2024 йил - ёшлар, илм фан ва инновацияларни тизимли ривожлантириш йили бўлади

post-title

Халқимиз янги орзу-умидлар ила 2024 йилга қадам қўйди. Юртимиздаги тинчлик, ҳаётимиздаги тўкинлик, фаровонлик, эришган ютуқларимиз боис 2023 йилни ёруғ юз ва хотиржамлик билан тарих қаърига кузатиб қўйдик. Бугун кексаю ёш юз-кўзида қувонч, қалбларда байрам сурури. 
Кеча соат миллари тунги 12 га  бонг уриши арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига байрам табригини йўллади. Табрик ва унда билдирилган самимий тилаклар ва эътирофлар кўп миллатли, тинчликсевар халқимиз юрагига зўр қувонч ва мамнунлик бағишлади.
Дарҳақиқат, табрикда таъкидланганидек, «2023 йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди... Тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишни бошладик.
Кўплаб нуфузли анжуманларни юқори савияда ўтказдик. Халқаро майдонда муҳим ташаббусларни илгари сурдик. Барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришдик...  Биргаликдаги меҳнатимиз туфайли Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда». 
Давлатимиз раҳбари барча эришган ютуқларимиз учун ватандошларимга чин дилдан миннатдорлик билдирар экан, 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинганини маълум қилди. 
Янги йилга бундай ном берилгани биз - олий таълим тизими вакилларини ҳам ниҳоятда қувонтирди. Чунки ёшлар - илм-фан, янгилик яратувчилари, тараққиётимиз йўлида ҳал қилувчи кучдир. Бизнес эса - кучли иқтисодиёт асоси. 
Президентимиз ўз табригида янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш янада кучайтирилишини таъкидлаб, «Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади», дедилар. 
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилиши, хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилиши, ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарилиши, мухтасар айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятлар тўлиқ сафарбар этилишини баён этиб ўтдилар. 
Бу фикрлар халқимизни, барча соҳа вакилларини ниҳоятда қувонтирди. Зотан, буларнинг барчаси инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда том маънода эзгулик тантана қилаётганидан далолатдир. Юртдошларимиз кўнглидаги шукроналик, шодлик, хотиржамлик, эртанги кунга бўлган ишонч эса фикримиз исботи бўла олади. Қадам қўйган янги йилда ҳам биргаликда, янги куч-шижоат билан, фидойилик билан ҳаракат ва меҳнат қилсак, олдимизга қўйган мақсадларимизга, албатта, эришамиз. Янги йил ёшлар имконияти учун янги уфқларни очиб бериши, шубҳасиз. Биз эса уларни етук мутахассис бўлиб шаклланишлари йўлида бор куч ва имкониятларимизни сарф этамиз.
 

Собитхон ТУРҒУНОВ, 
Наманган давлат университети ректори.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга