Бағрикенглик - миллатлар аҳиллиги ва жамият ривожининг асоси

Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва эллатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси»дир. Ҳозирда ушбу кун бутун дунёда «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида кенг нишонланади.

Дунёвийлик ва динийлик тушунчалари қадимдан кўпгина олимлар,  мутафаккирлар ва диний уламолар томонидан бир-бирини инкор этувчи ҳамда қарама-қарши тушунча ва аспектлар сифатида ўрганилди,  бир-бирига зид икки тамойил сифатида англаб келинди. Ғарб ва Шарқда дин ва давлат ўртасида ўзаро консенсусга эришиш, уни мустаҳкамлаш масаласини глобал миқёсда долзарблаштиради. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш, уни диний қадриятлар билан уйғунликда ривожлантириб бориш бугунги куннинг устувор масаласидир. Исломий қадриятлар билан узвий ҳолда фуқаролик жамиятини юксалтириш, халқимизнинг ижтимоий, маʻнавий, иқтисодий эҳтиёжларини қондириш, миллий маданиятимиз софлигини сақлаш ва ворисийликни таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятини тадқиқ этиш назарий ҳамда амалий аҳамиятга эга.

Жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш дин ва давлат ўртасидаги ички муносабатларни ва жаҳон миқёсида дин ва давлат ўртасида кечаётган мураккаб жараёнларни, жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганишни талаб қилади. Дунёнинг етакчи динлари хусусан, христианлик, ислом ва буддизм каби жаҳон динлари дунёнинг аксар ҳудудида эътиқод қилиниши билан ажралиб туради. Уларнинг ичида айниқса, ислом дини алоҳида ажралиб туради. “Ҳозирги пайтда исломга эътиқод қилувчи 1,2 миллиард аҳоли дунёнинг 120 мамлакатида истиқомат қилади. Осиё ва Африканинг 50 мамлакатида ислом дини давлатнинг мафкуравий асоси деб эълон қилинган”. Шу туфайли бугунги кунда секуляризм омили нафақат Ўзбекистонда балки, бутун дунёда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аслида секулярлик омили ҳар қандай динда мавжуддир. Хусусан, Куръони Каримдаги “Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир” (Бақара сураси 256-оят) деган оятида дунёвийликнинг энг муҳим асосларидан бири мужассам бўлган.

Марказий Осиёда ислом дини шахс ижтимоийлашувида муҳим ўрин эгалламоқда. Шунингдек, жамиятда содир бўлаётган ижтимоий ўзгаришларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Абу Исо ат-Термизий келтирган ҳадисда: “Бир- бирингизнинг орангизни бузманг, бир-бирингизни орқангиздан айб қидирманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг” -деб инсонларнинг ўзаро меҳр-шафқатли бўлишга тарғиб қилинади.

Шунингдек, Ал-Мотуридий шахснинг танлаш ва ирода эркинлиги жамоавий ирода олдида устувор куч эмаслиги, жамоавий ирода шахсдан юқори туришини асослайди. Эътиқод килувчи ўз ихтиёри билан жамоага қарши турмаслиги лозим. Чунки, умумийликда хусусийликка кўра халқнинг ҳиссаси кўпроқдир. Мазкур даъват Мотуридий қарашлари Мовароуннахр халқлари менталитетига ислом эътиқодини мувофиқлаштириш, исломни янада инсон манфаатларига яқинлаштириш рағбатидан юзага келган, деб ҳисоблаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги воқеликка қуйидагича изоҳ берган: “Афсуски, бугунги кунда барчамиз ижобий жараёнларга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар мавжудлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ўринда сўз жаҳонда, жумладан, Жанубий Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлараро ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар пайдо бўлаётгани ҳақида бормоқда”. 

Биз дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз. Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон – дин давлатдан ажратилган, аммо жамият ҳаётидан ажралмаган дунёвий давлат. Ўзбекистон каби қадимий маънавий ва диний анъаналарга эга бўлган мамлакатда динга муносабат масаласи жиддий ва ҳушёр ёндашувни талаб қилади. Дунёвий давлатнинг афзалликларини кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатларда миллий, диний ва бошқа сабабларга кўра у ёки бу гуруҳ ёки гуруҳ вакилларига устунлик берилмаслиги билан кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2357 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритмоқда. Хусусан, мамлакатимизда 2159 таси мусулмон ташкилоти қаторида 197 та ноисломий диний ташкилотлар расмий фаолият кўрсатмоқда. Тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 179 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 7 та Баҳоийлик, 1 та Кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, конфессиялараро Ўзбекистон Библия жамияти ҳисобланади.

Дунёвийлик деганда, давлат дин эркинлиги таъминлаши, дин ўртасидаги тотувликнинг сақлаши тушунилиши керак. Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий ва адолатли дунёвий давлат қуриш консепсиясида дин – маданий-маънавий омиллар умумий силсиласига кирувчи барча қадриятлар қаторида тенг ҳуқуқли қадрият сифатида сўзсиз тан олинади. Мамлакатда турли дин вакилларининг бағрикенглик ва тинч-тотувликда яшашлари таъминланади. Табиийки, жамиятда турли туман дин ва маданиятлар вакиллари мавжуд бўлган ҳолда, давлат бошқаруви ва сиёсати албатта, бир мафкурага ёки диний қарашга асослана олмайди. Бундай шароитда Ўзбекистонда энг адолатли ва тўғри йўл дунёвий давлатчилик бўлиб, ушбу принцип барча динлар ҳамда турли қарашларни тенг ҳурмат қилиш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлайди.

