларда энг кўп харид қилинадиган маҳсулотлардан бири мактаб сумкаларидир. Ўқувчилар учун сумка танлашда нималарга эътибор қаратиш керак?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати нотўғри танланган ёки ҳаддан ташқари оғир рюкзак боланинг умуртқа поғонаси ва мушакларига ортиқча юклама тушириши мумкинлигини эслатиб, сумка танловига оид маслаҳатлар билан бўлишди, деб ёзади gazeta.uz.
Сумка қандай бўлиши керак?
Ўлчами мос: боланинг орқа қисмига қулай жойлашиши керак.
Тасмалари кенг ва юмшоқ:
- елкага ботмайдиган бўлиши;
- юмшоқ ёстиқчали қопламага эга бўлиши мақсадга мувофиқ.
Матоси сув ўтказмайдиган:
- орқа қисми етарлича қалин ва юмшоқ бўлиши керак;
- китоб ва бошқа қаттиқ буюмларнинг боланинг бел ҳамда курак соҳасига ботишига йўл қўймаслиги лозим.
Оғирлиги қанча бўлиши керак?
Рюкзакнинг умумий оғирлиги бола вазнининг 10−15 фоизидан ошмаслиги керак:
- Кичик ёшдаги ўқувчилар учун: тахминан 3−5 кг;
- Ўрта синф ўқувчилари учун: тахминан 6−8 кг.
Қандай тақиш керак?
- Рюкзакни ҳар икки елкага баравар осиш керак.
- Сумка белдан жуда пастга тушиб кетмаслиги лозим.
- Рюкзакни фақат бир елкада олиб юриш тавсия этилмайди.
Буюмларни қандай жойлаштириш керак?
- Оғир буюмларни — рюкзакнинг ўрта қисмига;
- Енгил буюмларни — икки томонга мувозанатли жойлаштириш тавсия этилади.

