Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли – биз учун, ёш авлод учун жуда катта, беминнат, бебаҳо ибрат мактаби. Сўз мулкининг султони фақатгина мана шу таърифга муносиб эмас, балки одоб-ахлоқда бутун инсониятга ибрат бўлгулик.
Яхши биламиз, Алишер Навоий – кучли илм-идрок соҳиби, шунингдек, юқори мансаб эгаси, мамлакатнинг вазири эди. Бироқ шунга қарамай, у ҳаётда ниҳоятда камтарин-камсуқум инсон бўлган. Бу фикримизни унинг Ҳиротдаги Хожа Абдулла Ансорий хонақоҳида жорубкашлик (супурувчилик) қилганининг ўзиёқ тасдиқлайди. Шоир умрининг сўнгига қадар ушбу хонақоҳни озода тутишга, шахсан ўзи супуриб-тозалашга, обод қилишга ҳаракат қилган. Меҳнатдан ор қилмаган, асло кибрга берилмаган…
Айтинг, бугун қай биримиз юқори лавозим эгаси бўлатуриб, бирон жойда супурувчилик қила оламиз? Аксариятимиз идора тугул, уйимизда ҳам қўлимизни совуқ сувга урмаймиз, бу иш менга ярашмайди қабилида иш тутамиз…
Навоий инсонда сабр, тавозе, ҳилм (мулойимлик) бўлишига ва унда мана шу фазилатларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Буларни комилликнинг муҳим белгиси, зеб-зийнати, зиёлилик ва баркамолликнинг ифодаси деб билган. Ҳилм, яъни мулойимликни “одамийлик оламининг жавоҳирлиғ тоғи” (“Маҳбуб ул-қулуб”) деб ҳисоблаган:
Комилда керак ҳилм хаёли, билгил,
Ким ҳилмдадир илм камоли, билгил.
Бугун атрофга назар ташласак, қўл остидагиларга, аҳли оиласига ва бошқаларга қаттиқ-қаттиқ сўзлаётганларни истаганча учратамиз. Ўзимиз ҳам бироз нохуш ҳолатларда жуда осонлик билан мулойимлик чегарасини бузиб ўтамиз. Энг ёмони, мулойимлик – аёл-қизларимизга кўпроқ хос бўлган ҳолатда улар ҳам кўча-кўйдаю оилада буни унутиб қўймоқдалар…
Зотан, ҳазрат эътироф этадиларки:
Сўз қаттиғи эл кўнглини озор айлар,
Юмшоғи кўнгулларни гирифтор айлар.
Дарвоқе, Навоий одоб-ахлоқ инсонни ҳурмат-эътиборга сазовор этувчи энг муҳим ва ягона қоида деб билади. Унинг тарбияга оид “Муншаот” асарида 104 та мактуб мавжуд. Уларни мавзусига кўра, тахминан тўрт турга: яъни, табиатни тасвирлашга қаратилган матнлар, шоҳ Ҳусайн Бойқарога давлат ишларида кўмаклашиш мақсадида битилган матнлар, ўз ижодий фаолияти ҳақида Ҳусайн Бойқарони хабардор этиб туриш, панд-насиҳат ва тарбиявий мазмундаги матнларга бўлиш мумкин.
Мактубларда шоир мамлакат шоҳини китоб ўқишга, мактаблар бино қилишга, мактуб ёзишда унинг шакл жиҳатидан аниқ ва тартибли, сўзлари изоҳланган, маъноли бўлишига диққат қаратишга даъват этади.
Қолаверса, Навоий “Хамса”сининг илк достони “Ҳайрат-ул аброр”, ўз-ўзини тарбиялаш ва тавба-тазарруга йўлловчи “Вақфия”, “Лисонут тайр” каби асарларида жуда кўп ҳикматлар битилган. “Сени ёмонликка бошлаган одам душманингдир”, дея уқтирилади “Ҳайрат-ул аброр”да.
Бордур инсон зотида онча шараф —
Ким ямон ахлоқин этса бартараф.
Бизга маълумки, шоир умрининг охирларида 1500 йил сўнгида ёзиб тугатган “Маҳбуб ул-қулуб” асари дунёнинг аччиқ-чучугини кўрган, гоҳо “комронлиғ” (бахтиёрлик), гоҳо “нотавонлиғ” (бахтсизлик) топган шоир ва мутафаккирнинг 60 йиллик ҳаётий тажрибаларининг ўзига хос якуни эди. Унда тарбиянинг асосий негизлари ўз ифодасини топган.
“Маҳбуб ул-қулуб”нинг учинчи қисми “Мутафарриқа фавоид ва амсол сурати” (Ҳар хил фойдали маслаҳатлар ва мисоллар, ҳикматлар, танбеҳлар) деб номланган. Асарнинг ушбу қисмда Навоий тўғридан-тўғри ўқувчига мурожаат этиб, турли панд-насиҳатлар ва ҳикматлар воситасида уларга маънавий камолот сирларини очиб беради. Асарда улар “танбеҳ” номи билан аталиб, жами 127 та танбеҳ келтирилган…
Мен Алишер Навоий асарларини таҳлил қилишга ожизман. Бироқ айтадиган хулосам шуки, фарзанд ва ёш авлод тарбиясида Навоий асарлари, унинг маънавий мероси – биз учун баҳоси йўқ қўлланма бўлиши мумкин. Фарзандларимизга улар жуда кичиклигидан Алишер Навоийни танитсак, унинг асарларидаги комиллик моҳиятини англатиб борсак, ўйлайманки, эртанги кунимизни чин маънода баркамол шахслар қўлига ишониб топшира оламиз.
Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ.
