Наманган давлат университети ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Таълим соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва ҳамкорликда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида Наманган давлат университети делегацияси  Ботирали Сиддиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университетига  ташриф буюрди.

Ташриф давомида икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди. Бу жараёнда ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш, илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш, қўшма халқаро илмий ва амалий конференциялар ташкил этиш, профессор ўқитувчилар ва талабаларнинг мақсадли алмашинувларини йўлга қўйиш каби  масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Наманган давлат университети ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Учрашув якунида Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ректори Абдилбает Мамасидиков ўзаро ҳамкорлик келишув шартномасини имзоладилар. Ушбу битим келгусида университетлар ўртасида илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастури орқали ҳар икки университет тажрибасини ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш ва халқаро таълим тизимига мослашиш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу ҳамкорлик нафақат университетлар ривожига, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам катта ҳисса қўшиши, шубҳасиз. Профессор-ўқитувчилар учун эса бу янги методикаларни жорий этиш ва илмий изланишлар олиб бориш йўлида муҳим қадам бўлади.

Наманган давлат университети ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Дарвоқе, олий таълим тизимининг халқаро миқёсда интеграциялашуви – бугунги кун талаби. Шу сабабли Наманган давлат университети ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ўртасидаги янги босқичга кўтарилаётган яқин ҳамкорликни таълим сифати ва илмий тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори дея баҳолашимиз мумкин.

Азалдан қардош, дунёқараши, эзгу орзу-мақсадлари ўхшаш икки давлатнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари ҳамкорлигининг амалий самараси кутилганидек натижаларни беришига ишонамиз.