Олий таълим тизими янги босқичга кўтарилади

Муносабат

Олий таълим тизими янги босқичга кўтарилади

Маълумки, айни кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025 йил – “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг лойиҳалари кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Лойиҳалар бўйича юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирмоқдалар.

Мазкур Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича мамлакатимизда барча соҳалардаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, айниқса аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигини янада ошириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва ҳунар эгаллашига қаратилган ташаббуслар илгари сурилаётганлиги билан аҳамиятли.

Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлган олий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор ташаббуслар жамоатчиликни кенг қизиқиши ва қўллаб-қувватланишига сабаб бўлмоқда.

Давлат дастури лойиҳасида олий таълим ташкилотлари томонидан меҳнат бозорининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талаби ва эҳтиёжини чуқур таҳлил қилиш ва ўрганиш, моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва таркиби, ўқув-методик таъминотдан келиб чиқиб қабул параметрлари бўйича таклифларни шакллантириш амалиёти иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминланишида катта аҳамият касб этади.

Айниқса, жаҳоннинг “Топ-500” рейтингига кирадиган хорижий университетлар билан 12 та қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш нафақат халқаро ҳамкорликнинг ривожланиши, балки чет тилини мукаммал эгаллаган, замонавий билим ва дунёқарашга эга мутахассислар салмоғининг ошишида муҳим омил бўлади.

Табиийки, олий таълим муассасаларида талабалар сони йилдан-йилга ортиб борар экан, уларни биринчи навбатда турар жой билан таъминлаш масаласи кун тартибидаги энг долзарб масала ҳисобланади. Шу ўринда Давлат дастури лойиҳасидаги олий таълим муассасаларида талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражасини яхшилаш, бунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан яратиладиган қўшимча ётоқ ўринлари сонини 8 000 тага етказиш вазифасининг қўйилганлиги бу борадаги муаммоларнинг тез ва самарали ҳал этилишини таъминлайди.

Шунингдек, математика, биология, кимё, геология, физика, эпидемиология, сейсмология, биохилма-хиллик, муҳандислик, тил ва адабиёт, тарих, археология, маънавият, маданият ва санъат каби ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларида фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган соҳаларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона – олийгоҳ – илмий ташкилот” кластер тизимини жорий этиш, хусусан, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион (спин-офф) корхоналар сонини 28 тага етказиш каби долзарб вазифаларни Давлат дастури лойиҳасида акс эттирилгани олий таълим муассасаларининг нафақат таълим ва тарбия, балки жамият ва иқтисодиётдаги муаммоларнинг илмий ечими билан шуғулланувчи “илм ва ақл маркази” эканлигини ҳам кўрсатиб беради.

Бундан ташқари, Давлат дастури лойиҳасида олий таълим муассасаларида стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторантура квоталарини кўпайтириш орқали илмий педагогик кадрлар салмоғи ва салоҳиятини оширишнинг белгилангани ёш тадқиқотчилар учун катта имконият ҳисобланади.

Умуман, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилаётган ушбу Давлат дастури лойиҳасидаги ҳар бир ташаббус мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсаднинг узвий тарзда амалга ошишига хизмат қилади. Олий таълим тизими билан боғлиқ билдирилаётган ташаббус ва таклифлар эса соҳани янги босқичга кўтариш билан бир қаторда, тараққиётимизнинг пойдевори айнан таълим эканлигини амалда яна бир бор исботлаб беради.

Наримон ДЕХКАНОВ,
Наманган давлат университети биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати.