Республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ҳамда Туркиянинг “Мемориал” клиникаси жамоалари ўртасида мунтазам ҳамкорлик ўрнатилган.
Хорижий клиниканинг етакчи шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зафер Токташнинг Наманган вилоятига ташрифи мазкур ҳамкорликнинг амалий босқичига кенг йўл очди.

Зафер Токташ жаҳоннинг кучли нейрожарроҳлар сафига киради. У Кембридж университетининг тиббиёт факультетини битирган, АҚШ, Европа давлатларида малака оширган. Бош мия, орқа мия, гипофиз ўсмалари, умуртқа поғонаси бўйин қисми стенози, мия стимуляцияси бўйича илмий-амалий тадқиқотлари, тажрибалари билан жарроҳликни такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшган. Туркиялик шифокор наманганлик ҳамкасбларини бош-бўйин онкологиясига оид юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари янгиликлари билан таништирди.

– Дунё бўйлаб бўйин-бош мия ўсмалари билан хасталанишлар кўпаймоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам шу ташхис билан диспансер ҳисобига олинаётганлар ойига 1,5-2 баробарга ортган, – дейди Республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали жарроҳлик бўлими бош-бўйин онкологи Акмалжон Боймирзаев. – Уларни даволашда бирдан-бир чора жарроҳлик, кимё ва нур терапияси. Аксарият хасталардаги ўсмаларни 95 фоизгача олиб ташлаб, сўнгра нур ва кимё терапия билан даволашга киришганмиз. Аммо, турк ҳамкасбимиз фикрига кўра, баъзан ўсма миянинг операция қилиш қийин бўлган зичликларигача кирган ҳолатлар учрайди. Профессор Зафер Токташ ана шундай вазиятларда нур ва кимё терапияси қўллашнинг янги йўл-йўриқларини мультимедиа воситасида кўрсатиб берди.
Филиал фаолияти билан яқиндан танишган туркиялик шифокор онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашнинг ноёб, энг сўнгги русумдаги технологик воситаларга юқори баҳо берди.
Ташриф давомида, икки томонлама тиббий кўрик ва тажриба алмашувларни фаоллаштириш, айниқса, ташхис ва жарроҳлик йўналишларида телемедицинадан кенг фойдаланиш борасида келишувга эришилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА