«Келажакка қадам» дастури: 100 миллион доллар олийгоҳ битирувчиларининг лойиҳалари учун сарфланади

Маълумки, шу йилнинг 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ёшлари билан мулоқот қилди. Мазкур учрашувда ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга янада кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, фаол ёшларнинг таклифлари тингланди.

Қувонарлиси, самимий мулоқот жараёнида давлатимиз раҳбари ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган 3 та катта ҳужжатга имзо чекканини эълон қилди. Биринчи ҳужжатга мувофиқ, Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилди. Иккинчи қарор билан эса олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилиши маълум қилинди. Бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс берилиши, банк Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича янги банк хизматлари пакетларини жорий этиши таъкидланди.

Натижада Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз олий таълим ташкилотлари ва банклар ҳамкорлигида «Келажакка қадам» дастурини амалга татбиқ этишга киришилди. Президентимизнинг «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида олий таълим муассасаларида «Келажакка қадам» марказлари ташкил этилди. Олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича яратилган бу янги тизим ОТМ битирувчилари ва талабаларининг бизнес ғоясидан – тайёр лойиҳасигача бўлган жараённи қўллаб-қувватлайди.

Наманган давлат университетида ҳам вилоят «Миллийбанк» билан ҳамкорликда худди шундай марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Хўш, бу марказнинг вазифалари нималардан иборат? Марказнинг асосий вазифаси битирувчилар ва қуйи босқич талабаларининг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, бунинг учун ўқув-тренингларини ўтказиш, тайёр лойиҳаларни молиялаштириш учун банкнинг ҳудудий филиалига йўналтиришдан иборат.

  • Қувонарли томони шундаки, ушбу лойиҳа доирасида республика ва вилоятдаги нуфузли иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўзларига зарур кадрларга бўлган эҳтиёжни платформага жойлаштирадилар, – дейди Наманган давлат университети проректори Дилшодбек Холматов. – Мазкур платформа орқали битирувчилар ва юқори босқич талабалари ўзларига мақбул бўлган бўш иш ўринлари ва иш берувчиларнинг таклифларидан хабардор бўлиш имкониятига эга бўлишади. Лойиҳа доирасида ажратилган 20 миллион доллар маблағ эса битирувчиларнинг то ишга жойлашгунгача бўлган даврида, амалиёт ўташ ва ишга мослашув ойларида уларни моддий қўллаб-қувватлаш учун жуда катта манбаа вазифасини ўтайди. Албатта, бу битирувчилар бандлигини таъминлашда катта кўмак беради ва ижтимоий ҳимоя вазифасини бажаради. Биз юқоридаги лойиҳалар бўйича университетда бир қатор семинарларни ташкил этяпмиз. Семинарларга университетнинг профессор-ўқитувчилари, шу билан бирга соҳага тегишли корхона-такшилотларнинг тажрибали мутухассисларини ҳам жалб этганмиз. Семинарлар давомида битирувчилар ва талабалар лойиҳа мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ тушуниб етмоқдалар, бу эса уларнинг фаоллигига замин яратмоқда.

Тренерлар ўқув-семинарлар давомида талабаларга ғоя асосида бизнес режа тузиш, уни тайёр лойиҳагача олиб бориш шартлари, лойиҳаларни қулай шартларда молиялаштириш ҳақида тўлиқ тушунча бермоқдалар. Шунингдек, ёшлар олий таълим ташкилотларининг битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича маълумотларга ҳам эга бўлишяпти.

 Наманган давлат университеитида шу кунгача ушбу семинар-тренингларга 3 мингдан зиёд талабалар жалб этилди.

Қувонарлиси, комиссия томонидан келажакда ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятидаги талабаларнинг 100 га яқин  лойиҳаси молиялаштиришга лойиқ деб топилди. Наслли қорамолчилик, маркетинг, хизмат кўрсатиш йўналишларида, шунингдек, иссиқхона, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва ўқув марказларини ташкил этиш бўйича тақдим этилган лойиҳалар ёшларнинг тадбиркорликка қизиқиши баланд эканидан далолат беради.

  • Кечагина мен қатори кўплаб тенгдошларимда мутахассислик дипломини қўлга олгач, қаерда ишлайман, деган савол қийнаётган эди, – дея ўз таассуротларини баён этади талабалардан бири Санжарбек Мусулмонқулов. – Бу саволга «Келажакка қадам» дастури аниқ жавоб топиб бермоқда. Нафақат жавоб топиб беряпти, балки бизнес ғояларимизни лойиҳага айлантириб, уни қандай амалга ошириш йўлларини ҳам кўрсатиб беряпти. Бу дастур биз ёшларнинг янги стартаплари, янги бизнесларига кенг йўл очмоқда.

Менинг мақсадим – юртимизга ташриф буюрган туристларга сифатли хизмат кўрсатиш ва юқори даражадаги қулайликларни яратиш. Шу мақсадда меҳмонхоналарда CАТEРИНГ хизматини йўлга қўйишни режалаштирганман. Бу бизнесни бошлашда банк томонидан битирувчи талабаларга ажратилган кредитдан унумли фойдаланишни мақсад қилганман. Кредит маблағлари эвазига замонавий жиҳозлар харид қилиш, халқаро даражадаги сертификатга эга ошпазлар билан ҳамкорлик қилиш ва махсус меньюлар яратишни режалаштиряпман. Бу хизмат орқали туристлар ўзлари хоҳлаган таомларни тановул қилиш имконига эга бўлишади, меҳмонхонанинг нуфузи ошиб, туристлар оқимини кўпайтиради.

Ҳа, бир сўз билан айтганда, «Келажакка қадам» дастури ёшлар келажагини мустаҳкамлаш, уларни касбга йўналтириш ва ўз бизнесини бошлашда катта аҳамият касб этмоқда. Ўзига хос ғояларга эга ёшларнинг режаларини рўёбга чиқариш ва битирувчиларни кафолатланган иш ўрни билан таъминлаш баробарида мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг ўрнини ҳам кучайтиради.

Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университеити«Пресс-клуб» раҳбари.