Тақдирларга илм тарҳин чизган устоз

Ҳар гал Ўқитувчи ва мураббийлар куни яқинлашар экан, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда ҳаётимизда муҳим ўрин тутган, қалбларимизда ўчмас из қолдирган, ҳар бир сабоғи кечагидек ёдимизда сақланадиган устозларимиз сиймоси гавдаланади. Беихтиёр ўқувчилик, талабалик даврларига қайтгандек бўламиз. Кўнглимиздаги ҳурмат ҳислари ҳар қачонгидан-да жўш уради.

Ҳа, биз сўз юритмоқчи бўлган устоз — вилоятимиз, эҳтимол республикамиздаги минг-минглаб толиби илмлар ҳаётида ўзига хос ўринга эга бўлган инсон — Наманган давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Носиржон Улуқов!

Устознинг дарс ўтиш, фанни ўқитиш услуби шунчалар ўзига хоски, ҳар бир фикрида қимматли ва бетакрор маъно ва моҳият сезилиб туради. Шунинг учун ҳам ҳар бир дарси талабанинг хотирасида муҳрланиб қолади.

Домланинг дарсларида ёмон ўқийдиган талабанинг ўзи бўлмайди. Сабаби — оддий, устоз мавзуни ипидан игнасигача тартиб билан тушунтириб, мияга жойлаб қўяди. Ўттиз йил аввалдан ҳозиргача Наманган давлат университетининг филология факультетини тамомлаган қай бир талаба билан суҳбатлашманг, Улуқов домланинг сабоғини олган бўлса, улар тилшунослик фанининг ҳақиқий мутахассисидир, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки устоз ўз талабаларининг психологиясини жуда яхши ўқий олади. Қаттиққўл устознинг фанидан бўладиган имтиҳонга ҳамма талаба кучи ва тоқати етганича тайёрланади ва буни устоз жуда яхши билади. Бу Носиржон Улуқовнинг орадаги замон ва макон тафовутига қарамай, қайсидир даражада ўзи ҳам шу ёшдаги талаба бўла олиши, ўз талабаси бўлиб яшай билиш илмидан далолатдир.

Олий таълим тизимида ана шундай салоҳиятли устозларнинг фаолият олиб бориши юзлаб, балки минглаб малакали кадрлар тайёрлашда муҳим омилдир.

Шу ўринда устозимизнинг ҳаёти ва касбий фаолиятига назар ташласак. Гарчи бу аксар таълим тизими вакиллари ва шогирдларига аён бўлса-да.

Профессор Носиржон Улуқов 1966 йилнинг 25 ноябрида Чортоқ туманининг Короскон қишлоғида туғилган. 1983 йилда Чортоқ туманидаги 3-ўрта мактабни олтин медаль билан битириб, Наманган давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинган.

Педагог сифатидаги фаолиятини 1987 йилда Чортоқ туманидаги 1-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилигидан бошлаган. 1991 йилда Наманган давлат педагогика институтининг сиртқи бўлимига методист лавозимига ишга қабул қилинган. 1992 йилда ўзбек тилшунослиги кафедрасида ўқитувчи бўлиб фаолиятини давом эттирган.

Талабаликни ортда қолдирган бўлса-да, ўқиб-ўрганишдан, илмий изланишлардан бир лаҳза бўлсин тўхтамаган Носиржон Улуқов 1997 йилда «Ўзбекча диний матнлар экзотик лексикаси» мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1996-2004 йилларда ўзбек тилшунослиги кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи лавозимларида ишлади, 2005 йилда эса доцент унвонини олди.

Устоз 1993-2000 йилларда ўзбек филологияси факультети деканининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, 2004-2005 йилларда ўзбек филологияси факультети декани, 2009-2010 йилларда ўзбек ва рус тиллари факультети декани, 2010-2012 йилларда ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти лавозимларида иш олиб борди.

Носиржон Улуқов фидойи, ташаббускор ва фаол ташкилотчи мураббийдир. Унинг раҳбарлиги ва ташкилотчилигида университетда лингвистика (ўзбек тили) бўйича магистратура йўналиши очилди. 2006 йилда «Ўзбек филологиясининг долзарб масалалари», 2010 йилда «Актуальные проблемы русской и узбекской филологии» мавзуларида республика илмий-назарий конференциялари, 2004 йилдан то 2010 йилгача  мунтазам русийзабон талабалар учун давлат (ўзбек) тили бўйича республика олимпиадаси айнан Наманган давлат университетида ўтказилди.

Устоз 2010 йилда «Ўзбек тили гидронимларининг тарихий-лисоний тадқиқи» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя  қилди. Ўзбек тилшунослигида биринчи марта гидронимия соҳасини монографик тадқиқ этди ва ономастиканинг гидронимика йўналишига асос солди.

Дарҳақиқат, 2012-2013 йилларда Наманган вилояти педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти проректори, ректори лавозимларида  ишлаган Н. Улуқов 2013-2016 йилларда Наманган давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, 2019-2020 йилларда шу кафедра мудири лавозимларида ишлади. Ҳозирда мана шу кафедра профессори.

