– Комилжон ака, ҳар қайси мутахассиснинг академик мақомига эришиш жараёни ниҳоятда мураккаб кечади. Бу учун тамал тоши мактаб ва кейин олий ўқув юртида қўйилади. Шу маънода ўқувчилик ва талабалик даврингиздаги илм-фан билан ошно тутиниш жараёнлари ҳақида сўзлаб берсангиз. Бунда оилавий муҳит ва устозларингизнинг таъсири қандай бўлган?
– Мактаб ёши, балки ундан сал олдинроқ ҳам атроф-муҳитдаги жараёнларга қизиқишим кучли бўлган, айниқса, ўсимликлар, ўсимликларнинг илмий номларини билиш, бу орқали ўз билимимни кучайтиришга ҳаракат қилганман. Бугунги даражага етиб келишимда, аввало, оиламиздаги тарбия, муҳитни биринчи ўринга қўйган бўлардим. Чунки бу йўлларда устозим, падари бузрукворим, отам – биология фанлари доктори, профессор Шарофиддин домла Тожибоевнинг меҳнати жуда катта бўлган.
Отам – менда илк бор илмга қизиқишни уйғота олган, келажагим учун пойдевор қўйган инсон. Мендаги биология фанига, жумладан, ўсимликлар хилма-хиллигига, ботаника оламига қизиқишни отам жуда ёшлигимдан, ҳали мактабга бормаган чоғимдан уйғотишга эришганлар. «Менинг ўғлим профессор бўлади», дердилар болалигимда. Ўша пайтда бу сўзнинг маъносини тушунмаганман. Бироқ отамнинг доим менга бугунгидай улуғ мартабани Аллоҳдан сўраганлари ёдимда қолган.
Бу жараёнда онамнинг ҳам ўрни ниҳоятда катта бўлган. Раҳматли онамнинг исмлари Муҳсинахон эди. Волидамнинг менга қилган жуда катта яхшилиги бу – бадиий китоб ўқишга бўлган меҳрни уйғотганлари. Онам ҳам жуда кўп ўқирдилар.
Эслайман, мактабнинг бешинчи-олтинчи синфларида ўқиётган давримда онам билан бир пайтнинг ўзида битта китобни ўқирдик ва бир-биримиз билан қизғин тортишувлар, муҳокамалар қилардик. Бош қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатлари, қарори, кейинги қўйиши мумкин бўлган қадамлари, келгусидаги тақдири, ёзувчи бу асар орқали нимага ишора қиляпти, деган фикрларни мен ўша чоғларда онам билан бўлган суҳбатларда англаганман ва катта дарс олганман.
Бир сўз билан айтганда, китобга бўлган меҳрни қалбимга ота-онам сингдирди. Онам сўзлаб берган ўзбек халқ эртаклари моҳиятини кўп мушоҳада қилардим. Саволларим жуда кўп бўларди. Мактабга қадам қўйгунимга қадар ҳарф таниб, жуда кўп ўзбек халқ эртаклари китобларини ўқиб бўлгандим. Кейинчалик юқори синфларга ўтганимда ғарб ва классик адабиётни ўқишга қизиқдим. Бунга Ғайбулла ака Шарофиддинов сабабчи бўлди. Ғайбулла ака ўша пайтда «Шаҳанд» санаторийсида стоматолог-врач бўлиб ишлардилар, ҳозир нафақада. Шу киши менга ўзи сотиб олган китоблардан хоналарида фойдаланишимга шароит яратиб берибгина қолмай, мен учун алоҳида китобларни сотиб олиб, ўқишимни таъминлаганлар.
Мен аввал Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғидаги 34-мактабда, кейин юқори синфларни 33-мактабда давом эттирганман. Бизга сабоқ берган ўқитувчиларни чуқур мамнуният билан эслайман. 33-мактабга ўтганимдан кейин менда биология фанига бўлган қизиқиш, салоҳият, имкониятни ўз вақтида англаб, истеъдод қирраларини ривожлантирган устозим – биология фани ўқитувчиси Раҳимахон устозим бўлди. У киши мени 3 йил давомида биология фани бўйича туман, вилоят, республика фан олимпиадаларида қатнашишимга, уларда ғолиб бўлишимга катта ҳисса қўшди.
Олий ўқув юрти эса ҳаётимдаги энг муҳим босқич бўлди. Наманган давлат университетининг биология факультетининг биринчи қалдирғочлари биз эдик. Университетдаги таълим жараёни, сабоқлар, илм олиш муваффақияти, устозлар бошлаган мактабни давом эттиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар менга куч бағишларди.
Ҳеч кимга сир эмас, 1990 йиллар охири 2000 йиллар боши юртимизда иқтисодий ва маънавий жиҳатдан анча оғир йиллар бўлган. Ўтиш даври эди. Ана шу йилларда мен отамнинг жиддий тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институтига келдим. Аспирантурага кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширдим. У йилларда Ботаника институтидаги лабораториялар бўм-бўш, ходимларнинг сони оз, улар ҳам катта ёшдаги олимлар эди. Геоботаника лабораторияси мен каби ёш олимларга муштоқ, ўз касбини пухта билган маҳоратли ёшлар лабораторияга жуда керак эди. Устоз-олимлар менга хайрихоҳлик билдиришди, билимларини қизғонишмади.
Марҳум профессор Ўринбой Ҳасанов, у кишининг ўғиллари, марҳум Фурқат Ҳасановларни унутолмайман. Академик фандаги биринчи устозим – профессор Тошхон опа Раҳимова бўлди. Устоз билан ҳозирги кунда битта институтда елкама-елка ишлаётганимдан мамнунман. У менинг илмий раҳбарим бўлиб, Наманган вилояти Поп туманидаги Чодак қишлоғи, Чодаксой ҳавзасининг ўсимликлар қоплами, флора таркиби, ўтган 50-60 йил давомида турли хил омиллар таъсирида ўсимликлар қопламида рўй берган ўзгаришларни ўрганишга бағишланган номзодлик диссертациямга раҳбарлик қилди. Меҳр билан ўзидаги билим, салоҳият, имкониятнинг барчасини менга берди.
Устозлардангина эмас, лабораториянинг бошқа ўрта ёшдаги олимларидан ҳам кўп нарсаларни ўргандим. Профессор Ҳабибулло Шомуродов ботаника институтининг энг иқтидорли ёш олимларидан бири эди, ўша пайтда. У мендаги академик фанга бўлган қизиқиш, янги қарашлар, янги бир фандаги ёндашувларнинг шаклланишида устозлар ва менинг ўртамда кўприк бўлган олимдир.
– Сиз тенги олимлар авлоди мамлакатимизда илм-фанга у қадар эътибор кучаймаган даврда шаклланди. Бу даврда кўплаб истеъдодлар илм-фан йўлидан чекинишган. Сиз мана шу мураккаб ва қийин даврни қандай босиб ўтгансиз? Сизда ҳам иккиланиш бўлганми?
– Жудаям ўринли саволни бердингиз. 90-йиллар охири 2000 йиллар бошидаги институтдаги шароит кўз олдимга келди. Ҳақиқатдан ҳам, у пайтда илм-фанга эътибор лозим даражада эмасди. Лабораториялар эскирган, йўналишлар жуда оз, давлатнинг илм-фанга қўйган талаби ёки илм-фандан кутадиган натижаси деярли чекланган, Фанлар Академияси ёки олий таълимдаги муаммолар ечимини топмаётган давр. Иқтисодий танглик лаборатория фаолиятини йўлга қўйишга, илмий экспедицияларни ташкил этишга, илмий мақолаларни хорижий журналларда чоп эттиришга ҳам тўсқинлик қиларди.
Шу боис аксарият олимлар фанни тарк этиб, тижорий йўлга ўтиб кетишган. Айримлари эса чет элларга, Австралия, Канада, Россия, АҚШ, Европа мамлакатларига кетиб қолган. Қийин шароит, моддий-техник базанинг етарли эмаслиги, олимларнинг жамиятда ўз ўрнини тополмаганлиги, уларнинг илмий салоҳиятига талаб бўлмаганлиги албатта, мени ҳам ўйлантирган, лекин иккилантирмаган. Бунга отамни сабабчи қилиб кўрсатаман. Чунки отам мени Фанлар Академияси Ботаника институтига «Фарзандим олим бўлади, академик бўлади», деган ниятда етаклаб келганлар.
