Жаҳон миқёсида антропоген таъсирнинг кучайиб бориши Ер юзида экологик вазиятнинг кескинлашуви ҳамда геотизимларда ўзгариш йўналишлари ва даражаларининг ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Шунга мувофиқ геотизимларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда антропоген юкни меъёрлаштириш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва унинг муҳофазаси барқарорлигини таъминлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқишни талаб этмоқда. Айниқса, инсоният учун зарур экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли саломатлигини сақлаш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишнинг илғор технологияларини қўллаш, геотизимлардаги антропоген юкни камайтириш, ўсимлик ва тупроқ деградациясининг олдини олиш, сув сифатини яхшилаш, табиий жараёнлар мониторингини такомиллаштириш кабилар долзарб муаммолар ҳисобланади. БМТнинг «2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича дастури»да ҳам «қуруқлик экотизимларини муҳофаза қилиш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланиш, ўрмонлардан самарали фойдаланиш ва бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградациясини тўхтатиш ва биологик хилма-хиллик йўқолишининг олдини олиш» каби вазифалар белгилаб берилган[1].
Табиатда бир неча йиллар мобайнида мувозанат ҳолатини кузатиш натижаларига кўра, барқарорлиги экотизим ва геотизимлар структураси, ривожланиш йўналиши, хўжаликда фойдаланиш характери, муҳитнинг инсон томонидан бошқарилишига боғлиқ. Табиатдан омилкорлик билан фойдаланиш экологик мувозанатни мустаҳкамлайди, аксинча хўжасизларча муносабатда бўлиш эса бузилишни тезлаштиради. Бу борада ҳар бир компонентнинг ривожланиши ва динамик ўзгарувчанлиги ҳамда уларнинг жамланган ҳолда бир бутун табиий комплекснинг ушбу хусусиятлари эътиборда бўлиши айни муддао. Чунки мажмуанинг бир компонентини умумий ривожланишда сустлашиши ёки ишдан чиқиши, мувозанатнинг бузилишига ёҳуд кучсизланишига олиб келади. Зеро, табиатдан фойдаланиш нечоғлик ҳудуднинг экологик мувозанатига боғлиқ экан бу жараёнда, унинг нозиклигини ҳисобга олиш ҳамда барқарорликни таъминловчи омилларга асосий эътибор бериш лозимдир. Дарвоқе, табиий бойликларни муомалага киритиш экологик мувозанатга боғлиқ экан табиатдан фойдаланувчилар уни расмана тан олишлари зарур. Экологик вазият ҳолати ва ўзгариш йўналиши ресурслардан фойдаланиш жараёнида энг муҳим мезонлардан биридир. Ҳар қандай бойликни муомалага киритишда ҳудуднинг экологик вазияти ва унинг йўналиши диққат-эътиборда бўлиши зарур. Энг қулай вазият билан фалокатли, танг ҳолатлардаги вазиятдан фойдаланиш ўртасида кескин фарқлар бор. Экологик вазият, жиддийлашган ҳудудларда хўжаликни ривожлантириш табиатдан фойдаланиш жараёнини маълум даражада чеклайди ёки эҳтиёт чораларини қўллашни талаб этади. Бундай вазиятда олдин нохуш жараёнларни олдини олувчи тадбирлар мажмуасини қўллаган ҳолда баъзи ресурсларнинг (уларга вазиятнинг таъсири йўқ ёки кам даражада бўлган тақдирда) муомалага киритиш мумкин. Танг ва ҳалокат даражадаги вазиятда тегишли чора-тадбирларни қўллаш ва ресурсларни умуман маълум муддатгача фойдаланишга жалб қилмаслик мақсадга мувофиқ. Энг муҳими табиий муҳитни оптималлаштириш зарур. Экологик мувозанат ва вазиятни тўғри баҳолаш ва биринчи навбатда, уни барқарорлаштириш, кейинчалик эса юмшатиш ҳамда қулай, барқарор вазиятни таркиб топтириш учун ҳаракат қилиш зарур. Шунингдек, экологик вазиятнинг қайси босқичда турганлигини, унинг шаклланиш йўналишини билиш, қайси омиллар таъсирида вазият вужудга келганлигини ҳамда унинг