Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Жанубий Кореянинг “Ecofarm Global Co.” компанияси раҳбари Лим Санг Ҳвани қабул қилди. Учрашув давомида компания томонидан амалга оширилиши режалаштирилган икки йирик лойиҳа муҳокама қилинди.
Биринчи лойиҳа Наманган – Тошкент йўналишида замонавий Карвонсарой, савдо маркази, ресторан, дам олиш маскани ва автотураргоҳ барпо этишни ўз ичига олади. Лойиҳа Чуст туманидаги «Фарғона ҳалқа автомобил йўли А-373» ҳудудида 7 гектар майдонда амалга оширилади. Лойиҳанинг қиймати 5 миллион доллар бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилади. Марказ йилига 100 минг йўловчига хизмат кўрсатади ва натижада 50 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳа 2025 йилнинг тўртинчи чорагида ишга тушиши кутилмоқда.
Иккинчи лойиҳа эса замонавий логистика маркази ва темир йўл терминали қуришдан иборат. Бу лойиҳа Наманган вилояти Чуст туманидаги «Наманган Эркин Иқтисодий Зонаси»да 10 гектар майдонда жойлашади. Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлиб, паст ҳароратли омборхоналар ва йўловчилар учун темир йўл терминали барпо этилади. Бу марказ йилига 100,0 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга ва 100 та иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2025 йилнинг тўртинчи чорагида, иккинчи босқичи эса 2026 йилнинг тўртинчи чорагида ишга тушади.
Икки лойиҳа ҳам Наманган вилоятининг транспорт ва савдо инфратузилмасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати