Ўзбекистон ҳукумати маҳкумларни жазони ўташ даврида ўқиган китоблари бўйича тест синовларидан ўтказиш тартибини тасдиқлади. Энди муваффақиятли имтиҳон топширган талабгорнинг жазо муддати қисқартирилади. Аммо тартиб умрбодга озодликдан маҳрум этилганлар учун амал қилмайди.Ҳукумат қарорида талабгорлар тест синовларидан “Э-маҳкум” дастури орқали ўтказилиши белгиланган. Маҳкумнинг жазо муддати ҳар бир ўқиган китоби учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан 30 кунгача қисқартирилади.Маҳкумларга ўқиган китоблари бўйича тест синовини бир йилда икки марта топшириш имкони берилади. Ҳар бир адабиёт бўйича 25 та тест ечилади (битта саволга икки дақиқа вақт ажратилади). Тестнинг ҳар бир саволи учун 4 балл берилади ва талабгорда максимал 100 балл тўплаш имкони бўлади. Агар битта адабиёт бўйича камида 70 балл тўпланса, тест синови муваффақиятли топширилган ҳисобланади.Қарорга биноан, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳар йили Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан бирга адабиётлар рўйхати асосида тест тузади. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти маҳкумлардан адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича имтиҳон ўтказилишини таъминлайди.Тест синови талабгорда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўзлаштирганлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.Агар маҳкум тест натижаларидан норози бўлса, беш иш куни ичида ўзи ёки ҳимоячиси орқали судга шикоят йўллаши мумкин бўлади. Суд шикоятни кўриб чиқиб, натижалари бўйича қарор қабул қилади. Талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, тест синови натижалари ўзгаришсиз, шикоят эса қаноатлантирмасдан қолдирилади.Сенат 2025 йил ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқуллаганди. Ҳужжатда тузалиш йўлига ўтган маҳкумларнинг жазони ўташ муддати қисқартирилиши белгиланган. Қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумга татбиқ этилиши маълум қилинган.