Наманган вилоятида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида ҳудудни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улар доирасида «Ақлли шаҳар», «Ақлли университет» ва «Ақлли мактаб» тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Давлатобод туманида жойлашган Наманган Давлат техника университети ҳудудида сунъий интеллект лабораторияси негизида «Ақлли марказ» ташкил этилади. Мазкур марказ орқали шаҳар инфратузилмасини ягона рақамли платформа асосида бошқариш йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида 200 мингдан ортиқ видеокамера ёрдамида жамоат хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, коммунал хизматлар, чиқиндилар ва муҳандислик тармоқлари сунъий интеллект орқали доимий мониторинг қилинади. Шу билан бирга, марказда 50 дан ортиқ иш ўрнига эга АйТи компаниялар фаолият юритиши кўзда тутилган.
Таълим соҳасида ҳам рақамлаштириш ишлари жадаллаштирилиб, Давлатобод туманидаги 52 умумтаълим мактаби босқичма-босқич «Ақлли мактаб» моделига ўтказилади.
Ушбу «ақлли» ташаббуслар Наманган вилоятининг рақамли ривожланишида муҳим қадам бўлиб, ҳудудни инновацион марказга айлантириш ҳамда таълим сифати ва шаҳар бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
