Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Наманган давлат университети талабалари билан учрашди

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев Наманган давлат университети талабалари билан учрашув ўтказди. Сайёр қабул тарзидаги учрашувда бугунги кунда ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар тури, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, аксарият ёшлар жиноят кўчасига ҳуқуқий билимсизлик, бекорчилик, қонунларни менсимаслик, осон пул топишни хоҳлаш, турли зарарли одатларга ружу қўйиш оқибатида кириб қолмоқдалар. Айниқса, бугунги кунда кўплаб ёшлар турли кўриниш ва хавфга эга кибержиноятларни содир этишлари туфайли қонуний жазога тортилмоқда.

Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун ички ишлар ва олий таълим муассасаси ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар пайшанба – профилактика куни этиб белгиланган ва бугунги тадбир ҳам унинг доирасида ўтказилди. Профилактика кунларида талабалар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, қонунлар моҳиятини тушунтириш, жиноятга жазо муқаррар эканлигини англатиш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Самимий ва очиқ мулоқот давомида талабалар бошқарма бошлиғидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.  Ёшларни  кўпроқ ички ишлар тизимига ишга кириш учун қандай тартиб ва талаблар мавжудлиги, кибержиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усуллари, бу борада қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақидаги саволлар қизиқтирди. Билдирилган мулоҳазалар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда бу каби учрашувларнинг тез-тез ўтказилиши ёшлар келажаги, уларни соғлом ҳаёт кечириши, ҳаётда тўғри йўлни танлашида катта аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.