кучайишида атрофдаги омилларнинг таъсир кўламини аниқлаш лозим бўлади. Агар ҳудуднинг экологик вазияти қаноатланарли бўлса, у ҳолда унинг шу ҳолатини сақлаб қолиш ҳам муҳимдир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий ўзгаришлар, барча соҳадаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширилаётганлиги мамлакатимиз халқ хўжалигининг ривожланишида ўз аксини топмоқда. Сўнгги йилларда республикада экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, шунингдек, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида техник ва технологик жараёнлар оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга янги ёндашувларни жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Бундан кўринадики, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни кишилар бахт-саодати учун хизмат қилдириш муҳим илмий ва ижтимоий-иқтисодий муаммо бўлиб, уни ҳал этишда, яъни табиат билан жамият орасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришда инсон ҳаёти учун ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб оптималлаштириш ҳозирги даврнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ана шундай ҳолатни Фарғона водийси мисолида кўриб чиқамиз.
Фарғона водийсида инсон билан табиат муносабатлари кейинги вақтларда тобора жиддийлашиб бормоқда. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш материаллари, енгил ҳамда озиқ-овқат саноати соҳалари, маиший-коммунал ва бошқа тармоқлар фаолиятида яққол сезилмоқда. Рельеф жиҳатидан мураккаб бўлган адирлар, адирорти текисликлари ва чўлларни интенсив ўзлаштириш натижасида эрозия ҳамда тупроқ шўрланиши, тоғли минтақада сел, сурилма, ўпирилиш, жар эрозияси, текислик минтақаларида эса дефляция, грунт сувлари сатҳининг ҳудудий кўтарилиши, шўрланиш, саноат ҳудудларда атмосфера ҳавосини ифлосланиши, чиқиндилар муаммоси тобора кучайиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, водийнинг табиий ресурслари салоҳияти ва улардан оқилона фойдаланиш жиҳатларини ўрганиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш ва чиқиндихоналарнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, табиий географик жараёнларнинг олдини олиш ва хавфини камайтириш, табиатидан фойдаланишни карталаштириш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича районлаштириш, табиатдан фойдаланиш жараёнида унинг муҳофазаси барқарорлигини таъминлаш каби муаммоларини илмий асосда ўрганиш ва тегишли илмий хулосалар чиқариш, экологик ҳолатини баҳолаш, прогнозлаштириш ҳамда конструктив тадбирлар мажмуасининг экологик-географик асосларини ишлаб чиқиш бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Фарғона водийсида Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона, Қирғизистоннинг Жалолобод, Ош, Боткент вилоятлари, Тожикистоннинг эса Сўғд вилояти жойлашган. Фарғона водийсида юқори ривожланган қишлоқ хўжалиги ва саноат тугунларининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Фарғона водийсида қадимдан аҳоли зич жойлашган бўлиб бугунги кунда аҳоли сонининг зичлиги ҳар км2 ҳудудда 160, баъзан 500 киши тўғри келади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси 36799,6 минг киши (2024) бўлса, шундан Андижон вилоятида 3394,4, Наманган вилоятида 3066,1, Фарғона вилоятида 4061,5 минг кишини ташкил этади. Бундан кўринадики Ўзбекистон аҳолисининг 1/3 қисми водийда яшайди. Агарда қўшни республика аҳолиси билан бирга таҳлил қилсак Жалолобод (1110,0), Боткент (474,6), Ош (1283,8 ) вилоятлари ва Тожикистоннинг Сўғд (2769261) вилоятини олсак, унда Фарғона водийсида яшовчи аҳоли 16161,6 минг кишига тўғри келади.
