Бугунги кунда истеъмолчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва ишончлилиги энг муҳим масалалардан бирига айланди. Дўкон пештахталаридаги ҳар бир маҳсулотнинг таркиби, сақлаш муддати ва инсон саломатлигига таъсири ҳақидаги саволлар ҳар бир харидорни қизиқтиради. Ана шундай шароитда бутун дунё мамлакатлари таянадиган ягона халқаро стандартлар тизими мавжуд. Бу – «Кодекс Алиментариус» ҳисобланади.
Лотин тилидан таржима қилинганда «Озиқ-овқат қонунлари тўплами» маъносини англатувчи мазкур ҳужжатлар мажмуаси 1963 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ташаббуси билан яратилган. Бугунги кунда унга аъзо мамлакатлар сони 180 дан ортиқ бўлиб, Кодекс халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги энг нуфузли меъёрий асос сифатида тан олинган.
«Кодекс Алиментариус»нинг асосий мақсади аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида ҳалол ҳамда шаффоф қоидаларни таъминлашдан иборат. У маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва истеъмолчига етказишнинг барча босқичларини қамраб олади.
Мазкур тизим бир нечта муҳим йўналишларни тартибга солади. Аввало, маҳсулотлардаги пестицидлар, нитратлар, оғир металлар ва бошқа кимёвий моддаларнинг инсон организми учун хавфсиз меъёрларини белгилайди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган бўёқлар, консервантлар ва бошқа технологик қўшимчаларнинг рухсат этилган миқдори қатъий назорат қилинади.
Кодекснинг яна бир муҳим талаби маҳсулотларни тўғри ва холис маркалашдир. Яъни қадоқларда истеъмолчини чалғитувчи ёки нотўғри маълумотлар эмас, балки маҳсулотнинг ҳақиқий таркиби, ишлаб чиқарилган санаси, сақлаш муддати ва бошқа муҳим маълумотлар аниқ кўрсатилиши шарт.
Мутахассислар таъкидлашича, «Кодекс Алиментариус» стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорда рақобатбардошликни оширади, балки халқаро бозорларга чиқиш учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Чунки аксарият давлатлар импорт қилинаётган маҳсулотларни айнан ушбу стандартлар асосида баҳолайди.
Ўзбекистонда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада янги ташкил этилган Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси томонидан халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада ички бозорда сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар айланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш имкониятлари ортмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, «Кодекс Алиментариус» шунчаки техник қоидалар тўплами эмас. У инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим халқаро механизмдир. Унинг талабларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш эса мамлакатимиз озиқ-овқат саноатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.
Мирзохид Арапов, Ёдгор Мирзалиев,
Наманган вилояти Ўсимликлар карнатини ва ҳимояси бошқармаси
Косонсой давлатлараро ўсимликлар карантини чегара пункти инспекторлари.
