Жон – омонат, уни асранг!

Мулоҳаза

Охирги пайтларда “соғлом турмуш тарзига амал қилинг” деган гап тез-тез қулоғимизга чалиняпти. Ҳатто, бу давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз сиёсатининг асосий йўналишига ҳам айланиб улгурди. Тўғри, соғлом халқ, соғлом миллат – мамлакатнинг энг катта бойлиги. Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар моҳиятида ҳам худди шундай мақсад мужассам.

Қувонарлиси, сўнгги пайтларда кўплаб юртдошларимиз соғлом ҳаёт тарзига риоя этишга одатланмоқдалар. Бироқ ҳамон ўз саломатлигига бефарқ инсонлар ҳам учраб турибди…

Атрофга назар ташлайлик. Ёши қирқдан эндигина ошган оғайнимиз шу қадар ортиқча вазн йиққанки, танимаганлар унга бир қарашда элликдан ортиқ ёшни беради. Бироз ҳаракат қилса ҳансираб қолиши, юрагининг безовта бўлиши уни сира ташвишга солмайди. Аксинча, ҳар ҳафта охирида чойхонада ёғлиқ палов ейишдан ўзини тиёлмайди. Бир ҳафта бу одати канда бўлса, ўзини қувватсиз ҳис қилаётгандай бўлади. Бир қадам пиёда юрмайди, юз-икки юз қадам наридаги дўконга ҳам машинасида бориб-келади…

Худо кўрсатмасин, эртага унинг тўсатдан вафот этганини эшитсак, ҳайратга тушамиз. “Ахир, кеча юрувди-ку, соппа-соғ эди” деймиз… Йўқ, у соғлом эмасди, ортиқча вазни билан, нотўғри овқатланиши билан, камҳаракатлилиги билан ўз умрини кун сайин қисқартириб бораверди-ку?! Ўзига сира ачинмади. Саломатлигимга эътиборли бўлайин, спорт билан шуғулланайин, ҳеч йўқ кунда бироз пиёда юрайин, демади. Юрагига раҳми келмади…

Айрим аёл-опаларимиз, оналаримиз-чи? Афсуски, улар ҳам ўз жонларини эҳтиёт қилиш ҳақида ўйламайдилар. Қон босимининг тез-тез ошишидан шифокорлар хавотирланади, лекин уларнинг ўзлари заррача ташвишланмайди. Қон босими меъёрига келиши билан яна тўй-марака, гап-гаштаклар сари отланадилар. Хамирли, ёғли овқатларни ошқозонга сиғса-сиғмаса еяверадилар. Тўғри, улар ҳам ҳамма қатори ейишга ҳақли. Аммо ортиқча егулик – соғлиққа зарар, асло фойда эмас!

Яқинда бир воқеа бўлди. Қайнона келинини ҳайдаб солибди ва қабул қилишни истамаяпти. Можаро бизнинг ҳузуримизгача етиб келди. Сабаб – қудасиникидан тоғора-тоғора йўқлов келганида, улардан ҳаддан ортиқ тановул қилаётган қайнонасининг соғлигидан хавотирланган келиннинг: “Озроқ енг, ойижон, ошқозонингиз оғриб қолса, қийналасиз”, дегани!

“Онаси жўнатган овқатларни еганимни кўролмади, кўзимга кўринмасин!” деган гапни маҳкам ушлаб олган қайнонага келини душман эмаслигини, унинг саломатлигини ўйлаб гапирганини тушунтиргунча эсимиз кетди…

Биз – кап-катта, онгли инсонлар қачон соғлигимиз, бу жон омонат эканини англаб етамиз?

Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Қолаверса, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Баданни тарбия қилиш, вожиб”, деган бўлсалар, имом Шофиий:  “Баданни тарбия қилиш – фарз”, дея уқтирганлар.

Шундай экан, ҳар биримиз бадан саломатлигига эътибор қаратиб, тартибли овқатланишимиз, жисмоний тарбия билан шуғулланишимиз, соғлигимизни асрашимиз керак.

Зеро, динимиз саломатликни асрашни тананинг ҳаққи деб қарайди ва бу ҳақни Роббининг ҳаққи қаторида санайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганларини унутмайлик. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, бу жон – омонат, унинг сўроғи бор…

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ.