Бир мактаб - учта юксак натижа: IELTS’да 8 ва ундан юқори балл!

Наманган шаҳридаги 7 умумтаълим мактабида қувонарли воқеа қайд этилди. Ушбу таълим даргоҳининг уч нафар иқтидорли ўқувчиси халқаро IELTS имтиҳонида юксак натижаларни қўлга киритди. Хусусан, Нурбек Нуриддинов 8,5 балл, Райҳона Маҳмудова ва Анваржон Тожиаҳмедовлар эса 8 балл тўплашга муваффақ бўлишди.

Бу натижалар юртимизда чет тилларини ўрганишга қаратилаётган изчил эътибор, мактабдаги сифатли таълим ва ёшларнинг билимга бўлган чанқоқлиги самарасидир. Эътиборлиси, ушбу ўқувчилар айни пайтда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш билан бир қаторда, ўқув марказларида тенгдошларига сабоқ бериб, ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бир мактабдан учта юксак натижа бу тасодиф эмас. Бу меҳнат, интилиш ва яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишнинг ёрқин ифодасидир. Бундай ютуқлар кўплаб ёшлар учун илҳом, устоз ва ота-оналар учун эса ҳақиқий фахр манбаидир.