Теракнинг оқсимон тугунчалари: баҳорги аллергияларнинг бошланиши

Терак дарахти юртимизда кенг тарқалган бўлиб, баҳор фаслида, айниқса апрел ва май ойларида, у чиқарадиган оқсимон, енгил тугунчалар (халқ орасида «пахта» деб аталади) ҳавода кенг тарқалади. Ушбу тугунчалар чиройли кўринса-да, аслида соғлиқ учун муайян хавф туғдиради. Айниқса, урбанизациялашган шаҳарларда бу ҳолат аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Аллергик реакциялар: поллиноз ва конъюнктивит

Баҳор мавсумида кўпчиликда кузатиладиган бурун оқиши, аксириш, қичиш ва кўз қизариши каби аломатлар – бу терак тугунчаларига нисбатан аллергик реакциядир. Тиббий тил билан айтганда, бу ҳолат поллиноз ёки мавсумий аллергик ринит деб аталади. Бундай вақтда бурун битиб қолади, доимий аксириш пайдо бўлади, кўзлар қичийди ва ёш оқаради. Баъзида бу ҳолат аллергик конъюнктивитга ҳам сабаб бўлади.

Бундай ноқулайликлардан сақланиш учун аллерголог кўрсатмаси асосида антигистамин препаратлар, бурун ва кўз учун мўлжалланган махсус томчилар қўлланилиши керак.

Бронхиал астма ва нафас олиш қийинлиги

Айрим одамларда бу тугунчалар бронхиал астмага ўхшаш белгиларни келтириб чиқариши мумкин. Нафас олишда қийналиш, айниқса кечаси ва эрта тонгда кучаяди. Бу ҳолат бронхиал йўлларнинг аллергенларга жавобан торайиб қолиши билан боғлиқ. Бу турдаги ҳолатда шифокор тавсиясига биноан инҳаляторлар – бронходилататорлар ёки енгил стероидли воситалардан фойдаланилади.

Терига салбий таъсири: дерматологик муаммолар

Терак тугунчалари баъзида тери билан бевосита алоқада бўлиб, контакт дерматит ёки атопик дерматит каби тери касалликларини қўзғатади. Бу ҳолатда терида тошма, қичишиш, қизариш пайдо бўлиши мумкин. Бундай шикоятлар билан дерматологга мурожаат қилиш ва яллиғланишга қарши малҳамлардан фойдаланиш керак бўлади.

Олдини олиш чоралари

Аллергик ҳолатлардан сақланиш учун қуйидаги оддий, аммо самарали чораларни кўриш тавсия этилади:

Шамол кучли кунларда дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш.

Хонада ҳаво тозаловчи қурилмалардан ёки филтрли кондиционерлардан фойдаланиш.

Кўчадан қайтгач, кийим ва сочни алмаштириш ёки ювиш.

Уй ичида нам мато билан тозалаш ишларини тез-тез бажариш.

Тиббий маслаҳат ва даволаниш йўллари

Агар сизда ҳар баҳор айни шу симптомлар қайта такрорланса, аллерголог шифокорга мурожаат қилишингиз лозим. Махсус тестлар орқали сизга таъсир қилувчи аллергенлар аниқланади ва шунга мос даво белгиланади. Антигистамин дори воситалари, инҳаляторлар ва бурун спрейларидан тўғри фойдаланиш орқали аломатларни енгиллаштириш мумкин. Зарурат бўлса, иммунотерапия усули – яъни аллергенларга танани аста-секин ўргатиш орқали узоқ муддатли ечимга эришилади.

Хулоса ўрнида

Терак дарахтининг табиатдаги ўрни беқиёс бўлса-да, унинг чиқарадиган тугунчалари шаҳар аҳолиси, айниқса аллергияга мойил инсонлар учун муаммо туғдириши мумкин. Соғлигингизни асраш учун эҳтиёт чораларини кўриш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва тиббий маслаҳатга амал қилиш лозим. Ўз вақтида чора кўрилса, бу муаммони енгиш мумкин.

Шоҳруҳ МУҲИТДИНОВ,
Наманган давлат университети
тиббиёт факультети талабаси.