Бугунги кунда олий таълим муассасаларида нафақат билим бериш, балки талабаларни ҳуқуқий саводхон, ижтимоий масъулиятли шахс этиб тарбиялаш долзарб масалага айланган. Бу борада Наманган давлат университетида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бошқа олий таълим муассасалари учун намунали тажриба бўлишга арзирли.
Университетга бириктирилган профилактика инспекторлари – Азизбек Тўхтабоев, Зуҳра Каримова ва Дилмурод Каримовлар томонидан 2024-2025 ўқув йили давомида талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этиш йўлида тизимли ва комплекс ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, йил бошидан буён университет факультетлари кесимида 85 маротаба «Давомат», «Тиғ», «Орият» тадбирлари ўтказилди. Бу жараёнда ички тартиб-қоидаларга риоя қилмаётган талабалар аниқланиб, улар билан индивидуал тушунтириш ишлари олиб борилди.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг камайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. 2023 йилда 16 нафар талаба жиноят содир этган эди, 2024 йилда бу кўрсаткич 4 нафарни, 2025 йилнинг дастлабки уч ойида эса 1 нафарни ташкил этди. Кўриниб турибдики, талаба-ёшлар ўртасида билиб-билмай жиноят ва ҳуқуқбузарликка қўл уриш ҳолатлари кескин камаймоқда. Бу рақамлар фақат статистик кўрсаткич бўлибгина қолмай, олиб борилаётган амалий ишларнинг самарасини ҳам ўзида яққол акс эттиради.
Талабалар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмоли ва савдосига доир жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ҳам муайян натижаларга эришиляпти. Бу йўналишда вилоят наркология диспансери мутахассислари билан ҳамкорликда мунтазам равишда давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ҳам ташкил этилиб, талабалар «Cйбер 102» ахборот платформасига аъзо қилинди. Натижада кибержиноятлардан жабрланиш ҳолатлари кескин камайган.
Университетда талаба қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, улар ҳуқуқ ва манфаатларини тегишли тартибда муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Инспектор Зуҳра Каримова бошчилигидаги ишлар айниқса, эътирофга лойиқ бўлиб, унинг фаолиятида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишда фақат жазолаш эмас, балки психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ёндашуви устуворлик касб этмоқда.
Шунингдек, ижарада яшовчи талабалар ҳолати доимий назоратда. 2024 йилда 3500 нафар, 2025 йилда эса 1720 нафар талаба ижарада яшаётгани аниқланди. Улар истиқомат қилаётган 866 та хонадонга ташриф буюрилиб, талабаларнинг яшаш шароитлари ўрганилди. Бу талабалар хавфсизлигини таъминлаш баробарида уларнинг ижтимоий муаммоларини эрта аниқлашга ва амалий ёрдам кўрсатишга хизмат қилмоқда.
2024 йилда университетда 180 та маънавий-маърифий, ватанпарварлик ва спорт йўналишларидаги тарғибот тадбирлари ўтказилди. «Ҳарбий қисмларга ташриф», «Жазони ижро этиш муассасаларига ташриф», «Депутат ва ёшлар учрашуви» каби лойиҳалар орқали талабалар ҳаётга реал нигоҳ билан қарашга ундалди, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш имконияти яратилди.
Ўз навбатида, Наманган давлат университетида таҳсил олаётган хорижлик талабалар, хусусан, тиббиёт факультетида ўқиётган ҳиндистонлик талабаларга ҳам университетнинг ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодекси билан таништирувчи давра суҳбатлари ташкил этилди. Бу эса уларнинг ижтимоий мослашуви ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Наманган давлат университетида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар юртимиз таълим тизимида самарали профилактика механизмларининг амалий намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Талабанинг нафақат билими, балки тарбияси ва ҳаётий масъулиятига устувор қадрият сифатида қаралаётгани бу борадаги ёндашувнинг илдам, изчил ва инсонпарвар эканини англатади.
Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети «Пресс клуб» раҳбари.