Наманганда ҳарбий хизматчилар учун янги турар-жой фойдаланишга топширилди

Наманганда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар учун янги турар-жой фойдаланишга топширилди. Давлатобод туманида барпо этилган 16 қаватли бино 96 хонадондан иборат бўлиб, хизмат қилиб келаётган ҳарбийлар ва уларнинг оилаларига тақдим этилади.

Уйда 64 та икки хонали ва 32 та уч хонали хонадон жойлашган. Барча квартиралар алоҳида иссиқлик тизими билан таъминланган. Бино таркибида иккита лифт, автотураргоҳ ва болалар ўйин майдончаси мавжуд.

Лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллиард 879 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу ҳудудда жами тўртта 16 қаватли, 384 хонадонли турар-жой биноси қурилиши режалаштирилган. Байрам арафасида улардан дастлабкиси фойдаланишга қабул қилинди.

Келгусида «Янги Наманган шаҳарчаси»да ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун мактаб, болалар боғчаси, поликлиника ҳамда иш билан таъминлашга қаратилган инфратузилма объектлари барпо этилиши кўзда тутилган.