Ислом дини – инсонни икки олам саодатига етакловчи буюк неъмат. Унинг ҳар бир амри, ҳар бир кўрсатмаси инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Жумладан, Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган Ҳаж ибодати нафақат диний бурч, балки руҳий покланиш, маънавий юксалиш, ихлос ва садоқат мезони сифатида ажралиб туради. Ҳаж – мусулмон кишининг Аллоҳ билан руҳий учрашувга чиққани, дунёвий либослардан йироқлашиб, ихлос билан Роббиси ҳузурига юз тутгани демакдир.
Бироқ, бу улуғ ибодат атрофида сўнгги йилларда жамиятда шаклланаётган айрим урф-одатлар, маросимлар Ислом таълимотидан мутлақо четда бўлиб, бунда баъзи замондошлар давлатини кўз-кўзлаш, манманлик билан машғул бўлиб қолмоқдалар, исрофгарчиликка йўл қўймоқдалар.
Айниқса, ҳожиларни кузатиш ва кутиб олиш жараёнларида меъёр унутилиб, расмиятчилик ва дабдабабозликнинг кўзга ташланаётгани ачинарлидир. Афсуски, бу каби ҳолатлар айрим жойларда ҳашаматли тадбирга айланиб кетмоқда.
Ваҳолонки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бандаларини исрофдан қайтаради: “Еб-ичинг, лекин исроф қилманглар! Албатта, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).
Шунингдек, исроф қилувчиларни “шайтоннинг биродарлари” деб атаган (Исро сураси, 27-оят). Бу оятлар исрофгарчиликка қандай жиддий муносабат борлигини англатади.
Шундай экан, Ҳажга борувчи мусулмонлар нафақат Маккада, балки йўлга чиқиш вақтидан бошлаб, қайтиб келгунга қадар ҳар бир ҳаракатида ихлос, камтарлик, меъёр, сабр ва одобни намуна қилиши лозим.
Кузатиш ва кутиб олиш маросимларида кўпинча ортиқча харажатлар, катта автомобиллар карвони, қатновни тўсувчи тантанали юришлар, меъёрдан ортиқ зиёфатлар, расм ва баннерлар орқали эътиборни ўзига қаратишга уринишлар Ислом динига зид ҳолатлардир. Буларнинг барчаси – шайтоннинг чалғитувчи васвасалари бўлиб, Ҳаж ибодатининг маънавий моҳиятига путур етказади. Ҳажни адо этган инсон ўзини Аллоҳга яқинроқ ҳис қилиши керак. Шундай бўлса-да, риёга йўл очадиган ҳаракатлар бу юксак ибодатни руҳсиз кўринишга олиб келади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида камтарлик, меъёр ва ихлос устувор бўлган. У зот:
“Маърифатли инсон ўртачаликни яхши кўради. Исроф қилмайди, камтар бўлади”, – деб тарғиб қилганлар. Демак, мусулмон ҳар бир ишида айнан Расулуллоҳнинг йўлидан юриши, меъёрни, оддийликни, ихлосни устун қўйиши лозим.
Ота-она, оила, қариндошлар, қўшнилар яқинининг Ҳажга кетишидан хурсанд бўлишлари табиий. Аммо бу хурсандчилик динимизда тарғиб қилинганидек, камтарлик ва меъёрий қувонч доирасида бўлиши керак. Зеро, жамиятда ҳар хил ижтимоий тоифадаги инсонлар бор – кимдир Ҳажга бориш имконига эга, кимдир эса ҳали бундай имкониятга эга эмас. Ортиқча тантана, беҳуда дабдаба баъзиларни ранжитиши, ҳасад уйғотиши ёки нолиш ҳолатига солиши мумкин. Бу эса бирлик ва меҳрга асосланган исломий жамиятни ичидан емирадиган иллатдир.
Ҳаж – дунёвийликдан ҳоли бўлиб, ихлос билан адо этиладиган, Аллоҳ билан бўладиган улуғ учрашувдир. Унга тантана эмас, тавозе ва ихлос муносиб. Ҳожиларни кузатиш ва кутиб олишда меъёр, тартиб ва диний одобларга амал қилиш – мусулмонлик фазилатининг белгиси саналади. Барчамиз ушбу муқаддас ибодатни асл моҳиятида идрок этиб, жамиятимизда исрофгарчилик, кўз-кўз ва риёдан йироқ, маънавиятга бой муҳитни шакллантиришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме масжиди имом-ноиби