Олдимга аниқ мақсадни қўйиб, фандаги масалаларимни муваффақиятли ҳал қилишга, етакчилар қаторида бўлишга ҳаракат қилдим. Илмдан нажот қидирганим хато эмасди. 2002 йилда Чодаксой ҳавзасининг ўсимликлар қоплами ва ўтлоқлари мавзусидаги фан номзоди диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилганимдан кейин менга бўлган эътибор, имкониятлар жуда кенгайган. 2002-2003 йилларда менга бир неча бор Францияга илмий стажировка орқали узоқ муддатга кетиш, ўша ерда замонавий лабораторияларда ишлаш таклифлари тушган. Мен бу таклифларни қабул қилмаганман. Сабаби, Фанлар Академияси ботаника институтидаги муҳит, ботаника фани билан, ўсимликлар хилма-хиллиги, унинг таксономияси, ботаник географияси, камёб, йўқолиб бораётган ўсимликларни муҳофаза қилишнинг илмий асослари билан астойдил шуғулланиш истаги менда кучли бўлган.
Шунинг учун ҳозиргача айтаман, илмда энг муҳими – бу илмий масала, илмий ғоя, унинг назарий, амалий ечими билан шуғулланиш ҳисобланади. Агар кимдир илмда моддий жиҳатларни олдинги қаторга қўядиган бўлса, адашади. Илм орқасидан юриш сизни ҳам маънавий саодатга, ҳам моддий жиҳатдан яхши имкониятларга олиб боради. Фақат унгача сабр қилиш, сиз ҳам фанга нимадир бера олишингиз керак.
– Ўзбекистон биология мактабининг халқаро рейтингини юксалтириш ва бутун жаҳон ботаника фанида муҳим ўрин эгаллаш йўлида катта ишларни амалга оширдингиз. Сизда қайси нуқтада ва қачон айни шу улкан мақсад сари боришга қатъий ишонч туғилди ва бунга нима туртки берди?
– 2002 йил, фан номзоди диссертациясини ҳимоя қилгунимча мен Ўзбекистон ботаника мактабининг халқаро рейтинги тўғрисида ўйлай олмаганман. Чунки бу менинг даражам эмас эди, мен ўйлайдиган, меҳнат қиладиган ёки оддий қилиб айтганда, мен бошимни қотирадиган масала бўлмаган. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганимдан сўнг мен бундан кейин нима билан шуғулланаман, қайси йўналиш бўйича ишлайман, бу йўналишнинг Ўзбекистондаги ҳолати қанақа, халқаро, глобал даражадаги жозибадорлиги ёки унинг илмда ҳал қилиниши керак бўлган масалалари нимадан иборат эканини ўйлай бошладим. Янги йўналиш яна ҳам замонавийроқ, илғорроқ йўналиш тўғрисида ўйлаганимдан кейин бошланган.
Номзодлик диссертацияси ҳимоясидан кейин икки йил давомида Ўзбекистондаги флористика мактаби эришган ютуқлар, унда мавжуд бўлган камчиликлар, ҳал қилиш омиллари ҳақида бош қотирганман. Бу соҳага тегишли бўлган адабиётларни йиғиш, уларни ўқиш ва чуқур таҳлил қилиш билан банд бўлганман. Мана шу ўтган давр ҳаётимда жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Юзлаб адабиётларни ўқиш, уларни таҳлил қилиш орқали Ўзбекистон, Марказий Осиёда мен шуғулланаётган флористика, яъни маълум ҳудуддаги ўсимликлар хилма-хиллигини тадқиқ этишнинг назарий асослари қандай ҳолатда, унинг эришган амалий ютуқлари қандай эканлигини тўла англаб етдим ва бу мен учун жудаям катта платформа вазифасини ўтади.
Мана шу камчиликларни тўлдириш, уни етакчи мактаблар қаторига қўшиш учун дастлабки ҳаракатларни бошладим. Соҳани халқаро рейтингда юксалтиришга қаратилган биринчи қадамларим шундан иборат бўлди. Орадан кўп вақт ўтмасдан аниқ йўналишни белгилаб, Ўзбекистон флорасида етакчи ўрин тутадиган, умуман, Марказий Осиёда алоҳида ажралиб турадиган лола туркумини ўргана бошладим. Чунки Ўзбекистон ва Марказий Осиё глобал миқёсида ёввойи, табиий тарзда ўсадиган лола турларининг бирламчи келиб чиқиши, ген маркази, турлар хилма-хиллиги энг юқори бўлган ҳудуд ҳисобланади. Лекин лола туркумини ўрганувчи олимларнинг аксарияти Ғарб давлатлари, Голландия, Англия, Германиядаги олимлар бўлади. Олдимга қўйган савол ва мени ажаблантирган ҳолат шундай бўлган: «Нима учун турлар хилма-хиллиги – бизда, туркумнинг, лолаларнинг бирламчи келиб чиқиш ген маркази – бизда, лекин етакчи олимлар – Ғарбда?»
