32 ташаббус — ёшлар сиёсатида янги стратегик босқич

24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти доирасида 32 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Ушбу таклифлар мазмун ва қамров жиҳатидан мамлакат ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.

Бугун глобал миқёсда илм-фан, рақамли технологиялар ва инновацион иқтисодиёт ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Рақобат кучайган шароитда мамлакатларнинг устунлиги, аввало, инсон капитали сифати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ёшларга инвестиция киритиш  бу ижтимоий харажат эмас, балки стратегик сармоядир.

Очиқ мулоқот доирасида ҳар пайшанба куни вазирлик ва идораларда «Ёшлар куни»ни ўтказиш амалиёти жорий этилиши давлат бошқарувида янги ёндашувни англатади. Бу орқали ёшлар муаммолари тизимли равишда кўриб чиқилади, таклифлар эса қарор қабул қилиш жараёнининг ажралмас қисмига айланади. Натижада давлат ва ёшлар ўртасидаги мулоқот институционал асосга қўйилади.

Иқтисодий йўналишда қабул қилинган қарорлар алоҳида эътиборга молик. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши, имтиёзли ва гаровсиз кредит механизмларининг кенгайтирилиши иқтисодий фаол ёшлар қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Бу маблағлар орқали ёшлар фақат иш билан таъминланувчи субъект эмас, балки янги иш ўринлари яратувчи ва иқтисодий ўсиш драйверига айланиши кўзда тутилмоқда.

Инновацион стартаплар учун 100 минг долларгача инвестиция киритиш имконияти яратилиши мамлакатда инновацион экотизимни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим механизмдир. «Янги авлод тадбиркорлари» дастури доирасида халқаро нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ёшларнинг глобал билим ва тажрибага эга бўлишига хизмат қилади. Бу маҳаллий ташаббусларни жаҳон бозори талаблари даражасига олиб чиқиш имконини беради.

Таълим соҳасидаги янгиланишлар ҳам амалий характерга эга. «Менинг биринчи касбим» дастури орқали битирувчиларни стажировка билан таъминлаш механизмининг кучайтирилиши, техникумларда стартап фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир туманда замонавий касб-ҳунар лабораторияларини ташкил этиш назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган. Замонавий меҳнат бозори шароитида диплом эмас, амалий кўникма ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани инобатга олинса, бу ислоҳотларнинг стратегик аҳамияти янада яққол намоён бўлади.

Ёшлар сиёсати иқтисодий ёки таълим йўналиши билан чекланмайди. Волонтёрлик ҳаракатини молиявий рағбатлантириш, китобхонлик маданиятини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар учун ипотека енгилликларини жорий этиш каби чоралар ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ёндашув ёшларни жамият тараққиётининг фаол иштирокчисига айлантиришни кўзлайди.

Наманган вилояти мисолида ҳам мазкур имкониятлар кенг истиқбол эшикларини очади. Илм-маърифат ва тадбиркорлик анъаналарига эга ҳудудда янги молиявий ва таълим механизмларининг ишга тушиши ёшларнинг ташаббусини амалий натижага айлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Эндиликда асосий масала  қабул қилинган ташаббусларнинг амалда самарали ижросини таъминлаш ва уларнинг натижадорлигини аниқ мезонлар асосида баҳолашдан иборат.

32 ташаббус мазмунидан англашиладики, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг алоҳида йўналиши эмас, балки миллий тараққиёт стратегиясининг «қалбига» айланмоқда. Ёшлар билимли, ташаббускор ва фаол бўлса мамлакатнинг рақобатбардошлиги ортади, иқтисодий ўсиш барқарор тус олади.

Озодбек ОБИДОВ,
Андижон давлат университети талбаси.

.