Муқаддас Рамазон ойи – нафақат сабр, балки қалбни поклаш, шукроналикни чуқур ҳис этиш, меҳр-оқибат ва саховатни кўпайтириш фаслидир. Бу ойда рўза тутиб, нафсни жиловлашимизгина жоизмас, унга ҳамоҳанг равишда юрагимизни, оиламизни, ён-атрофимизни эзгуликка, яхшиликка тўлдиришга интилмоғимиз лозим…
Чуст тумани бош имом-хатиби Нурулло МАҲКАМОВ билан бўлиб ўтган суҳбатимиз Рамазон ойининг маънавий моҳияти, хайр-эҳсоннинг ижтимоий аҳамияти ҳамда жамиятда шукроналик туйғусини мустаҳкамлаш масалалари мавзусида кечди.
– Рамазон ойини кўпчилик ибодат ойи сифатида қабул қилади. Сизнингча, бу ой инсон ҳаётида қандай бурилиш ясаши мумкин?
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Рамазон – бу фақат оч қолиш ёки чанқоқ юриш эмас. Бу ой инсонни ўз нафсига қарши туришга, сабрни мустаҳкамлашга, қалбини том маънода поклашга ўргатади. Ҳар бир мўмин бу ойда ўзини тафтиш қилиши керак: “Мен кимман? Қандай яшаяпман? Зиммамда кимнинг ҳаққи бор? Ҳалолдан топаяпманми? Қайси қусурларимни бартараф этишим керак?” деган саволларни ўзига бермоғи шарт.
Зотан, Рамазон – ички уйғониш ойидир. Инсон рўза орқали нафақат жисмонан, балки маънан ҳам енгиллашади. Энг муҳими, бу ой қалбдаги ғуборларни ювади, инсонни яхшилик сари ундайди. Агар Рамазон бизни ўзгартирмаса, демак, биз бу ой руҳиятини тўлиқ ҳис қила олмаганмиз…
Рамазонни – имконият ойи деб билсак ҳам, қандай яхши! Инсон ҳеч йўқ йилда бир ўзини, қилаётган ишларини тафтиш қилса, хатоларидан хулоса чиқарса, бундан кейин уни такрорламасликка интилса, мана шу ҳам Рамазоннинг хайрли шарофати ҳисобланади.
– Шукроналик ҳақида кўп гапирамиз. Рамазон шукроналикни қандай тарзда кучайтиради?
– Рўза тутган инсон очликнинг, чанқоқликнинг қадрини ҳис қилади. Шунда у ҳар куни дастурхонида турган неъматлар ва уларни истаган пайт тановул қилиш қанчалик улуғ бахт эканини англайди. Шукроналик тил билан айтиладиган оддий сўз эмас, у қалбдаги эътирофдир.
Рамазон бизга шуни ўргатади: борига қаноат қилиш, йўғига сабр қилиш. Бир бурда нон билан инсон қорни тўйиши мумкинлигини, кунда оч инсонларнинг ҳолини ҳис қилади. Кўнгилда раҳм-шавқат, шукр уйғонади. Шукр қилган инсоннинг қалби эса кенгаяди, нигоҳи ёришади. Шукр – бараканинг ҳам калити. Жамиятда шукроналик туйғуси кучайса, молпарастлик, исрофгарчилик, ҳасад ва ҳаётдан норозилик кайфияти ҳам барҳам топиши, табиий, албатта.
– Рамазон ойида хайр-эҳсон масаласи янада долзарб аҳамият касб этади. Саховатнинг жамиятдаги ўрни қандай?
– Саховат – жамиятни бирлаштирадиган энг кучли ришталардан бири. Рамазонда хайр-эҳсон қилишнинг савоби жуда улуғ. Аммо бу фақат моддий ёрдам эмас. Яхши сўз ҳам эҳсон, кўмак ҳам эҳсон, кимнидир кечириш ҳам эҳсондир.
Муҳтожларга ёрдам бериш орқали биз нафақат уларнинг оғирини енгил қиламиз, балки қалбимизни ҳам поклаймиз, савоб ва дуо оламиз. Хайр-эҳсон қилган инсоннинг ичида бир енгиллик пайдо бўлади. Бу Аллоҳнинг инояти. Рамазон бизни қўли очиқ, бағрикенг бўлишга ўргатади.