Шу савол менга бу масалани бошқача бир ёндашув асосида ўрганиш кераклиги ва лола туркумининг систематикаси, ботаник географияси, камёб турлари, папуляциялар ҳолатини ўрганиш, уларни муҳофаза қилиш борасидаги тадқиқотларнинг маркази айнан Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиё бўлиши керак, Ғарб, Шарқ давлатлари бу борадаги билимларни биздан ўрганиши керак, бу борада биз етакчи бўлишимиз керак, деган фикрни уйғотди.
Ҳар бир олим ўзининг олдига доимо янгиланиб борадиган мақсад ва вазифаларни қўйиши керак. Мақсад-вазифалар серқирра бўлса, кўп жиҳатларни қамраб олса янада яхши. Мен мана шундай серқирра вазифаларни олдимга қўя қолдим ва уларнинг ечимини бир ўзим қидирмадим. Жамоа шакллантириш лозимлигини сездим, аста-секин шогирдлар олишни бошладим.
Албатта, шогирдлар масаласига келганда, яна отам Шарофиддин домлани эслашим керак. Чунки отам фан номзоди илмий унвонига эришганимдан кейин менга, шогирд ол, дедилар кўп марта. Орадан 5-6 йил ўтиб, яъни 2008-2010 йилларда бу энг оқилона маслаҳат бўлганини англадим ва шогирдлар сафини кенгайтирдим. Улар билан Ўзбекистон ботаника фани, жумладан, флористика систематикаси олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун катта кучга айландик. Шогирдларнинг фан номзоди диссертацияси, фан докторлик диссертациясига йўналтириш орқали Ўзбекистоннинг жаҳон ботаника фанида тутган ўрнини кўрсата оляпмиз деб айта оламан.
– Академиклик – энг юксак илмий унвон. Академик бўлиб сайланганингиз ҳақидаги хабарни қаерда, кимларнинг даврасида эшитдингиз? Ўша пайтдаги ҳиссиётларингизни қандай таърифлаган бўлардингиз?
– Бир нарсани мен доим таъкидлаб келганман: ҳеч қачон илмда, илмий жараён, илм билан шуғулланишда қайсидир илмий даражага, илмий унвонга эга бўлишни биринчи ўринга қўймаганман.
Фан номзодлиги диссертациясини ҳимоя қилиш мақсадим бўлган, тўғри. Лекин ундан юқоридаги барча даража – фан доктори илмий даражаси, профессорлик илмий унвони, академик илмий унвони учун курашмадим. Мен учун энг муҳими – бу илмий масалаларни ҳал қилиш, илм ривожига ҳисса қўшиш, шу орқали жамиятда ўз ўрнимни топиш бўлди.
2016 йил сўнггида Ўзбекистон Фанлар Академиясида академикларни сайлаш тўғрисида хабар тарқалди. Мен ўша пайтда академиядаги ёш етакчи олимлар қаторида илмий ислоҳотлар асосида янги, барқарор лойиҳаларни, Ўзбекистонда илм-фаннинг ҳолати тўғрисидаги таҳлилий материалларни тайёрлаш бўйича гуруҳнинг бир аъзоси эдим. Табиийки, менда академикликка сайловлар тўғрисида кўп хабар ва маълумотлар бўлган. Лекин номзодимни танловда қатнашиш учун бермаганман, ариза топширмаганман.
Ўша пайтда давлатимиз раҳбарининг талаби академик олимларнинг мактабини ташкил қилиш бўлди. Илмдаги катта салоҳиятга, етук даражага жамоа билан эришиш мумкинлиги тўғри талқин этилган. Афсуски, ўша пайтда етук, салоҳиятли олимларимизда шогирдлар етарли даражада бўлмаган. Мен икки нафар фан доктори, бир неча нафар фан номзодларининг раҳбари эдим. Табиийки, академик олимларнинг ўртача ёшини пасайтириш, академик фанга, академик мартабага ёш олимларни жалб қилиш деган яхши мақсад, ғоялар, талаблар уларнинг нигоҳини менга қаратди. Натижада ўша пайтдаги фанлар академиясининг раҳбарияти, умуман, Ўзбекистонда илм-фан ривожига қайғурган раҳбарлар мени ҳам номзодлар қаторига қўшишган.