Дунёнинг барча минтақаларида кечаётган глобаллашув жараёнида дин омили ўзининг муайян таъсир кўламини ошириб бормоқда. Қайсидир мамлакатларда диний қадриятлар, ритуаллар жамиятнинг тинчлиги, бирдамлиги ва барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатаётган бўлса, айрим мамлакатларда диний вазиятнинг беқарорлашувидан фуқаролар азият чекиб, нотинч вазият мамлакатнинг ички ва ташқи муҳитига салбий таъсир ўтказмоқда. Мамлактимизда диний вазиятни янада мўътадиллаштириш, фуқароларнинг диний амалларни бажаришда қайси дин ёки конфессия вакили бўлишидан қатъий назар бир хилда ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши барқарор вазият таъминланишининг асосий воситаларидан биридир.

Ўзбекистоннинг бугунги очиқлик, шаффофлик шароитида турли барқарор ривожланишига халақит берувчи омилларни зарарсизлантиришга, нейтраллаштиришга қаратилган тадбирларни ҳам талаб этади. Медиамайдонда турли сайтлар ва блоглар орқали сохта салафийларнинг асоссиз даъволарига ишониб, ёшлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар келтириб чиқармоқда. Бундай “сохта даъватчи”лар томонидан “Ахборот-психологик ҳужум”лар, “Ғоявий таъсир кўрсатиш”, “Маданий-маънавий экспансия” сиёсатини электрон воситалар ёрдамида амалга оширмоқдалар. Барқарор ривожланишимизга тўсқинлик қилиб, стратегик режаларимизни барбод қилишга, фуқаролараро бўлинишни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси 70-мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” йўналиши белгиланган бўлиб, унда ёшларнинг фуқаролик масъулияти ва бағрикенглик туйғуларини шакллантириш борасида бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифалар, яъни “Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш, ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш”, назарда тутилган.

Тошкент ислом университетининг Халқаро Ислом Академиясига айлантирилиши, Тошкентдаги Имом ал-Бухорий номидаги ислом маъҳади, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги ўндан ортиқ диний таълим мадрасаларида ҳақиқий маърифий ислом ақидалари асосида таълим берилишининг таъминланиши турли диний ниқобдаги бузғунчи ёт унсурларнинг жамият барқарор ривожланишига салбий таъсирини камайтиради.

Диннинг инсон тарбиясидаги ўрни ва ролини кучайтиришга бўлган эътибор оширилди. Ислом дини маърифатига таяниш, унинг инсонпарварлик мазмунидан кенг фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилди. Диний идора вакилларининг мамлакатимизда амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар ва маънавий янгиланиш жараёнларига кенг жалб этиши таъминланди. Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида мактаби фаолият юрита бошлади.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида миллий тикланишдан миллий юксалиш консепциясини амалга оширишда ҳамда ижтимоий муносабатларни чинакам инсонпарварлик негизида шаклланиб боришининг зарур шартларидан бири – диний ва дунёвий имон эгаларининг ана шу тарихий вазифани ҳал этиш учун ягона бир иттифоқ бўлиб ҳаракат йўналишини белгилаши билан боғлиқ.  Дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги нисбат масаласи инсоният тарихининг барча даврларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бошқача айтганда, инсон ҳаёти мазмунини ташкил қилувчи ушбу икки таркибий қисм ўртасида муросага эришиш ҳар қандай жамиятнинг мавжуд ҳолати ва истиқболини белгиловчи бош мезон бўлиб келган.

Динни жамият ҳаётидан четлаштириш эмас, балки динни жамият ҳаётининг ажралмас қисми сифатида қабул қилиш ва уни ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи омил сифатида тушунтиришга ҳаракат қилиш керак. Дунёвий давлатнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у дин ва диний ташкилотлардан қатъи назар, ҳеч қандай дин ёки мафкура мажбурият сифатида белгиланмайди. Динни ижтимоий ҳаёт ва сиёсатга бирлаштириш муҳимдир. Дин ва давлат ўртасидаги муносабатларда оқилона мувозанатни сақлашда диннинг табиатидан эмас, балки инсоннинг табиатидан келиб чиқиш керак.

Ахборотлашган жамиятнинг барқарор ривожланишини дунёвийлик ва динийлик тушунчалари жуда муҳим бўлиб, улар қотиб қолган назарий парадигма эмас – у замон, давр, конкрет ижтимий-сиёсий вазият тақозоси билан ўзгариб боради, трансформация ва модернизацияга учрайди. Мамлакатимизда дин ва давлат муносбатларининг бир маромда, барқарор бўлишини таъминлаш учун ягона ишончли йўл, восита ва омил – конституционаллик ва қонунчиликни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш зарур. Давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг белгиланишида асосий эътибор қаратилган масалалар давлатнинг дунёвий тамойилларини таъминлаш, фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, диний ташкилотларнинг қонун доирасидаги фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ҳамда жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент