«Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиалида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда газ таъминоти тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, аҳоли ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида соҳада кенг кўламли рақамлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, соҳа ходимлари замонавий планшетлар билан таъминланиб, хизмат кўрсатиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Натижада мурожаатлар билан ишлаш, ҳисоб-китобларни юритиш ҳамда истеъмолчиларга хизмат кўрсатишнинг тезкорлиги ва шаффофлиги янада оширилди.
Шунингдек, махсус хизмат автотранспортлари ва техник парк замонавий техника воситалари билан янгиланди. Бу авария ҳолатларига тезкор муносабат билдириш, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш имкониятларини янада кенгайтирди.
Матбуот анжуманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Наманган вилоятининг суюлтирилган газга бўлган ойлик эҳтиёжи ўртача 7 минг тоннани ташкил этади. Ушбу эҳтиёжни тўлиқ қоплаш, захираларни шакллантириш ва аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича зарур ташкилий ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига соҳа мутасаддилари томонидан атрофлича жавоблар берилди.