Аҳолининг бундай зичлиги ер, сув ресурсларига бўлган талабни янада оширади ва меҳнат ресурсларининг бойлиги, транспорт тармоқларининг ривожланишига, саноат корхоналарини модеринизация қилишга олиб келади. Шунингдек, аҳолининг бундай зичлиги мавжуд ландшафт ресурслардан “босим” билан фойдаланишга сабаб бўлмоқда. Табиий муҳитга “антропоген босим”нинг юқорилиги водий табиатида жиддий ўзгаришларга олиб келган. Табиатдан фойдаланишнинг кескинлашуви натижасида айрим жойларда экологик мувозанат бузилиб, барқарорликдан нисбатан чиқиб, беқарорликка юз тутиши содир бўла бошлаган. Жумладан, ер ва сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиши натижасида ерларнинг шўрланиши, грунт сувлар сатҳининг ҳудудий кўтарилиши (текислик қисмида), дефляция ва сув эрозиясига берилган ерлар, қумли чўлларда эса тўзима қумларнинг майдонининг кенгайиб бориши, адир ва адир олди ҳудудаларида ўсимлик қопламининг сийраклашиши, сурилма, жар эрозияси, тоғ ва тоғ олди қисмида эрозия, сел ва сув тошқинларини содир бўлиши, селитеб ландшафтларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, чиқиндилар муаммоси каби экологик муаммолар ривожалниш хусусиятига эга бўлмоқда.
Фарғона водийсига кирадиган Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг уммумий ер майдони 18,5 минг км2 ёки республика умумий майдонининг 4,1 фоизини ташкил қилиб, шундан суғориладиган ерлар 50,1 фоизга тенг. Водийда табиий ресурсларга нисбатан, меҳнат ресурслари кўпроқ. Водийнинг табиий ресурс имкониятларини чекланган, айниқса, ер ресурслари танқис, унга демографик босим кучлилиги сабабли қатор ижтимоий-экологик муамммолар келиб чиқади [1; 167-168 c.]. Бинобарин, водий учлигини (табиати, аҳолиси, хўжалиги) пирамида шаклида тасвирласак, биринчи қаватини ташкил этадиган табиати ниҳоятда нозик, иккинчи қаватидаги демографик вазияти ёки юки эса оғир, хўжалиги эса ўртачадир. Шу боис, айтиш мумкинки, Фарғона водийсида антропоген босимнинг ниҳоятда юқорилиги, ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги бу ҳудуднинг энг муҳим экологик -географик хусусиятларини белгилаб беради.
А.Солиевнинг (2014) фикрича, водий вилоятларида қишлоқ хўжалиги экини майдонларининг умумий ер майдонидаги ҳиссаси республика ўртача кўрсаткичидан кам: мамлакатда 76,2 фоизга тнг бўлган ҳолда, Андижонда бу кўрсаткич 68,2%, Наманганда – 56,8%, Фарғонада – 55,2%. Эътиборлиси шундаки, ер етишмайдиган бундай ҳудудда ундан фойдаланиш коэффициенти паст. Айни вақтда, суғориладиган ерларнинг жами қишлоқ хўжалиги экинлари майдонидаги улуши анча юқори [1; 8-41]. Республика бўйича бу кўрсакич ўртача 23,8%, Наманган вилоятида – 81,5%, Андижонда – 91,5% ва Фарғона вилоятида – 95,0%. Кўриниб турибдики, водийда қишлоқ хўжалиги, энг аввало деҳқончиликнинг ривожланиши интенсив йўналишга эга. Аммо, суғориладиган ерларнинг умумий ҳажми катта эмас – 775 минг гектар атрофида. Бу рақам водийнинг демографик сиғимидан сезиларли даражада кам.
