Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида «Навбаҳор» ПФКнинг 2026 йилги мамлакат чемпионати олдидан тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, жамоани ва мухлисларни янги мавсум билан табриклади, футболчиларга муваффақият ва зафар тилади.
Жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе раҳбарлигида таркиб деярли тўлиқ янгиланди. Янги мавсумда 15 та тажрибали футболчи жамоага қўшилди, улар орасида миллий терма жамоа аъзоси Ўткир Юсупов ҳам бор. Шунингдек, Россия, Грузия ва Бразилия чемпионатларида тўп сурган тажрибали легионерлар ҳам жамоани кучайтирди.
Тадбир давомида янги футболчиларга спорт формалари ва рақамлари топширилди, мухлислар ва футболчилар учун байрамона руҳ ҳосил бўлди. Жамоа мақсади аниқ: 2026 йилда мамлакат чемпиони бўлиш ва мухлислар ишончини оқлаш.