Албатта, сайлов бир неча, техник-илмий босқичлардан иборат. Барча босқичлардан ўтиб, Ўзбекистондаги кимё, биология фанлари бўйича энг етук 30 га яқин олимлар олдида, сўнгги босқич – маъруза босқичига етиб келганимда ва маърузадан кейин ташқарига чиққанимда, академик бўлишим мумкинлигини ҳис қила бошладим. Шууримдан келажакка ишонч ва жамоам билан яна қандай ишларни амалга оширишим тўғрисидаги фикрлар ўта бошлади.
Академик унвони берилиши тўғрисидаги дастлабки хабарни эшитганимда, кўз олдимга отам ва устозларим, уларнинг орзу-умидлари, ишончларини оқлаганим келди. 2010 йилда Ботаника институтида докторлик диссертациясини ҳимоя қилганимда, отам: «Комилжон – менинг бу дунёдаги жаннатим», деган эдилар. Ўша лаҳзаларда отамнинг шу сўзлари яна бир бор қулоқларим остида жаранглади…
– Наманган давлат университети – ботаника фанидаги илмий тадқиқотлар борасида мамлакатимизда энг илғор натижаларга эришган олий ўқув юрти. Бу борада сизнинг таъсирингиз ва амалий ёрдамингизнинг ўрни беқиёс. Умидли шогирдларингиз, бўлажак академиклар ва янги шаклланаётган ботаниклар авлоди хусусида ва ботаника фанининг янги тараққиёт йўли ҳақида ўз мулоҳазаларингизни билдирсангиз.
– Ҳозир илм-фан вакилларига эътибор кучли. Мамлакатимиз ботаника мактабида туб ўзгаришлар содир бўляпти. Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника институти – республикадаги илмий-тадқиқот муассасалари орасида энг илғор институт. 2022 йилдаги расмий рейтингга кўра, Фанлар Академияси 118 та илмий-тадқиқот муассасалари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистонда флористика бўйича шаклланган мактаб сифатида Наманган давлат университетидаги жамоа Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг илғор, энг замонавий илғор жамоа ҳисобланади.
Албатта, 2005-2008 йиллардан бошлаб бунинг учун жуда қаттиқ меҳнат қилинди. Айниқса, Фарғона водийси ўсимликлар хилма-хиллигининг турли хил жиҳатларини ўрганиш орқали фан докторлари ва фан номзодларидан иборат, магистрлар, бакалаврлардан таркиб топган олий мактаб шаклланди. Бу жуда катта ютуқ. Буни хорижнинг нуфузли олий таълим соҳаси вакиллари ҳам эътироф этиб келмоқда. Лекин бу ютуқ бугунги куннинг ютуғи, эртага эскиради. Шунинг учун бундай катта жамоа билан Ўзбекистондаги ботаника институти, Наманган давлат университети, республикамиздаги бошқа барча олий ўқув юртлари илмий-тадқиқот муассасаларидаги ботаник олимлар билан биз янги вазифаларни ўз олдимизга қўйишимиз керак.
Бу вазифалар нималардан иборат? Мамлакатдаги, Ўрта Осиё ёки Осиё минтақасидаги ўсимликлар хилма-хиллигини тадқиқ этиш, уларни замонавий методлар асосида тадқиқ этиш, рақамлаштириш, ахборот технологиялари асосида таҳлил қила олишдан иборат. Ҳозирги глобал даражада 33 та қайноқ марказлар ажратилган, бу қайноқ марказлар ҳали ботаник тадқиқотлар, кўплаб кашфиётларни келтириб чиқариши мумкин ёки оддий сўз билан айтганда, ўсимликлар хилма-хиллиги тўғрисидаги маълумотлар мукаммал даражада рақамлаштирилган эмас. Фан учун янги бўлган ўсимлик турлари кашф этилиши мумкин. Қайноқ марказлар қаторига Марказий Осиёдаги айрим давлатлар киради.
Демак, биз ботаник олимлар жамоаси олдида турган муҳим вазифалардан бири – бу Ўзбекистонда, Марказий Осиёда ўсимликлар хилма-хиллигини, таркибидаги тарқалиши, географик тарқалиши тўғрисидаги маълумотларни янги авлод маълумотлари даражасига етказиш ва глобал даражадаги билимларга интеграция қилиш.