Агарда Фарғона водийсидаги (Ўзбекистон қисми) экологик вазиятни Ўзбекситон Республикасида қабул қилинган 18 та экологик индикаторлар асосида баҳоланса, қуйидагича ҳолатни кўриш мумкин (8: 18-20).
Фарғона водийси вилоятларидаги экологик вазиятни мажмуали баҳолаш (Ўзбекистон қисми бўйича) 1-жадвал
Экологик зоналр |
Ҳудуд минг га |
Шу жумладан суғориладиган ерлар |
Аҳоли, минг киши |
Маъмурий туманлар сони, бирлашган (республика ва вилоят тасарруфидаги шаҳарлар |
Наманган вилояти | ||||
0 зона- қулай экологик вазият | 566,6 | 200,9 | 1064,3 | 13 |
1 зона- критик экологик вазият | 128,2 | 76,8 | 722,1 | 4 |
2 зона – фавқулодда экологик вазият | – | – | – | – |
3 зона – экологик офат | – | – | – | – |
Наманган вилояти бўйича | 694,8 | 277,7 | 1786,4 | 17 |
Андижон вилояти | ||||
0 зона- қулай экологик вазият | 180,3 | 116,3 | 1108,1 | 10 |
1 зона- критик экологик вазият | 244,7 | 164,8 | 932,2 | 9 |
2 зона – фавқулодда экологик вазият | – | – | – | – |
3 зона – экологик офат | – | – | – | – |
Андижон вилояти бўйича | 425,0 | 281,1 | 2040,1 | 19 |
Фарғона вилояти | ||||
0 зона- қулай экологик вазият | 126,1 | 66,0 | 323,4 | 3 |
1 зона- критик экологик вазият | 510,0 | 245,3 | 1703,6 | 14 |
2 зона – фавқулодда экологик вазият | 101,6 | 46,7 | 472,5 | 3 |
3 зона – экологик офат | – | – | – | – |
Фарғона вилояти бўйича | 737,7 | 358,0 | 2499,5 | 20 |
Фарғона водийси вилоятлари бўйича жами | 1857,5 | 916,8 | 6326 | 56 |
Манба:Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш
давлат қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилган.
Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган экологик мезонларга асосан Фарғона водийсидаги мавжуд экологик вазиятнинг даражасидан келиб чиқиб қуйидаги зоналарга тақсимланган:
- 0 зона- қулай экологик вазият;
- 1 зона- критик экологик вазият;
- 2 зона – фақулодда экологик вазият;
- 3 зона – экологик офат (ҳалокатлар) зонаси.
Бунда экологик меъёрлар кескин ошган, лекин фавқулодда тусга эга бўлмаган табиий экологик тизимларлар тузилмасини бузилиши, уларнинг экологик ҳажмини пасйиши, атроф табиий муҳит ифлосланиши қайд этилган маъмурий туман ҳудуди критик экологик вазиятли зонага киради. Ишлаб чиқариш кучларининг тараққиёти биосферанинг ресурслар-иқтисодий имкониятларига мувофиқ бўлмаган ва табиий ресурслар таназуллга учраши билан ифодаланган танг, лекин тиклаш имкони бўлган экотизим ҳолати кузатилган маъмурий туман ҳудуди фавқулодда экологик вазиятли зона деб қайд қилинади.
Табиий муҳит сифати қайтариб бўлмас даражада ўзгарган, экотизим бузилиши кузатиладиган маъмурий туман ҳудуди экологик офат (фалокатлар) зонаси деб тан олинган. Қулай экологик зонага эса 1,2 ва 3- экологик зоналарга кирмаган маъмурий туман ҳудуди киритилади (8: 18-20).
