Маълумки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг “Наманган магистраль электр тармоқлари” филиали вилоятимиз ҳамда тегишли ҳудудларда электр энергиясини узатиш тизимининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида кенг кўламли электр хўжалигига хизмат кўрсатади. Бугунги кунда филиал тасарруфида жами 216 та подстанция мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қувват ўтказиш имконияти 4 617,86 МВАни, шунингдек, 35, 110, 220 ва 500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларининг умумий узунлиги 3 067,076 километрни ташкил этади.
Барча жойларда бўлгани каби “Наманган магистраль электр тармоқлари” филиалида ҳам жорий куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада электр қурилмалари, электр узатиш ҳаво тармоқлари ҳамда бино-иншоотларни мавсумга тайёрлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунга қадар ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жорий йилнинг февраль-сентябр ойлари давомида электр ускуналари ва электр узатиш ҳаво тармоқларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида 110 кВ кучланишли 6 та трансформатор, 500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларининг 11,4 километр, 220 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг 4 километр, 110 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг 200,54 километр, 35 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг 79,14 километр қисмлари таъмирланди. 220 кВ кучланишли 1 та, 110 кВ кучланишли 15 та ҳамда 35 кВ кучланишли 53 та ўчиргич ҳам мукаммал таъмирланди ва буларнинг барчаси “Ўзенергоинспекция” Наманган вилояти ҳудудий бўлими томонидан техник назоратдан ўтказилди.
Жорий таъмирлаш ишлари бўйича ҳам белгиланган режалар тўлиқ бажарилди. Жумладан, 336 та трансформатор, 220–110–35 кВ кучланишли 541 та ўчиргич ҳамда 500–220–110–35 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларининг 2 744,6 километр қисми жорий таъмирдан чиқарилди.
Ўз навбатида, электр узатиш ҳаво тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш ва фавқулодда ўчишларнинг олдини олиш мақсадида тармоқларнинг муҳофаза майдонларида ҳам зарур ишлар бажарилди. 522 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари хавф туғдираётган дарахт шох-шаббаларидан тозаланиб, фавқулодда ўчишлар ва технологик йўқотишларни камайтириш чоралари кўрилди.
Яна бир амалий натижалардан бири – бу электр узатиш ҳаво тармоқларида маънан ва жисмонан эскирган изоляторларнинг янгиларига алмаштирилгани ва электр узатиш тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 358 та қушлар қўнишига қарши мосламалар ўрнатилганидир.
Табиийки, куз-қиш мавсумида электр энергиясига бўлган талаб ортиб кетади. Буни ҳисобга олиб, аввалги мавсумда юкламаси юқори бўлган подстанцияларда трансформаторлар қуввати оширилди. Хусусан, Уйчи туманидаги “Каптекс” подстанциясида 25 000 кВА қувватли трансформатор 40 000 кВА қувватли, Наманган шаҳридаги “Жанубий” подстанциясида 16 000 кВА қувватли трансформатор 25 000 кВА қувватли, Тўрақўрғон туманидаги “Оқтош” подстанциясида 10 000 кВА қувватли трансформатор 25 000 кВА қувватли, Янгиқўрғон туманидаги “Исковот” подстанциясида 6 300 кВА қувватли трансформатор 16 000 кВА қувватли, Норин туманидаги “Камолот” подстанциясида 6 300 кВА қувватли трансформатор 10 000 кВА қувватли, Давлатобод туманидаги “Давлатобод” подстанциясида 4 000 кВА қувватли трансформатор 6 300 кВА қувватли, Поп туманидаги “Пахта завод” подстанциясида 6 300 кВА қувватли трансформатор 10 000 кВА қувватли, Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон” подстанциясида 4 000 кВА қувватли трансформатор 6 300 кВА қувватли, Поп туманидаги “Уйғур” подстанциясида 3 200 кВА қувватли трансформатор 4 000 кВА қувватли трансформаторларга алмаштирилди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги 599-сон қарори билан тасдиқланган дастур асосида Давлатобод туманидаги 110 кВ кучланишли подстанцияда модернизация ишлари амалга оширилди. Мазкур подстанциядаги 6 300 кВА қувватли иккита трансформатор 25 000 кВА қувватли трансформаторларга алмаштирилди, КРУН-10 кВ ва бошқа асосий ускуналар янгиланиб, подстанциянинг умумий қуввати 50 000 кВАга етказилди.
Шу билан бирга, Норин тумани ҳудудидан ўтувчи 110 кВ кучланишли “Хаққулобод-1” электр узатиш тармоғининг 35,5 километр қисми модернизация қилинди.
Ушбу ишлар натижасида жами 98,9 МВА қўшимча қувват яратилди. Бу эса Наманган шаҳри, Уйчи, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Норин, Давлатобод ҳамда Поп туманларидаги аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Наманган магистраль электр тармоқлари” филиали тасарруфидаги электр қурилмалари жорий куз-қиш мавсумини талофатларсиз ўтказиш учун шай ҳолатга келтирилди. Мавсум давомида ҳам электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Дилшодбек ТОШПЎЛАТОВ,
“Наманган магистраль электр тармоқлари” филиали муҳандиси.
