Спорт турлари орасида сузиш инсон, хусусан, ёш авлод саломатлигида алоҳида ўрин тутади. Шу боисдан мамлакатимизда сув спортини ривожлантириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Наманган вилоятида сув спорти бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Наманганлик ёшларнинг бу борадаги ютуқлари таҳсинга лойиқ.
Жумладан, Наманган шаҳридаги «Океан сув спорти» мажмуасида бир неча йиллардан буён сузиш бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда улкан натижалар қўлга киритиб келиняпти.
Бугун мазкур сузиш мажмуасида 11 ноябрь – «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» муносабати билан сузиш бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур очиқ чемпионатда водий вилоятлари – Андижон, Фарғона ҳамда Наманган вилоятининг моҳир спортчилари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақа якунида ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда дастлаб йил давомида сув спорти бўйича халқаро мусобақалар ғолиблари тақдирланган бўлса, сўнгра республика миқёсидаги беллашувларда юқори ўринни эгаллаган ёш спортчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Ўз навбатида, бугунги вилоят очиқ чемпионати ғолибларига олтин, кумуш ва бронза медаллари тақдим этилди.
Мусобақа ва байрам тадбири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби эътибор ва рағбат ёш авлод ўртасида спортни янада оммалашишига, сув спорти ихлосмандлари сони ортишига замин яратади.
Namangantoday