Юқоридаги жадвал асосида экологик вазиятни вилоятлар бўйича таҳлил этилганда қуйидаги натижани кўриш мумкин. Жумладан, Наманган вилоятида критик экологик вазиятли зонада Мингбулоқ, Наманган, Тўрақурғон туманлари ва Наманган шаҳри жойлашаган, бу ерда вилоят аҳолисининг 40 фоизи яшайди, қолган 13 маъмурий туман қулай экологик вазиятли эонада жойлашган бўлиб, вилоят аҳолисининг 60 фоизи яшайди. Наманган вилояти учун атмосфера ифлосланиши иқлимий салоҳияти ИИС 2,9-3,7, Мингбулоқ, Поп, Наманган, Тўрақурғон туманларида ишлов берилган майдонларда пестицид лардан фойдаланишнинг юқори улуши (15-19 кг/га), Наманган, Уйчи, Учқурғон туманлари, Наманган ва Учқўрғон шаҳарларида 20-30 фоиз, Наманган туманида эса 40 фоиз истеъмол суви сифати стандарт талабларига жавоб бермайди.
Андижон вилоятида критик экологик вазиятли зонада Олтинкул, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Марҳамат, Пахтаобод, Улуғнор туманлари ва Қорасув шаҳри жойлашган, бу ерда вилоят аҳолисининг 46 фоиз, қулай экологик зонада эса қолган 9 та маъмурий туман жойлашган бўлиб вилоят аҳолисинг 54 фоиз яшайди. Вилоят учун атмосфера ифлосланиши иқлимий салоҳияти (ИИС) ва ҳудудларни сув босиш даражасининг юқорилиги, тупроқларни пестицидлар билан ифлосланишнинг юқори даражаси, Андижон, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Марҳамат туманларида истеъмол суви сифати 20 фоизи стандартлар талабларига жавоб бермаслиги билан характерланади.
Фарғона вилояти аҳолисининг асосий қисми (68 фоиз) критик экологик вазиятли зонада, 19 фоиз фавқулодда экологик вазиятли зонада ва атиги 13 фоиз қулай экологик зонада яшайди. Фавқулодда экологик вазиятли зонага Риштон, Тошлоқ туманлари ва Фарғона шаҳри киради. Қулай экологик вазиятли зонада Дангара, Учкуприк ва Ёзёвон туманлари жойлашган. Фарғона вилояти учун ( айниқса фавқулодда экологик вазиятли зона учун), атмосфера ифлосланишининг юқори иқлимий потенциали хосдир. Охунбобоев, Тошлоқ, Фарғона, Марғилон шаҳарларида сув босишни юқори даражаси ва атмосфера ифлосланишининг юқори даражси кузатилади, тупроқларни пестицидлар билан ифлосланиши Бувайда, Бешариқ, Учкўприк, Ёзёвон туманларида мавжуддир (8: 18-20).
Бугунги кунда Фарғона водийсида кимё, нефтни қайта ишлаш, машинасозлик, ёғ-экстракция, пахта тозалаш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводлари каби 300 дан ортиқ саноат корхоналар йилига бир неча тонналаб чиқиндиларини атроф-муҳитга чиқариб, экологик вазият янада жиддийлашишига, табиий муҳитни ифлосланиши кучайишига сабаб бўлмоқда. Фаолият олиб бораётган саноат корхоналардан табиий муҳитга аммиак, олтингугурт ангидриди, фенол, углеводород, водород сульфид, ацетон, азот (II)-оксиди, қурум, чанг, метан ва нефть маҳсулотлари ҳамда баъзи бир зарарли чиқиндиларнинг рухсат этилган меъёридан бир неча баробар кўплиги сақланмоқда. Шунингдек, атмосферанинг қуйи қисмида сув буғлари, углерод (II) оксиди, хлор, метан, азот оксиди, углеводородлар ва фреон газлар миқдорининг ортиши экологик муҳит сифатининг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда.
Фарғона водийсида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кучли антропоген босим остида қолганлиги учун ўзининг дастлабки ҳолатини йўқотган. Водийнинг тоғолди пролювиал текислик ва адир грядаларининг чала чўл ўсимликлари, Сирдарё, Норин ва Қорадарё қайирларидаги тўқайзорлар тамомила дегадрациялашган. Кўплаб ўсимлик турларининг табиий популяциялари камайиб, ареаллари ҳам қисқариб бормоқда. Айрим турлар эса Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби”дан жой олмоқда. Ҳозирги кунда Фарғона водийсидагаи ўсимликларнинг 31 тури, ҳайвонларнинг эса 44 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”киритилган (2019 й.).
Водийда чиқиндилар асосий экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Чиқиндилар йиғиладиган полигонлар тўғрисида маълумот ва уларнинг ҳолати, шунингдек атроф-муҳитга ва инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиш эҳтимоллиги даражаси юқорилиги билан характерланади. Фарғона водийсида маиший чиқиндиларни жойлаштириш бўйича 36 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, умумий ер майдони 229,5 гектарни ташкил қилади. Чиқинди полигонларининг 34 таси шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги “Ободонлаштириш” бошқармалари, 1 таси Поп туман Олтинкон корхонаси ва 1 та Поп туман “Узрубероид” МЧЖ балансида туради.
Бундан ташқари, Фарғона водийсида трансчегарвий экологик муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳам ривожланиш хусусиятига эгадир. Жумладан, водийнинг жанубий ҳудудлари (Фағона вилояти ҳудуди) Фарғона водийсидаги экологик хавфсизлик билан боғлиқ бўлган долзарб экологик муаммолардан бири сув ресурсларини бошқаришдир. Чунки водийга кириб келадиган барча дарёлар транчегаравий хусусиятга эга бўлиб, уларнинг бошланиши Қирғизистон ҳудудидан бошланади. Булар экологик индикаторлар асосида баҳоланганда ўртача ифлослган даражада кириб келиши аниқланган ёки Норин дарёси ҳавзасига қурилган янги гидротехник иншоотлар (Қамбарота 1,Қамбарота 2) Сирдарёни сув режимини ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, водийда ерларни деградацияси ҳам кучайиб бормоқда. Бугунги кунда водийда суғориладиган ерларнинг 45 фоизи Сирдарё ҳавзасида жойлашганлиги билан характерланди [3: 144.].Суғориш тизимини эскирганлиги, коллектор-дренажларни вақтида таъмирламаслик тупроқ таркибини ўзгаришига ва сув босган ерлар майдонини кенгайишига сабаб бўлмоқда. Масалан, охирги 10 йилда суғориладиган майдонга нисбатан шўрлашган ва сув босган ерлар майдони тахминан 25 фоиздан 50 фоизгача ошган. Ҳозирги вақтда 31 фоиз суғориладиган ерларда гурунт сувларини сатҳи 2 метрда жойлашган, 28 фоиз суғориладиган ерлар кучсиз ёки юқори даражада шўрлашаган бўлиб бу ҳосилдорликни 20-30фоиз пасайишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга водийда саноат ва маиший чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ҳамда зарарсизлантириш масалаларини ҳал этиш ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Айниқса, радиацион ҳавфсизлик масаласини зудлик билан ҳал этиш зарур.
