Руҳий қарамликдан жиноятгача - бир қадам...

Огоҳ бўлайлик!

Ҳаёт соғлом фикрлилик, тўғриликда, яхши ният-мақсадлар аро ўтгандагина, мазмунли ва чиройлидир. Бир дақиқаси ҳам ортга қайтмас умр асли имкон, унинг ҳам қандай ўтказилгани хусусида кун келиб Яратган ҳузурида ҳисоб беришга мажбурмиз. Биз ота-оналар эса нафақат ўзимиз, балки фарзандларимиз, қарамоғимиздаги ёшлар ҳаёти учун ҳам масъулмиз. Бугунги турли таҳдидлар авж олган бир даврда бу масъулият бир неча баробар ортмоқда…

Афсуски, кейинги пайтларда ёшларимиз орасида кучли таъсир қилувчи ва таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларига қарамлик иллатига ружу қўйиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Жуда кўп мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари билан бирга психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилувчиларнинг сони ошиб боряпти ва яна афсуски, бу иллат бизга ҳам бегона эмас!

Бу балонинг ёшлар орасида оммалашиши жуда хавфли. Айрим ёшлар дастлаб тўқликка шўхлик қилиб, ўзини чалғитиш маъносида, бошқалар эса ўзи билмаган ҳолда – алдовлар натижасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар қурбонига айланиб қоляпти. Ёшларнинг ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит, бепарволик, эътиборсизликни сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Мамлакатимизда барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Бироқ ёшлар орасида синтетик гиёҳвандлик воситалари ва “енгил наркотик” сифатида оммалашиб бораётган дори-дармонлар истеъмолига чек қўйиб бўлмаяпти. Негаки, ёшларни дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган бир пайтда, уларни алдов йўллари билан гиёҳвандлик домига илинтираётганлар жуда кўп. Улар моддий манфаатдорлик мақсадида оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, унинг истеъмолини тарғиб қилишмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади: аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Бир неча дақиқалик “фароғат” туйғусидан кейин эса, азобли занжир қисми бошланади: юрак ва қон томир тизими бузилиши натижасида қон босими кескин ўзгариб, томирлар тортилади, юрак “чарчаб” ишдан чиқади, жигар ва буйрак фаолиятини сусайтиради, иммун тизимини заифлаштиради, организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилияти пасайиб, энг кичик инфекция ҳам оғир хасталикларни келтириб чиқаради.

Энг ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, у оилага муҳаббатни, ота-она қадри, яқинлар меҳри, ҳаёт мазмунини ҳис этмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик уни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан — ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Унутмайликки, гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши эмас, бутун жамият бирдек масъул.

Динимизда ҳам гиёҳвандлик, маст қилувчи моддалар истеъмоли таъқиқланади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром” экани ҳақида огоҳлантирганлар. Ибн Сирийн (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган қудсий ҳадисда эса Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”…

Динимизнинг бу қабиҳ иллатга кескин муносабати гиёҳвандликнинг инсон жисм, руҳи, насли ва ахлоқига катта зарар етказиши туфайлидир. Гиёҳвандлик йўлига кириб қолганлар яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажрата олмай қолади. Улар нафсларини бир мартагина қондириш учун ҳар қандай мудҳиш жиноятга қўл уришга тайёр туришади. Гиёҳвандликнинг зарари уларнинг ўзларигагина эмас, келажак авлодларига, зурриётларига ҳам катта зарар етказади, уларнинг фарзандлари кўпинча майиб-мажруҳ, ақли ноқис, руҳий хаста ва  абгор бўлиб туғилади. Шугина эмас, гиёҳвандлик жамиятда илмни ҳам, маърифатни ҳам, умуман олганда, барча инсоний қадриятларни ҳам яксон этади.

Демак, бу хавфли иллатнинг олдини олишда барчамиз – давлат ва жамоат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва ота-оналар ҳамжиҳат ҳаракат қилмоғимиз керак. Чунки соғлом ёшлар миллатнинг бебаҳо бойлигидир!

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.