Тошкент инвестиция марказига айланди: Янги Ўзбекистоннинг ишонч формуласи

Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг юксак савияда ўтказилгани Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва инвестициявий жозибадорлиги тобора ортиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Дунёнинг турли давлатларидан келган инвесторлар, йирик бизнес вакиллари, халқаро молия институтлари ва экспертларнинг Тошкентда жам бўлиши мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ ва прагматик сиёсатга берилган юксак баҳодир.

Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда. Бугун мамлакатимиз нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Евроосиё ҳудудининг истиқболли инвестиция манзилларидан бири сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Форумда илгари сурилган ташаббуслар ва белгилаб берилган устувор вазифалар узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларини яққол намоён этди. Хусусан, келгусида йилига 15 миллиард доллар ҳажмдаги туризм хизматларини кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини бугунги 3,5 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган мақсадлар мамлакат иқтисодиётининг улкан салоҳиятини очиб беради.

Бу кўрсаткичлар шунчаки рақам эмас, балки минглаб янги иш ўринлари, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, инновацион технологиялар ва аҳоли фаровонлигининг ошишини англатади.

Айниқса, инвестицияларга фақат молиявий манба сифатида эмас, балки илғор технологиялар, замонавий бошқарув тажрибаси, илм-фан ва инновацияларни олиб кирувчи куч сифатида қаралаётгани таҳсинга лойиқ. Бу ёндашув иқтисодий ўсиш билан бир қаторда таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.

Форум доирасида Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий алянсини тузиш ташаббусининг қўллаб-қувватлангани эса Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги етакчи ролини яна бир бор намоён этди. Бу ташаббус келажакда ягона инвестиция маконини шакллантириш, трансчегаравий лойиҳаларни жадаллаштириш ва минтақанинг глобал иқтисодий жараёнлардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунё ҳамжамияти билан ўзаро ишонч, очиқлик ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Энг муҳими, халқаро инвесторлар мамлакатимизни барқарор, ишончли ва узоқ муддатли шерик сифатида қабул қилмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатнинг амалий натижаси, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва Янги Ўзбекистон ғоясининг ҳаётий ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат иқтисодий воқеа, балки Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги янги қиёфаси, ортиб бораётган халқаро нуфузи ва келажакка ишонч билан қараётган тараққиёт моделининг ёрқин намойиши сифатида тарихда қолади. Бугун биз мамлакатимизда юз бераётган улкан ўзгаришлардан фахрланишга, эришилган натижаларни юксак баҳолашга ва янада катта марралар сари дадил интилишга тўла асосга эгамиз.

Дилшод ХОЛМАТОВ,
University of Business and Science университети ректори.