Ўзбекистон ҳудудинин айрим қисмлари жумладан, Фарғона водийси ҳам сўнги 40 йил мобойнида уран қазиб олиш ва радиактив чиқиндиларни сақлаш макони бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ана шундай радиакатив чиқиндилар кўмилган обеъктлардан бири Сирдарёни ирмоғи Майлуу-Суу дарёси ҳавзасида яъни, Ўзбекистон чегарсидан 30 км узоқликда жойлашган бўлиб, у ерда 23та чиқиндили қолдиқ омборлар ва балансдан ташқарии рудали тупроқ уюмлари мавжуд. Агарда, фавқулодда сел-кўчки вазияти руй берса, Майлуу-Суу дарёси ҳавзсидаги қолдиқ омборлар ва балансдан ташқари рудали тупроқни ювилиши радионуклидларнинг Майлуу-Суу дарёси сувларига ташланиш эҳтимоли кучаяди, бу эса қўшни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти туманларининг экологик вазиятини кескинлаштиради ёки 300 км2 майдонни радиактив моддалар билан ифлослайди [4:192.]. Худди шундай радиактив чиқиндилар сақланадиган омборлар водийнинг жанубий ҳудудларига чегарадош Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги саноатлашган марказлар Қадамжо, Ҳайдарконда жойлашган бўлиб улар атрофдаги ҳудудларнинг оғир металлар ва заҳарли моддалар билан ифлосламоқда. Чиқиндилар сақлаш жойлари, атроф муҳитни ҳимоялаш учун имконият бермайди. Кучли шамол таъсирида саноат чиқиндиларни чанги Қадамжойдан Ўзбекистон ҳудудига ҳам тарқалади. Сувда эрийдиган чиқиндилар таркибидаги маргумиш, симоб, олтингугурт, сурьма каби заҳарли моддалар эса ёмғир билан бирга Шохимардон сойга у орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келади ва экологик муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Хайдаркон симоб акционерлик жамиятидан чиқаётган симобли чиқиндилар шу ҳудуд атмосфера ҳавоси ифлословчи асосий манба бўлиб ҳисобланади. Олиб борилган изланишлар шуни кўрсатадики, симоб барча атроф мухит объектларида (тупроқ,сув ҳаво) учраб атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир этмоқда. Симоб билан организмни зарҳарланиши: Жанубий Ғарбий зонада 139,2мг/сут, шарқда 115,20мг/сут, Жанубий шарқда 67,2 мг/сут, шимолда 65,25 мг/сут ва Шимолий-ғарб зонасида 39,84 мг/сут. Айниқса, бола организмини заҳарланиши 1,9 мартага кўпроқ кузатилган.1 суткада атмосфера ҳавосида 11,23 мг/м симоб кўрсатилган. Шундан, қишлоқ ахолисининг 1 суткалик заҳарланиши 260,5 мг/сут,у катта организимлар учун 181,15 мг/с, бола организми учун 341,39 мг/сут. Таҳлилга кўра симоб чанги энг кўп концентрацияси очиқ сув ҳавзаларида кузатилади. Хайдаркон зонасида симоб концентрацияси нормадан 1,8 марта кўп. Бу ҳолатлар симоб нормадон кўп бўлмаган тақдирда ҳам атмасфера ҳавосини заҳарлайдиган токсик модда ҳисобланади.
Умуман Фарғона водийсида атроф муҳитни муҳофаза қилиш боғлиқ экологик муаммоларни ҳал этиш зарур деб ҳисоблайман.
- Ер ва сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш. Аҳолини ерлардан унумдорлик билан фойдаланиш ҳақида тарғибот ишларини олиб бориш.
- Аҳоли ўртасида маҳаллий саноат корхоналаридан чиқаётган чиқиндиларни белгиланган жойга олиб бориш ҳақида тушунчалар бериш. Чиқиндиларни ташлаш бўйича инфографика ишла чиқиш ва аҳолига тарқатиш.
- Транчегаравий экологик муаммоларни бартараф этишни ташкил қилиш.
4.Яшил макон умуммилий дастури лойиҳасини сидқидилдан ёндашиш.
Улардан энг асосийси трансчегаравий экологик муаммолар бўлиб, уни ҳал этишда нафақат Ўзбекистон, балки, Қирғизистон ва Тожикистон республикалари билан ҳамкорликда амалга оширишни тақазо этади. Ушбу муаммолар ечимини топишнинг ишончли усулларидан бири давлатлараро ҳамкорликда Фарғона водийси геоиқтисодий, геодемографик вазиятини ифодаловчи геоахборот тизимини яратиш ва шу асосда тадқиқот ишларини олиб боришдан иборат.
Абдуғаффор НАЗАРОВ,
Наманган давлат университети
география фанлари доктори, доцент.