Устоз ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг педагогик ва раҳбарлик соҳасидаги вазифалари билан бир қаторда илмий-тадқиқот ишларида ҳам ютуқларга эришган сермаҳсул олим эканига гувоҳ бўламиз. Ҳозирга қадар олимнинг 300 дан зиёд илмий, илмий-оммабоп, методик мақолалари илмий тўпламларда, «Ўзбек тили ва адабиёти», «Тил ва адабиёт таълими», «Филология масалалари» каби илмий журналларда ва Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби хорижий ва МДҲ мамлакатларида, «Битирув-малакавий иш», «Туркий филологияга кириш», «Ўзбек ономастикаси», «Ўзбек ономастикаси терминларининг изоҳли луғати», «Янги педагогик технология асослари», «Наманган вилоятидаги сув объекти номларининг имло луғати», «Гидронимик индикаторларнинг лисоний тадқиқи», «Она тили мадҳи», «Илм ҳикмати», «Ботаник терминлар луғати», «Магистрлик диссертацияси», «Назарий тилшунослик масалаларидан курс иши», «Туркий филологияга кириш» ва «Тилшунослик назарияси» каби ўн бешдан зиёд илмий, ўқув-методик китоблари, «Ўзбек тили гидронимларининг тарихий-лисоний тадқиқи» номли монографияси нашр этилган.

–  Носиржон Улуқов иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва тайёрлаш борасида ўзининг мактабини яратган олимдир, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳавасхон Солихўжаева. – Ҳозирга қадар унинг илмий раҳбарлигида 100 дан зиёд битирув-малакавий иши, 20 зиёд магистрлик диссертацияси ҳимоя қилинди. Унинг илмий раҳбарлигида 12 нафар ёш тадқиқотчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди.

Жумладан, жорий йилда кафедра таянч докторанти Миноввархон Ҳожиева «Филолог-талабалар терминологик компетентлигини ривожлантиришнинг илмий-методик асослари ва технологиялари» мавзусида таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (ўзбек тили ва адабиёти) ихтисослиги бўйича (PhD) диссертациясини ва кафедра мустақил тадқиқотчиси Дилдора Сативолдиева «Ўзбек тили топонимик тизимида конверсия ва трансонимизация» мавзусидаги ўзбек тили ихтисослигидан филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини  ҳимоя қилди.

Аҳамиятлиси, устозимизнинг раҳбарлигида кафедрада Туркий Республикасининг Эгей университети билан ҳамкорликда қиймати 900 миллион бўлган 2024-2026 йилларга мўлжалланган «Ўзбек ва турк геортонимларининг лингвокултурологик, этнолингвистик тадқиқи» номли фундементал лойиҳа бажарилмоқда.

Устоз айни пайтда Наманган давлат университетининг илмий кенгаш раиси ва Фарғона давлат университети ҳузуридаги илмий кенгаш ҳамда илмий семинар аъзоси. Шу кунгача йигирмадан зиёд филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва филология фанлари доктори (DSc) диссертацияларига оппонентлик, ўнлаб илмий, илмий-методик китобларга масъул муҳаррирлик ҳам қилган бўлса, ҳозир ҳам ўндан зиёд ёш тадқиқотчиларнинг магистрлик ва докторлик  диссертацияларига  илмий раҳбарлик қилиб келмоқда.

Шогирднинг сўзларида жой бор. Устоз олим Носиржон Улуқов ҳозирда республика ва вилоят ҳокимлигида ташкил этилган топонимик комиссия аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасининг тил, географик номлар борасидаги сиёсатини ташвиқ ва тарғиб этиш, бажариш борасида ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Республика, вилоят оммавий матбуотида тил одоби, нутқ маданияти ва жой номларини тартибга солиш масалаларига доир 30 дан зиёд мақолалари нашр этилган.

Қолаверса, Н. Улуқов 2016 йилда «Олий таълим муассасининг энг яхши педагоги» танлови Республика босқичининг гуманитар фанлар таълим соҳаси бўйича «Энг яхши педагог-тадқиқотчи» номинацияси бўйича 1-ўринни олган ва кўп йиллик самарали меҳнатлари ва таълим-тарбия жараёнининг такомиллаштиришда эришган муваффақиятлари учун «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони ва Алишер Навоий халқаро медали билан тақдирланган.

Хулосамиз одатий сўзлардан иборат бўлиши мумкин. Яъни: ўқитувчи, устоз – дунёдаги энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи мўътабар зот. Улар ёшларга илм, билим бериш билан бир қаторда баркамоллик сари етаклайдилар. Устозлар ҳар биримизнинг келажагимиз учун тамал тошини қўйгувчилардир…

Бироқ тан олайликки, бу сўзларда заррача муболаға йўқ. Байрам арафасида устозимиз – Наманган давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Носиржон Улуқов ҳақида имкон қадар дил сўзларимизни қоғозга туширдик. Буни арзимас байрам туҳфаси сифатида қабул этинг, устоз!

Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети қошидаги “Пресс-клуб” раҳбари