Наманган давлат университетида Паралимпия ўйинлари ғолиби билан учрашув бўлиб ўтди

Наманган давлат университетида Францияда бўлиб ўтган  «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиби, олтин ва бронза медаллари соҳиби, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Толиббой Йўлдашев билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жаҳон ва Паралимпия чемпиони мамлакатимизда ёшларни спортга жалб этиш, умидли спортчиларни, жумладан, ногиронлиги бўлган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор берилаётганини, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу ўзининг кутилган самарасини бераётганини мамнуният билан эътироф этиб ўтди. Толиббой Йўлдашев спортга қўйган илк қадами ва бугунгача эришган ютуқлари ҳақида гапириб, мураббийси Сардорбек Абдухолиқовга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Наманган давлат университетида Паралимпия ўйинлари ғолиби билан учрашув бўлиб ўтди

Айтиб ўтиш ўринлики, Толиббой 2003 йилда Чуст туманида туғилган. 2018 йилдан буён спортнинг пара енгил атлетика тури бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. У йиллар давомида спорт билан жиддий шуғулланди, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил ҳаракат қилди ва катта муваффақиятларни қўлга киритди.

Хусусан, Хитойда бўлиб ўтган «Ханчжоу-2022» Пара Осиё ўйинларида кумуш ҳамда 2023 йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. Бу йил Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида эса Толиббой диск улоқтириш бўйича олтин,  ядро улоқтириш бўйича бронза медалларини қўлга киритди ва спортдаги юксак муваффақиятлари туфайли у ҳукуматимиз томонидан «Ўзбекистон ифтихори» унвони билан мукофотланди.

Наманган давлат университетида Паралимпия ўйинлари ғолиби билан учрашув бўлиб ўтди

Шуниси қувонарлиси, Толиббой Йўлдашев Паралимпия ўйинларида диск улоқтириш бўйича жаҳон рекордини янгилади. Унинг бу ғалабаси тинимсиз меҳнат, интилиш туфайли қўлга киритилди. Унинг замиридаги машаққатни ҳис этиш қийин эмас.

Самимий ва очиқ, дўстона муҳитда ўтган учрашувда айни кунда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси бўлган ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган Толиббой Йўлдашевга талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Талаба-ёшларда ундаги мустаҳкам ирода, жасорат ва азму шижоат, бой дунёқараш, теран фикрлаш қобилияти ҳавас туйғуларини уйғотгани, шубҳасиз.

Наманган давлат университетида Паралимпия ўйинлари ғолиби билан учрашув бўлиб ўтди

Зотан, Толиббой Йўлдашев Янги Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшаётган спортчи ёшларнинг биридир.