Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига кўра, Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ушбу моддада фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун энг зарур ижтимоий омиллардан бири бўлган уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи конституциявий-ҳуқуқий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.
Бунда уй-жойга эга бўлиш айрим тоифалар учунгина хос бўлган имтиёз эмас, балки барчага бирдай тегишли ҳуқуқ сифатида эътироф этилади. Яъни, ҳар бир фуқарода жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ҳамда мавқейидан қатъи назар уй-жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш, шунингдек, давлат органларидан ушбу ҳуқуқ бузилишини бартараф этишни талаб қилиш имконияти мавжуд.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг ушбу моддасида “Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги белгиланганидан сўнг Уй-жой кодекси ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жамият эҳтиёжлари ёки бошқа қонуний сабаблар билан кимнингдир уйи олиб қўйилса, унинг ўрни тўлдирилиши, шунингдек, мулкдор кўрган қўшимча зарарлар, кўчиш харажатлари, йўқотилган даромад, маънавий зарар ва бошқалар ҳам олдиндан ва адолатли тарзда қопланиши шартлиги белгиланди.
Таҳлил қилинаётган модданинг учинчи қисмига кўра, Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.
Ушбу норма ижросини таъминлаш мақсадида эса 2025-йил 19-ноябр куни “Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилиниб, 2040-йилга қадар ҳар йили қурилаётган уй-жойлар сонини икки бараварга ошириб, йилига 421 мингтага олиб чиқиш, 2040-йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Ушбу куни қабул қилинган ПҚ-347-сон Президент қарорига кўра эса, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддаси тўртинчи қисмида эса Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши акс этган.
Бунда кам таъминланганлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилалар, етим болалар ва бошқа эҳтиёжманд тоифалар учун алоҳида тартибда арзонлаштирилган, субсидияли ёки бепул бериладиган уй-жойларга эга бўлиш, уй-жой фондидан фойдаланган ҳолда яшаш имкониятларини яратиш назарда тутилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Коснтитуциянинг 47-моддасида уй-жойга эга бўлиш ҳар бир инсоннинг конституцион ҳуқуқи эканлиги; ҳеч ким асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги; давлат фуқароларнинг уй-жойга эга бўлиши учун шарт-шароит яратиши ҳамда бу борада эҳтиёжманд тоифаларни қўллаб-қувватлаши лозимлиги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қаторида белгилаб қўйилган.
Баҳодиржон КИМСАНОВ,
Норин тумани адлия бўлими,
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсулти.
