Тошкент – халқаро парламент ҳамкорлигининг янги майдони

Бугун Ўзбекистон яна бир тарихий воқеанинг гувоҳига айланяпти – Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси айнан юртимизда ўтказилмоқда. Бу халқаро даражадаги йирик сиёсий тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламент тизимини мустаҳкамлаш ҳамда очиқ ва конструктив мулоқот муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларга нуфузли халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак баҳодир.

Парламентлараро иттифоқ – жаҳон миқёсидаги энг қадимий ва энг нуфузли парламент ташкилотларидан бири ҳисобланади. 1889 йилда асос солинган ушбу тузилма парламентлар ўртасида мулоқотни ривожлантириш, тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида фаол ҳаракат қилади. ПИ Ассамблеясининг 150-юбилей сессияси эса нафақат ташкилотнинг ўзи, балки унга мезбонлик қилаётган мамлакат учун ҳам тарихий аҳамиятга эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жаҳондаги 180 та парламентни бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма ўзининг юқори органи Ассамблеяни парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси мавжуд бўлган мамлакатларда ўтказади.

Ассамблеянинг илк бор Марказий Осиё минтақасида, Ўзбекистонда  ўтказилиши эса  Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини тасдиқлайди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақиллик йилларидан буён демократик ислоҳотлар сари дадил одимлаб келмоқда. Сўнгги йилларда бу жараён янги босқичга кўтарилиб, парламент ваколатларини кенгайтириш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, халқ билан очиқ мулоқотда бўлиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг фаолияти янада фаоллашди, парламент назорати кучайтирилди, депутат ва сенаторлар ҳудудларда аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказмоқда.

 Ассамблеясининг Тошкентда ўтказилиши – Ўзбекистон парламенти фаолиятига бўлган халқаро ишончнинг яққол тасдиғидир. Бу, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро дипломатиядаги фаол иштироки, минтақавий ва глобал муаммолар ечимига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётганининг далилидир.

Юбилей Ассамблея доирасида бўлиб ўтадиган сессиялар, учрашувлар ва муҳокамалар – нафақат тажриба алмашиш, балки келажакда глобал муаммоларни биргаликда ҳал этишда парламентлараро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон бугун дунё сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётган, парламент тизимида очиқлик ва халқ манфаатларига хизмат қилиш тамойилларини устувор деб билган давлат сифатида намоён бўлмоқда. ПИ Ассамблеясининг Тошкентда ўтказилиши эса бу борадаги фидокорона меҳнат ва эришилган натижалар халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг ёрқин исботидир.

Исломжон Одилов,
Наманган давлат университети
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича биринчи проректори.