Аҳоли рўйхатга олишнинг моҳиятини тушуниши учун оавнинг ташаббуси зарур

Матбуот анжумани

Мамлакатимиз яна бир муҳим воқелик арафасида турибди. Бир неча кундан кейин республикамизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари бошланади. Ушбу жараёнга жойларда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида ҳам.

Вилоят статистика бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Санжарбек Мелихўжаев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, кўрилаётган тайёргарлик юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди.

Таъкидландики, рўйхатга олиш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида турли мутахассислардан иборат штаб ва унинг ҳузурида, колл-центр ташкил этилган. Шунингдек, маҳаллалар кесимида масъуллар гуруҳи тузилган. Фуқаролар саволларига тезкорлик билан жавоб қайтариш хизматлари ҳам йўлга қўйилган.

Анжуманда маълумот берилишича, вилоят аҳолиси 3 млн. 177 минг нафардан ошган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакат тараққиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Президент Фармонига мувофиқ бу жараён 15 январдан 28 февралгача икки босқичда амалга оширилади: онлайн рўйхатдан ўтиш ҳамда уйма-уй юриб маълумот тўплаш.

Аҳоли рўйхатга олишнинг моҳиятини тушуниши учун оавнинг ташаббуси зарур

Рўйхатга олиш орқали демография, ижтимоий эҳтиёжлар, меҳнат бозори, яшаш шароити ва аграр ресурслар ҳақида аниқ маълумотлар базаси шакллантирилади. Бу эса давлат дастурлари ва ҳудудий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишга муҳим асос бўлади.

Тайёргарлик доирасида 4271 нафар маҳалла фаоллари, аниқроғи, “Маҳалла еттилиги” сафарбар этилган. Уларнинг вазифаси рўйхатга олувчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Шунингдек, аҳолини хабардор қилиш бўйича тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилган – баннерлар, буклетлар, аудио ва видеоматериаллар тарқатилмоқда, таниқли инсонлар иштирокида чиқишлар тайёрланмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан фаол иштирокчиларни рағбатлантириш учун маблағ ажратилган.

Матбуот анжуманида журналистлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб олдилар.

Санжарбек ҲАМИДОВ.