Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида туғма юрак нуқсонларига қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали бу йўналишда юртимизда етакчи тиббиёт масканларидан бирига айланмоқда.
Жаҳон тажрибасига кўра, ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоқдан камида 8–10 нафари туғма юрак нуқсони билан дунёга келади. Уларнинг айримларига мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари талаб этилади. Ўзбекистонда мазкур муаммо давлат сиёсати даражасида кўриб чиқилмоқда ва муаммонинг самарали ечими таъминланмоқда.
Намангандаги мазкур филиалда замонавий тиббий ускуналар ёрдамида юрак нуқсонларини бартараф этиш бўйича очиқ ва ёпиқ турдаги операциялар мунтазам амалга оширилмоқда. Австриядан олиб келинган, умумий қиймати 10 миллиард сўмга тенг бўлган юқори аниқликдаги ускуналар фаолиятга жорий қилинган.
Ҳар ҳафта 2–3 марта юрак операциялари ўтказилади. Улар 3 соатдан 12 соатгача давом этади. Операцияларга Республика болалар миллий тиббиёт марказининг кардиожарроҳи Азизбек Сиддиқов раҳбарлик қилмоқда.
Яқинда марказда 9 ойлик Муҳаммадсафода муваффақиятли юрак операцияси амалга оширилди. Унинг аҳволи барқарорлашиб, бола соғлом ҳаёт сари илк қадамни ташламоқда.
2025 йилда давлат тиббий суғуртаси доирасида 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу маблағ орқали юрак нуқсонига чалинган болаларга бепул операциялар ўтказилади. 2024 йилда 65 нафар болага шундай имтиёзли жарроҳлик ёрдами кўрсатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 120 нафарга етказилиши режалаштирилган.
Операцияларда «Окулюдор» технологиясидан фойдаланилаётгани мураккаб амалиётларни юқори аниқлик билан амалга ошириш ва хавф даражасини пасайтириш имконини бермоқда.
Бу тиббий муассасанинг фаолияти – соғлом авлодни тарбиялаш, оилалар бахтини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожига хизмат қиладиган муҳим пойдевор саналади.
Улуғбек Собитов,
журналист