Таълим тараққиётнинг янги босқичига кўтарилади

Янгиланаётган Ўзбекистон ўз номи билан янги йилга янгича ёндашувлар билан кириб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилни – «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили»да амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони лойиҳаси  бугун кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Ҳозирги вақтда мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш ҳамда янги таклифларни эътиборга олиш бўйича муносабатлар билдирилмоқда.

Давлат дастури лойиҳасига эътибор қаратсак, барча устувор йўналишлар бугунги  кунда мамлакатимиз тараққиёти учун зарур ва ўз вақтида амалга оширилиши лозим вазифалардир.

Асосий мақсад – Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, ўсиб келаётган ёш авлодга замонавий билим ва ҳунар эгаллаш, шунингдек, бу мақсадларга эришиш йўли учун танланган вазифа таълимга берилган эътибор эканлиги билан ғоятда аҳамиятли ҳисобланади.

Дастурда мамлакат тараққиёти учун муҳим саналган таълимнинг барча соҳасига замонавий ислоҳотларни қўллаш ва бу билан таълимни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган вазифалар ҳар бир инсонни беҳад мамнун қилади.

Айниқса, таълим тизимига, таълим берувчи ва таълим олувчига берилаётган эътибор улар манфаатларининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборлидир. Таълим тизимининг  моддий-техника базасини янада ривожлантириш, уйда таълим олаётган ўқувчилар учун электрон ва видеодарсликлар яратиш ҳамда уларга таълим билан мустақил шуғулланишлари учун қулай муҳит ва шароитлар яратиш каби вазифаларнинг амалга оширилиши маънавий-маърифий йўлдаги энг улуғвор қадам саналади.

Дастурдаги таълим муассасалари учун янги номдаги  дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китобларини яратиш ва унинг амалиётга жорий этилиши таълимни янги босқичга олиб чиқишда, ёш авлодни замон билан ҳамнафас тарбияланишида катта аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Давлат дастурининг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши бевосита халқ фикри ва мулоҳазалари билан бойитилиши бугунги кундан миннатдор халқимизнинг хоҳиш-иродаси сифатида кўришимиз мумкин. Бундай эътиборга жавобан, ташаббус ва таклифлар билдириш орқали бугунги жаннатмакон юртимиз тараққиётининг пойдеворини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўша оламиз.

Иброҳим Атамирзаев,
Наманган давлат университети
Юридик факультети декан ўринбосари.