Наманганда ҳаёт тубдан ўзгаради

post-title

Бунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига жиддий киришмоғимиз керак!

 

Наманган – бошқа вилоятларга нисбатан имкониятлари кенг вилоят. Серсув, ҳосилдор ерларимиз кўп. Халқимиз ҳам меҳнаткаш, тадбиркор, ҳунарманд. Уларнинг меҳнати ва фидойилиги билан Наманганда ҳаёт ўзгармоқда. Ўтган 7 йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етди. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилди.

Айни пайтда эса мана шу имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш борасида янги қадамларни ташлаш, ҳар соҳада масъулиятни янада ошириш вақти келди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25-26 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида худди шундай далиллар асосида қатор соҳалар таҳлил қилинди ва ниҳоятда долзарб вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бирга, Наманганда мавжуд салоҳият ва имкониятларни тўлиқ ишга солиниши бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Жумладан, Президентимиз томонидан масъулларнинг ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Сайхунобод мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди. 

Бу – жуда катта эътибор ва имконият. Баъзи хонадонлар, маҳаллалар ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётганига, мавсумда ердан бир неча маротаба ҳосил олишга эришаётганига гувоҳмиз. Аксар маҳаллалар деҳқончиликни ўз драйверига айлантиришга ҳам улгурган. Бироқ бугунги кунда яратилган имкониятларга нисбатан буни етарли эмаслиги ҳам бор гап. Давлатимиз раҳбарининг 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашиш мақсадида етарли миқдорда кредитлар ажратилиши ҳақидаги кўрсатмаси минглаб оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари томонидан шаҳар ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, аҳоли зичлиги катта бўлган Наманган вилоятида уй-жой қуриш ишларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, икки йил олдин 1 минг 203 гектарда 200 минг аҳоли учун “Янги Наманган” шаҳри қурилиши бошланган. Жорий босқичда 20 минг хонадонли турар-жой, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, шунингдек 68 гектарда “Янги Ўзбекистон боғи” қурилиши бошланади. Шунингдек, Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишига старт берилади. 

Бу аҳолиси жадаллик билан кўпайиб бораётган, миллионинчи шаҳарлар қаторидан ўрин олаётган Наманган учун айни муддаодир. Бунёдкорликлар кўплаб ёшлар ва ёш оилаларни нафақат иш билан, балки турар-жой билан ҳам таъминлайди. 

Эндиликда вилоятимизда туризм соҳаси ҳам ривожланади. Президентимиз маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кескин ўсиши учун транспорт соҳасида имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солиш лозимлигини айтиб ўтди. Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темир йўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиа рейсларни кўпайтириш топширилди. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темир йўл рейслари, “Наманган-Поп-Чодак” йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилиши таъкидланди.

Бу борада белгилаб берилган вазифалар тўлақонли амалга оширилиши керак. Мазкур жараёнда туризм соҳаси учун етарли даражада мутахассислар тайёрлаш вазифаси туғилади. 

Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда таъкидландики, вилоятда 6 та давлат ва 3 та хусусий олийгоҳ бор. Улар ичида етакчи бўлган Наманган университетидаги 71 та таълим йўналиши 56 тага камайтирилиб, янги адабиётлар билан тўлиқ таъминланади. Таълим сифатини ошириш учун ўқув дастурлари янгиланади, деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда кўрсатиб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Наманган давлат университети ҳам муайян чора-тадбирларни белгилаб олди. Технология, биотехнология, тупроқшунослик, сув ресурслари, туризм каби қатор йўналишларда кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини янада ошириш бўйича дастлабки қадамлар ташланди. Айни пайтда университетда таълим йўналишлари классификатори, малака талаблари кўриб чиқилиб, қўшимча таклифлар тайёрланмоқда. 

Қолаверса, ташриф жараёнида вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази тарқоқ ҳолда 6 та туман ва шаҳарда жойлашгани, оқибатда беморлар бир шифохонадан иккинчисига сарсон бўлиб, ортиқча пули ва вақтини сарфлаётгани, шу боис бу 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилиши таъкидланди. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну-кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилди. 

Шунингдек, мамлакатимизда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил қилишга кўрсатма берилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш, телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Маълумки, бу вазифалар ҳам бизнинг фаолиятимизга дахлдор. Университетда ҳозирда бир неча йўналишда тиббиёт ходимлари тайёрланмоқдаки, юқоридаги вазифаларнинг ижроси тиббиёт соҳасига етук кадрлар тайёрлашни тақозо этади. Ҳозирги кунда университетдаги мазкур йўналишларда таҳсил олаётган талабаларнинг назарий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида амалиёт ўташлари учун кўпроқ имконият бериш, лаборатория жиҳозларини янада кўпайтириш, малакали тиббиёт ходимларини ўқув жараёнига жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Булар давлатимиз раҳбари ташрифи чоғидаги таҳлиллар ва вазифаларнинг айримлари, холос. Президентимиз томонидан айтиб ўтилган фикрлар, таклифлар, топшириқлар аслида Наманган вилоятининг бугуни, эртаси ва келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Агар ҳар биримиз ўз вазифамизга виждонан ёндашиб, шижоат билан меҳнат қилсак, кўзлаган мақсадларимиз ва муваффақиятларга тўлақонли эришамиз.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,

Наманган давлат университети биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга