Инсон+таълим – ижтимоий фаровонлик гарови

Ижтимоий давлат – сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат модели ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилиши биз – педагоглар зиммасига янада кўпроқ масъулият юклаш билан бирга, олдимизга муҳим вазифаларни қўйди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу йил ижтимоий ҳимоя йўналиши бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча равишда 28 та янги ташаббусларни илгари сурди ҳамда келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидлаб ўтди.

Маълумки, ижтимоий тараққиётнинг асосий мақсади ҳар бир шахснинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши, соғлом, ижодий, сифатли таълим ва фаол ҳаёт кечиришидан иборат. Инсон капиталини ривожлантириш Янги Ўзбекистон стратегиясининг марказида. 2030 йилгача камбағалликка барҳам бериш ва умумий фаровонликни тезлаштириш бўйича белгилаб олган мақсадларимизга эришиш йўлидаги ҳаракатимизнинг инклюзив, барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ва ривожланаётган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олиш барқарорлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг ажралмас қисмидир.

Йиғилишда Президентимиз томонидан таъкидландики, камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитиш топшириғи берилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади.

Шунингдек, йиғилишда камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.

Эътиборимизни янада кўпроқ жалб этган жиҳат шуки, давлатимиз раҳбари камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. “Инсон + таълим = моддий-маънавий фаровонлик” шу икки асосий компонентни ташкил этувчи феномендир.

Дарҳақиқат, юртимизда камбағалликни қисқартиришга бўлган эътиборнинг жадаллашуви аҳоли даромадлари тенгсизлигини камайтириш, ижтимоий сиёсатнинг қисқа ва узоқ муддатли натижадорлигини таъминлаш бюджет сиёсатида харажатларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни талаб этмоқда. Бизнингча, камбағаллик – бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан муҳим муаммо бўлиб, социологик тадқиқотларда кенг ўрганилади. Камбағалликни ўрганиш, унинг сабаблари, оқибатлари ва ижтимоий таъсирларини тушунишга ёрдам беради. Бунда абсольют ва нисбий камбағаллик тушунчаларини англаш ҳам муҳим. Абсольют камбағаллик — бу инсоннинг асосий эҳтиёжларини қондира олмаслиги. Нисбий камбағаллик эса одамнинг жамиятдаги бошқа одамлар билан солиштирганда иқтисодий аҳволининг ёмонлигини англатади.

Таълим қашшоқликни камайтиришда асосий восита ҳисобланади. У инсонларнинг шахсий ва ижтимоий ҳаётидаги имкониятларини кенгайтириб, иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшади. Шунинг учун, таълимга эътибор бериш, барча жамият учун муҳим вазифадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги ПФ-5216-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон Қарори, университетда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга пул маблағларини тўлаб бериш бўйича тузилган комиссиянинг 2024 йил 27 сентабрдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан, 2024 йил 2 октабрдаги 284B/O- сонли буйруғи қабул қилинган.

Университетда таълим олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга университетда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида ажратилган субсидия пул маблағлари тўлаб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 585-сон қарорига асосан Давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-қизларнинг 150 нафарига маҳаллий ҳокимликлар томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бепул ўқитиб бериш вазифаси белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг 2024 йил 29 апрелдаги ВИ-43-36-6-0-К/24-сонли қарорига асосан етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 65 нафар талабалар тўлов-контракт харажатлари учун 50 фоиз тўлов ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 2023/2024-ўқув йилида Наманган давлат университетида таҳсил олаётган ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган, ягона ижтимоий рейестрда турадиган 65 нафар талаба-қизларга жами 224 986 803 сўм миқдорида контракт пули тўлаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара туловларини қоплаб бериш тизимини жорий етиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 605-сон қарорига асосан, жорий йил январдан ҳозирги кунга қадар 5057 нафар талабалар ижара пулларини бир қисмини қоплаш бўйича ариза топширди. Aриза топширганларга жами 859 690 000 сўм миқдорида ижара пуллари қоплаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва бугунги йиғилишда белгилаб берилган 2025 йилдаги устувор вазифалар ижтимоий ҳимоя соҳасида катта натижаларга эришишимизни таъминлайди.

Муҳриддин Содиржонов,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент