Наманганда илк бор янги тартибда маҳалла раиси сайлови ўтказилди

1 май куни Наманган шаҳрининг «Даштбоғ» маҳалласида фуқаролар йиғини раиси сайлови бўлиб ўтди. Жараён очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, маҳалла аҳолиси иштирокида адолатли тарзда ўтказилди.

Бу сайлов «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар асосида ташкил этилиб, маҳалла тизимини демократлаштириш ва фуқароларнинг ўз ҳудудидаги бошқарувда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Қонунга мувофиқ, эндиликда маҳалла раислари 5 йил муддатга сайланади. Бу эса, узоқ муддатли режа асосида ишлаш имконини беради.

Наманган шаҳридаги 62 та маҳаллада 400 дан ортиқ «маҳалла еттилиги» аъзолари фаолият юритмоқда. Уларнинг мувофиқ ишлаши, энг аввало, маҳалла раисининг салоҳияти ва фуқаролар ишончига боғлиқ.