Наманганда катта миқдордаги сифати кафолатланмаган дори воситалари йўқ қилинди

Бу иш Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги ижро ҳаракатлари давомида амалга оширилди. Маълум бўлишича, Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида иккита ҳолатда ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар фаолиятига чек қўйилган. Жумладан, вилоят марказида яшовчи Д.Б. ва бир гуруҳ шахслар айни юмуш билан шуғулланиб келишган.

Яна икки ҳолатда вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари томонидан айланмай йўллар орқали бир гуруҳ шахслар томонидан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини олиб киришга уриниш фош этилган.

— Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жазо муқаррарлиги таъминланиб, суднинг қарорига асосан ҳуқуқбузарлардан олинган ашёвий далилларни йўқ қилиш белгиланган, — дейди МИБ вилоят бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рапиқов.

Куни кеча ўтказилган навбатдаги тадбирда тегишли идоралар масъуллари иштирокида 839 турдаги 1 миллиард 150 миллион сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ёқиш, тўкиб ташлаш ва синдириш йўли билан йўқ қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ «Халқ сўзи».