Бундан ташқари, юқоридаги ҳудудлардаги ноёб биологик хилма-хиллик, жумладан, ўсимликлар хилма-хиллигидан оқилона, тўғри фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш, уни келажак авлодга аслидагидек етказиб бериш масаласи ҳам бор. Аҳоли сонининг ошиб бориши, кишилик жамиятининг ривожланиши атрофдаги антропоген омилларни атроф-муҳитга, жумладан, ўсимликлар хилма-хиллигига таъсири қандай кечаётганлигини аниқлаш, қандай сақлаб қолиш мумкинлиги тўғрисидаги масалаларни олдимизга долзарб вазифа сифатида қўймоқда.
Унутмаслик керакки, ботаника, ўсимликлар хилма-хиллигини ўрганадиган фан мавжуд анъанавий методлар, услублар билан ривожлана олмайди. Айниқса, Фарғона водийси шароити, табиий муҳит чекланган, аҳоли сони ортиб бораётган жойда фанга смарт технологияларни олиб келиш, кўпроқ БИГ деталларни шакллантириш, яъни катта маълумотлар ҳажмини шакллантира олиш, уларни чуқур таҳлил қилиш ва кейинчалик кучли мактаблар қаторида қолишининг асосларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун фанга яхши ният билан кириб келаётган олимларни фандаги вазифани тўғри қўя олишга ва янги ютуқларга эришишга, улар орқали илм-фаннинг долзарб масалаларни ҳал қилишга чақираман.
– Келажакда илм-фан ривожида наманганлик олимларнинг ўрни ҳақида қандай орзулар ва тасаввурларни қилиш мумкин?
– Фарғона водийси, жумладан, унинг ажралмас қисми бўлган Наманган қадимдан илм-фан, адабиёт ва ихтирочилар юрти сифатида танилган. Тарих саҳифаларини варақласак, бу диёрдан кўплаб олиму фузалолар, файласуфлар ва тадбиркорлар етишиб чиққанини фахр билан эслаймиз. Бугунги кунда ҳам наманганлик олимлар илм-фаннинг турли соҳаларида юксак ютуқларга эришиб, нафақат республика, балки жаҳон миқёсидаги муаммоларга ечим топишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Наманган давлат университети узоқ йиллардан буён математика ва кимё фанларининг республика миқёсидаги илғор мактаблари билан танилган. Кейинчалик биология ва ботаника йўналишлари ҳам ривожланиб, университет илмий салоҳияти янада мустаҳкамланди. Бу соҳаларда олиб борилган тадқиқотлар минтақавий муаммоларни ҳал қилиш билан бир қаторда, глобал илм-фан ривожига ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Энг қувонарлиси шундаки, 2025 йилнинг ўзида Наманган вилоят ҳокимлиги ташаббуси ва «Нуронийлар» жамғармаси кўмагида олимларни эъзозлаш, уларнинг илмий фаолиятига чуқур ҳурмат бажо келтириш мақсадида вилоят миқёсида қатор тадбирлар ўтказилди. Бу эса Наманганда олимларнинг жамиятдаги ўзига хос ўрни борлигини, уларга эътибор доимо юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Бугунги кун – рақамли технологиялар, иқлим ўзгаришлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби долзарб масалалар даври. Эндиликда ривожланишни фақатгина янги заводлар қуриш ёки ер майдонларини кенгайтириш ҳисобига амалга ошириб бўлмайди. Ресурслари чекланган ҳудудлар учун ягона йўл – ақлли технологиялар, микробиология, генетика, моделлаш ва илмий тадқиқотлар орқали тараққиёт сари интилишдир. Фарғона водийси ўзининг ноёб биохилма-хиллигига эга. Уни сақлаб қолиш, табиат ва жамият уйғунлигини таъминлаш учун илмий ёндашувлар жуда зарур. Айнан илм-фан ёрдамида экологик муаммоларни ҳал этиш, келажак авлод учун барқарор ҳаёт асосларини яратиш мумкин.
Бугун Наманган олимлари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё илм-фан ҳамжамиятининг муҳим бўлаги ҳисобланади. Уларнинг вазифаси – янги авлод олимларини тарбиялаш, илмий мактабларни шакллантириш ва глобал миқёсда рақобатбардош илмий натижаларга эришишдир. Шундай экан, бугун бошланган ташаббуслар эртанги кунга йўл очади. Наманганлик олимлар нафақат ҳудуд, балки мамлакат ва минтақа келажагининг илмий пойдеворини яратмоқда.
– Комилжон Шароффидинович, мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдираман ва илм йўлидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар ҳамроҳ бўлишини тилайман!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.