Бироқ ёнимиздаги эҳтиёжманд, бемор, кўмагимизга муҳтож инсонларга фақат Рамазон ойидагина эмас, балки ҳар куни эътиборли, эҳсонли бўлишимиз бизнинг иймонимизни мустаҳкам, молимизни эса барокатли қилади. Инсон Рамазон ойида эҳсон қилиб, шу билан менинг бир йиллик гуноҳларим, айбларим ювилди, деган ўйга бориб қолмаслиги керак. Ўзини яхшиликка, тўғриликка, саховатга, ибодатга чоғлаган инсон ўзини ислоҳ қилишни бошладими, ножоиз, гуноҳ ишлардан ўзини тамоман тийиши лозим.
– Юрт тинчлиги учун дуо қилиш масаласи ҳам айниқса, Рамазонда кўпроқ тилга олинади. Бу борада қандай мулоҳазаларни билдира оласиз?
– Тинчлик – энг катта неъмат. Бугунги дунё айвони унинг айрим нуқталаридаги урушлар, низолар, можаролар, вазиятлар боис таҳликали бўлиб турган бир вазиятда бу неъматнинг қадрини янада кўпроқ ҳис қилишимиз керак. Бироқ инсон тинч юртда яшаётганини баъзан унутиб қўяди.
Рамазон ойида қилинадиган дуолар ижобати осон бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз тотувлиги учун дуо қилишимиз зарур. Дуо – мўминнинг қуроли. У ҳаёт йўлларини, яшаш тарзини, тақдирларни ўзгартириши мумкин.
Юрт тинчлиги учун дуо қилиш – ватанпарварликнинг бир кўриниши. Биз дуо қилиб ҳам унинг тинчлигини, мустақиллигини муҳофаза қилинишига ҳисса қўшишимиз мумкин. Унутмайлик, тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади, маърифат бўлади, ибодат эмин-эркин адо этилади. Тинчликнинг нақадар улуғ бахт, толе, саодат эканлигини юракдан ҳис қилайлик, шукр қилайлик, дуо қилайликки, мусаффо осмонимизга, осойишта ва ҳаловатли ҳаётимизга асло кўз тегмасин!
– Рамазон ойида беморлардан хабар олиш, уларнинг ҳолидан огоҳ бўлишга даъват этилади…
– Дарҳақиқат, Рамазон бу фақат ибодат билан чекланадиган ой эмас, балки инсонийлик синовидан ўтиладиган фасл. Айниқса, дард билан курашаётган инсонларнинг ҳолидан хабар олиш бу ойда янада катта савобга эга амал ҳисобланади.
Бугун шифохоналарда, уйларида дард чекиб ётган юртдошларимиз бор. Улар учун бир оғиз ширин сўз, бир неча дақиқалик ҳол-аҳвол сўраш ҳам катта далда бўлади, кўнгилларига ёруғлик ва умид бағишлайди. Кўпинча бемор инсон моддий ёрдамдан кўра кўпроқ эътибор ва меҳрга муҳтож бўлади.
Бемор ҳолидан хабар олиш – бу шунчаки расмият эмас, балки қалб масаласидир. Кимнингдир дардини енгиллаштиришга сабаб бўлиш, унинг умид-ишончини уйғотиш – энг улуғ хайр-эҳсон амали. Рамазон биздан айнан шуни талаб қилади: бефарқ бўлмасликни. Истардикки, бундай эзгу жараён йил давомида мунтазамлик касб этса…
Бир сўз билан айтганда, агар жамиятда соғлом инсонлар дардмандларга суянч бўла олса, ўртадаги меҳр-оқибат кучайса, ўзаро ишонч мустаҳкамланади. Бу эса тинчлик ва тотувлик, ҳаётдан розилик, яхшиликнинг кенг ёйилишида мустаҳкам пойдевор бўла олади.
– Суҳбатимиз якунида юртдошларимизга Рамазон ойи тилакларингиз бўлса, билдириб ўтсангиз?
– Аввало, ҳар бир хонадонга тинчлик ва барака тилайман. Рамазонни ғанимат билайлик. Бир-биримизни ранжитган бўлсак, кечирим сўрайлик. Қалбимизни ҳасад ва ғийбатдан поклайлик.
Кўпроқ хайр-эҳсон қилайлик, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олайлик. Энг муҳими, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун чин қалбдан дуо қилайлик. Рамазон – ниҳоятда қадрли, қадами қутли меҳмон. Уни қандай кутиб олиб, қандай кузатиш эса ўз қўлимизда. Аллоҳ барчамизни бу муборак ой фазилатларидан баҳраманд этсин!
- Қисқа ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Хайрли амалларда ва фаолиятда сизга ҳам Аллоҳ қувват берсин!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.
